Блог: Олтин ўрта йўл

Марҳум Ислом Каримовнинг рақс тушган пайти Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

3 сентябр куни "Тушкунлик даври ўтдими?" номли мақола ёзган эдим. (Орада, 27 сентябр куни мутафаккир Рауф Парфига эҳтиром учун хотирасини мақолада ёд этдим.)

Бугунгача ҳар кун қуйида битилаётган мақолани ёзаман деб уриндим: ҳар кун ушбу мақоланинг ҳар хил шакли хаёлимда айланди. Мақола ғоясида ёруғлик кўринмади. Ҳар кун бир кун такрорланади, бу эса дўзах азоби. Айтишларича, дўзахда шундай бўлар экан, яъни - ҳеч қандай ўзгариш бўлмасмиш: ҳар кун бир кун такрорланар экан. Жамият ҳаётига жамия ичида туриб баҳо бериш қийин масала, объективлик бўлмайди. Марҳумлар каби реалликнинг кўзига тўқнаш келиш учун эса ўлиб кўриш керак. (Айтишларича, орифлар бизларнинг кўзимизга кўринмаган дунёларни ҳам ботин кўзлари билан кўришар экан. Аллоҳнинг лутфи билан, албатта.) Жамият онг остини кўриб унга баҳо бериш учун ҳеч бўлмаса, киши ўзидаги пафосдан соқит бўлиш керак. Мутафаккирларнинг айтишича, аслида бу ҳам қийин масалан аммо иложи бор экан.

Марҳум президентнинг тамойилларини-консептини ўрганиш баҳонасида раҳматли бўлсиннинг руҳиятини ўрганмоқчи ҳам бўлдим. Агар чин дилдан меҳнат қилсангиз, Фикр пардаси ортидан ҳар қандай руҳият эгаси сизга ёрдам бериб бошлайди. Биринчи президентнинг бош тамойили "Ҳеч ким (давлат қурилишига) аралашмасин, менинг ўзим биламан" эди. Натижада унинг сиёсати реаллик билан эмас мавҳумлик билан муомалага киришди, тасаввур қилинг: шахмат ўйинида рақибингиз йўқ- қарши томон фигуралари ҳаракатини ўзингиз белгилайсиз. Мақсад, маъно нима бундан. Реаллик билан юзма-юз келмасликми? Маънони президент ўлими санаси кўрсатиб тургандай, 2 сентябр. Биз мустақилликка эришдик-да, эртаси куни жамият- биз музлатиб қўйилдик.

Сивилизасия, маданият деган тушунчалар ва бу сўзларнинг орқаси-ҳақиқати бор. Биз бу тушунчаларнинг расмини -юза қисмини тушунамиз, холос. Жамият тараққиётининг мотори Фикр ҳисобланади, албатта, буни бутун дунё билади. Ва ҳар қандай маданиятли мамлакат коинотнинг бу қонуниятига амал қилади. Ғарб мамлакатлари 15 асрдан кейин фикр тараққиётида ИЗЧИЛ- узлуксиз- тўхтовсиз музлатилмай ривожлана бошлади. Айниқса, 20 асрга келиб экзистенсиализм, модернисм, постмодернисм ва кейинги ғоя абсурдизм ва нисбийлик назарияси, квантмеханикаси санъат, фалсафа, фан , сиёсат орқали жамиятда воқеликка айланди. Энди эса ғарб ҳаётида фикр тараққиётининг янги Астро даври бошланмоқда, бошланди ҳам. Нисбийлик назариясини Астро давр ортда қолдириб янги ғоя кашф қиладими? Бу савол сивилизасиянинг кун тартибидаги саволи -фикрлаш тарзи бўлиб турибди, албатта. Тирик, маданиятли жамиятларнинг моҳияти бўлиб турибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи prokudin gorsky

