Ўзбекистонда АЭС қуриш фурсати етдими?

Чироқ ёқиб ўтирган ўзбекистонлик Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Қиш яқинлашиб, Ўзбекистоннинг аксар ҳудудида электр токи ва газ таъминоти узилишлари ҳам бошланди.

Ноябр бошида маҳаллий матбуот Хоразм вилоятида янги юқори вольтли электр узатиш линияси қурилиши бошлангани ҳақида хабар тарқатди.

Осиё Тараққиёт банкининг молиявий кўмагини ҳам ўз ичига олган 225 миллион долларга баҳоланаётган йирик лойиҳанинг 2020 йилга бориб якунланиши, Тахиатош станциясини таъмирлаш ҳисобига 364 километр масофага электр узатиш режалаштирилганини хабар қилган "Ўзбекэнерго" ширкати.

Хўш, бу янги лойиҳа Ўзбекистон бугун дуч келган ўткир муаммо - мамлакат иқтисодиёти ва аҳолининг тобора ортиб бораётган электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондира оладими?

Жаҳон Банкининг маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда электр қуввати истеъмоли 1990 йилдан буён мунтазам пасайиб келмоқда.

1990 йилда йиллик электр электр энергиясининг истеъмоли аҳоли жон бошига 2383 минг киловатт/соатни ташкил этган бўлса, Жаҳон Банки 2013 йили бу рақам 1637 минг киловатт/соатга тушганини айтади.

"Ўзбекэнерго" ҳисоботи бўйича ҳар йили 55 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилаяпти.

Бунинг қарийб 6 миллиарди ГЭСлардан, қарийб 50 миллиарди иссиқлик электр станцияларидан олинаяпти, дейди "Ўзбекэнерго".

"Ўзбекэнерго" мамлакатда ҳар бир оиланинг бир ойда фойдаланадиган электр қуввати миқдори ҳам ошиб бораётганини, энг сўнгги кўрсаткичлар ойига 160 кВт/соатни ташкил этганини айтади.

Ўзбекэнергонинг абгор аҳволи

Фото муаллифлик ҳуқуқи worldbank.org
Image caption Жаҳон Банкининг Ўзбекистонга оид маълумотлари электр истеъмоли қандай пасайганини кўрсатади

Ҳукумат саъй-ҳаракатларига қарамасдан, яқин йилларда электр қуввати ишлаб чиқаришни салмоқли кўпайтиришга эришиш мушкул иш бўлиб кўринади.

Чунки Осиё Тараққиёт банки таҳлилларига кўра, Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқарадиган станцияларнинг ёши 40-50 йилни ташкил этади ва бу станциялар мустақиллик йилларида жиддий таъмирланмаганлар.

Ўзбекистоннинг табиий газ, кўмир ёки мазутни ёқиб электр ишлаб чиқарадиган 10 та Иссиқлик Электр станцияси ва 32 та ГЭСи бор.

Бу станциялар 55 миллиард КВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва Ўзбекистон шунча электр қувватининг деярли ҳаммасини истеъмол қилади.

Электр станциялари ишлаб чиқарган қувват 14 минтақавий тарқатиш марказлари орқали ҳудудларга тарқатилади.

Узатиш тизими эскиргани электр қувватини тарқатишда технологик йўқотишларга олиб келади, бирмунча электр энергияси фойдаланилмасдан сарф бўлиб кетади.

Ўзбекистондаги электр таъминотининг асл аҳволи эса Бош вазир, президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида мана бундай таърифланди:

"...мамлакат бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда".

"Дастур доирасида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та эскирган трансформатор подстанциясини алмаштириш назарда тутилмоқда", деб айтган президентликка номзод.

Демографик ва гидробосимлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи FERGHANANEWS.COM

Ўзбекистон расмийлари мамлакат электр станциялари 56-57 миллиард КВт/соат электр ишлаб чиқариш имкониятига эга эканини айтсалар-да, таҳлилчилар "Ўзбекэнерго" тизими таъмирга муҳтожлигини назарда тутиб, бу рақамни шубҳа остига оладилар.

Аҳоли сонининг ортиб бораётгани ҳам электр энергияси ишлаб чиқаришни янада кўпайтиришни тақозо этмоқда.

Шу йил 26 октябрида Ўзбекистон Статистика қўмитаси республика аҳолисининг сони қарийб 32 миллионга етгани хабарини тарқатди.

Минтақани сув билан таъминлайдиган Қирғизистон ва Тожикистон тоғларидаги кўп минг йиллик музликлар эриб кетаётгани ҳақидаги ташвишли хабарлар тарқалаётганига анча бўлди, бунинг устига бу икки қўшни давлат сувни сиёсий босим воситасига айлантиришга қарор қилганлар.

Қирғизистон Қамбарота, Тожикистон эса Роғун ГЭСлари қурилишларига киришганлар.

Молиялаш билан боғлиқ муаммолар Қамбарота ГЭСлари қурилишини тўхтатиб турибди, Ўзбекистоннинг кўп йиллик қаршилиги ҳам сабаб бўлиб тўхтатиб қўйилган Роғун қурилиши яқинда яна қайта йўлга қўйилди.

Мана шу жиҳатларини эътиборга олиб қатор таҳлилчилар, минтақа учун барқарор электр таъминоти манбаси тинч атом, деган ғояни илгари сураётганларига анча бўлди.

Шундай таҳлилчилардан бири Ўзбекистоннинг собиқ нефт ва газ вазири Анвар Ҳусаинов.

У, Ўзбекистоннинг ўзи АЭС барпо этиш таклифи билан чиқиши лозим, деб ҳисоблайди.

"Ана шунда Ўзбекистон бутун минтақага арзон электр энергиясини экспорт қилишга ҳам қодир бўлади", дейди Анвар Ҳусаинов.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаинов фикрича, Ўзбекистон АЭС қуриши лозим.

2014 йил ёзида Ўзбекистон ҳукумати Айдаркўл яқинида атом электр станциясини барпо этишни режалаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Бироқ "Ўзбекэнерго" ширкати бу хабарларни ҳақиқатга тўғри келмайди, дея рад этди.

Таҳлилчилар Ўзбекистоннинг атомдан электр энергияси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши учун имкониятлари кўп эканини урғулашади.

Энг асосийси, Ўзбекистоннинг ўзининг урани бор.

Ўзбекистон дунёда энг кўп уран қазиб оладиган мамлакатлар рўйхатида еттинчи ўринда туради.

Жаҳондаги жами ураннинг 4,3 фоизини Ўзбекистон етказиб беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Ўзбекистонликлар қишда уйни иситишнинг оригинал йўлларини топишда ҳам "уста" бўлиб кетишди.

Қўшни Қозоғистон эса биринчи ўринда, у дунё уранининг 41 фоизига эгалик қилади.

Ҳозир жаҳонда 436 ядро реактори электр ишлаб чиқаряпти.

Атом электр станцияси қуриш бўйича 4 мамлакат катта тажрибага эга. Булар - Россия, Хитой, Франция ва Канада.

Қайси мамлакат мутахассислари АЭСни барпо этишса, улар унга техник хизмат ҳам кўрсатишади.

Аммо Япониядек технологик илғор мамлакат ҳам АЭС хавфини буткул бартараф этишнинг уддасидан чиқолмади, АЭС 40-45 йил ишлатилганидан кейин ундан қутулиш муаммоси ҳам жиддий.

Серқуёш Ўзбекистон қуёшидан қачон фойдаланамиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ўзбекистонда йиллик қуёшли кунлар сони 320 дан ортиқ

Бутун дунёда қайта тикланадиган энергия манбаларининг янги ва янги турлари фаол изланмоқда.

Ўзбекистон учун шамол парракларидан энергия олиш мумкин бўлган жойлар кам ҳисобланади.

1 йилнинг 365 кунида Ўзбекистонда қуёшли кунларнинг сони 320 кундан зиёдни ташкил этади ва шунинг учун ҳам мамлакатда қуёш электр станцияларига эътибор қаратилмоқда.

2016 йил апрелида Бухоро вилоятида қуввати 1,2 мВтли мобил қуёш электр станцияси ишга туширилгани хабар қилинди, бу станция аҳолисининг сони 1,5 минг бўлган қишлоқни узлуксиз электр билан таъминлашга қодир экани айтилди.

Расмийлар Самарқанд, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида ҳам қуввати 100 мВтли қуёш электр станцияларини 2020 йилгача барпо этиш режалаштирилганини айтадилар.

Бироқ ҳозирча қуёш энергетикаси илмий-технологик илғорликни талаб қилади ва қимматга тушади.