11 асрга келиб Туркистонда тараққиёт юқорига кўтарила бошлаган эди; жамиятда янги касблар, соҳалар пайдо бўлиб фикрнинг моддийлашуви воқеликка айланганди. Кейинги геополитик зилзилалар олдин яратилган конструксияларни бузиб юборди, изчиллик йўқолди, фақат шахсларгина автоном ҳолатда фикр юксалишида меҳнат қилишди, холос. Жамият музлатиб қўйилди. Худди ўтган 25 йилдай. Биз ўтган 25 йил ичида Туркистоннинг 14 асрдан бошлаб 20 асргача ўткан ҳолатини бошдан кечирдик. Қайта яшадик. Аниқроғи яшамадик, аслида ҳозир ҳозир ҳам яшамаяпмиз: қонимизда қотиб қолган, сингиб кетган урф-одату ва ўтканларнинг юзага чиқарган яшаш услубини- маданиятини такрорлаяпмиз, бу тириклик эмас.

Шу кунларда, сиёсатдаги ҳаракатлар (виртуал қабулхона, қарорлар ва номзодлик дастури) ботинида, онг остида марҳум президент "кашф" этган тузумни, иш услубини сақлаб қолиш (қон алмаштириш, "тез ёрдам" кўрсатиш) ғояси ётади, бошқа консепт йўқ. (Яъни шаффофлик- демократия, тараққиёт бизни ҳозирча четлаб ўтмоқчи. Албатта, биз тараққиётни ғарб технологияларидан нусха кўчириб, ўзимизда шакллантириш деб инфантил тарзда тушунамиз. Албатта, биз "маҳалла фуқаролар йиғини" ташкилотини демократик бир унсур кўриниши деб инфантил тушунамиз, аслида қанчадан -қанча маблағларни ҳавога беҳуда совуриш эканлигини англамаймиз.) Марҳум президент ғояси барча жонли-жонсиз нарсаларни музлатиб Ўзбекистон мустақил давлат деган тушунчани шакллантириш, миллат онгига сингдириш эди. Бу ғоя амалга ошиши учун 25 йил керак бўлди.(31 август куни Мустақил давлат эълон қилинди.1 сентябр Мустақил давлат бўлдик. 2 сентябр куни бу ғояни эълон этиб амалга оширган шахс вафот этди.) Бу ғоя амалга ошди: ичкарида ва ташқарида сиёсий элита ҳали маданиятсизроқ бўлса-да аммо шаклланди. Ичкарида ва ташқаридаги сиёсий элитанинг сиёсий тафаккури, фикрлаш маданияти пайдо бўлди. Энди бу сиёсий тафаккур мамлакат учун Йўл танлаш ҳуқуқига эга бўлдими?! Йўлни топиш учун мамлакат кўп нарсаларни бошидан кечирди, албатта.

Пайғамбаримиз (С.А.В) бармоқлари билан ерни чизиб ўрта йўлни танланглар деган. Чизилган чизиқнинг икки томонидан бирини эмас! Чизилган чизиқнинг бир томонига оғиш бўлганда:диний радикализм кучайиб диннинг расм-русмига мамлакат рўжу қўйганда, Б.Нақшбанд ҳазратлари содда тамойиллар кашф этиб Ўрта йўлни содда услубда кўрсатган эди. Кейинроқ, масалан Шоҳруҳ Мирзо ва унинг ўғли Улуғбек даврида ўрта йўл бўйича мамлакат ривож топди. Бош Вазир Алишер Навоий ҳам шу йўлни жамият ҳаётига тадбиқ этади. 15 аср ҳам (Беруний, Синолар даври каби) Ўрта йўлнинг энг чўққига чиққан даври бўлди, жумладан фикр тараққиёти юксалиб кетди. Кейинроқ яна диний радикализм ва расм-русум давлатчиликда устун келди, жамият ислоҳотларсиз қолди, тараққиёт тўхтади. Жамият залолатга (деградасия) юз тутди. Мамлакат Россия босиб олгунча тақлидчилар, мутаассиблар қўлида қолиб кетди. СССР даврида Сталин сиймосида дунёвий радикализм даврини бошимиздан ўтказдик. Дунёвий радикализм ҳам диний радикализмга шаклан ўхшамаса-да, моҳиятан бир хил эди. Ботин-тириклик билан маънан боғланмай, аксинча жоҳиллик- мавҳумликка суянади. Пайғамбар (С.А.В) чизган чизиқ ботин эди -тавҳид дарахти эди. Орада жадидлар худди шу йўлдан юриб бошлашди, мамлакатимиз қисқа вақт ичида тараққий этиб кетди, ўшанда. Бу ҳеч кимга сир эмас ,албатта.

Европа мамлакатлари Ўрта йўлни танлагани учун ҳам фикр тараққиётида олдинга ўтиб кетишди. Собиқ СССР эса дунёвийликни -тоталитаризм йўлидан боргани учун касодга учради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳозир мамлактимиз залолат аҳволида. Жамият онггида фикрнинг ҳеч қандай босқичи йўқ. Жамият ичида зиёли қатлам ичида автоном тарзда фикр тараққиёти бор, албатта. Бу ўрта йўл эгалари СССР даврида бор ва озчилик эди. Қайта қуриш вақти улар кўпайди. Мустақилликнинг илк даврида биринчи бўлиб улар (Эрк партияси мисолида) таъқибга ҳам учрашди. 90 -йилгача шаклланган демократик институтлар, жамиятдаги шаффофлик заволга учратилди. Натижада жамиятни бўшлиқ қоплади, диний радикализм ўртага чиқди. (99 йилги воқеаларни, албатта, ҳеч ким унутгани йўқ.)

Иккинчи жаҳон урушидан кейин янги ташкил топган Исроил давлати ўрта йўлни (демократик институтлар, шаффофлик) танлагани учун ҳам ривожланиб кетди. Ёнидаги ислом мамлакатлари эса ўрта йўлни танладик деб сохталик қилдилар, сўнг жамиятда (ботин ўрнига) бўшлиқ пайдо бўлди. Натижада геополитик зилзила содир бўлди: (Чунки ҳар қандай бўшлиқ тириклик билан тўлдирилмаса зилзила бўлади, бу қонуният.) Чизиқнинг икки тарафидагилар- дунёвийлар ва мутаассиблар ўртасида уруш кетаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Прагматик Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳукуматнинг позитив руҳда ишлаётгани, албатта, мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар қандай кишини қувонтиради. Жумладан, мамлакатдаги ўрта йўлга мансуб зиёли қатлам ҳам залолатдан фикр тараққиёти даврига ўтиш мамлакат учун долзарб эканини англаб турибди. Ўзбек тафаккурида Ўрта йўл консепсияси асрлар бўйи шаклланган. Аждодларимиз илмий, бадиий тафаккурини шу консепт шаклланиши учун хизмат қилдиришган. Миллат қалбида бу консепт музлаб ётибди.

Биз залолатдан-деградасиядан Ўрта йўлга (конститусия ҳақиқаттан ишлайдиган) чиндан, табиий равишда (сохта эмас) қадам қўймас эканмиз, терроризм ва диний мутаассибликнинг янгидан янги формаларига дуч келаверамиз. (Бюджет тараққиётга, маърифатга эмас ўзимизни ўзимиздан ҳимоя этишга сарфланаверади: жамият коинот органикасига билан уйғунлашмай, залолатнинг чексиз тубига чўкаверади.) Жамият онгги эса бўшлиқ-мавҳумлик билан тўлиб бораверади. Бўшлиқ юзага келган жойда эса зилзила юз беради. Ўзбекистон фикр тараққиётига юзлансагина атрофдаги мамлакатлар ҳам Йўлни кўриб бошлашади. Жумладан, Афғон жамияти ҳам ҳушига келиб бошлайди. ИншАллоҳ, у ерда тинчлик юзага қалқиб чиқади.

Мақола эскиз, штрих шаклида ёзилди, ўқиган киши фикрни ўзида шакллантиради деган умиддаман.

Бу мавзуда батафсилроқ