Нега Ўзбекистонда эҳтиёж ортиб бораётганига қарамасдан, мавжуд электр ишлаб чиқариш станциялари таъмирланмади, янгилари қурилмади мустақиллик йилларида? Ўзбекистондаги "Узметроном" веб-сайти Бош муҳаррири Сергей Ежков ушбу вазиятни яқиндан биладиган ва бу мавзуда ўз веб-сайтида қатор таҳлилий мақолалар эълон қилган журналистлардан бири. Юқоридаги савол билан Би-би-си Сергей Ежковга мурожаат қилди.

Сергей Ежков: Гапни шундан бошлашим керакки, "Ўзбекэнерго" мамлакат иқтисодиёти учун масъул ташкилотлар орасида энг коррупцияга ботгани бўлган. Энергетика коррупция ривожланган тизимлардан ҳисобланган. "Ўзбекэнерго"нинг таркибида ускуна ва жиҳозлар, уларни етказиб бериш билан шуғулланган фирмаларнинг сони шу қадар кўпки... Бу ширкатларни айланиб ўтиб ҳеч иш қилиш мумкин эмас. Мен бу мавзуда кўп ёзганман. "Олди-берди" ишлари бир замонлар Бош вазирнинг ўринбосари бўлган одамнинг "кришаси" остида қилиб келинган. Кейинроқ бу одамни ишдан олишди, айтишларича, у ҳозир касаба ууюшмаларидан бирига раҳбарлик қилаётган эмиш. Бир вақтлар Япония 300 миллион доллар атрофида кредитни Ўзбекистонга ажратгани хабар қилинди. Бу кредит ТошГРЭСни қайта таъмирлашга мўлжалланган эди. Бу кредит ўзлаштирилмаган. Ўзлаштирилмагани учун жанжал келиб чиққан. Катта жанжал билан кредитни қайтаришга тўғри келган. Лекин шуни айтишим мумкинки, бундай ҳолат ягона эмас. Агар эътибор берган бўлсангиз, амалдаги Бош вазирнинг президентнинг ваколатларини қўлга киритганидан кейинги қилган биринчи иши - Ангренга борди. Кейин Сирдарёга борди. Яъни, у биринчи бўлиб муҳим энергообъектларни бориб кўрди. Чунки бу энергетика иншоотларининг ҳар бири давлатнинг биринчи одамининг шахсий эътиборини талаб қилади. Чунки совуқ тушиши билан одамларимиз бир неча суткалаб электр ёруғисиз ўтиришади. Мен иссиқликни тилга ҳам олаётганим йўқ. Бири бўлмаганидан кейин иккинчиси ҳам бўлмаслиги ҳаммага маълум. Бугунга келиб бу муаммо шу қадар долзарб муаммога айландики, Шавкат Мирзиёев ўз ишини энергетикадан бошламаслигининг иложи қолмади. Эътибор берган бўлсангиз, унинг биринчи бўлиб лавозимидан бўшатган раҳбарларидан бири "Ўзбекэнерго" раҳбари бўлди. У ерга қўйилган янги раҳбарга эса "тозалаш" топшириғи берилган. Яъни, бу раҳбар яширин схемаларни, тоза бўлмаган шартномаларва ҳоказоларни аниқлаб топиши талаб қилинади. Шунинг учун мен Бош вазир тўғри йўналиш танлади, деган фикрдаман. Зотан, у аҳволни бошқалардан ҳам кўра яхшироқ билади. Эътибор беринг, мустақилликнинг 25 йили мобайнида Ўзбекистон бирорта ҳам қўшимча энергоиншоот барпо этмади. Ўзбекистон фақат Совет Иттифоқининг мероси эвазига яшаб келди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Би-би-си: Аммо шундай бўлса ҳам маъсул раҳбарлар вазият ҳақида республика раҳбариятини хабардор этмаган, камчиликлар олдини олиш ёки тобора ўсиб бораётган эҳтиёжни қондириш йўлида чора ҳам кўрилмаган. Шундайми?

Сергей Ежков: Кимга хабар бериш керак эди? Президент Ислом Каримовгами? Президентга доимо "бизда ҳаммаси яхши, мамлакат катта тезликда буюк келажак сари бормоқда," дея ҳисобот бериб келганлар.

Би-би-си: Совуқ кунлар тушиши билан пойтахт Тошкентда ҳам бир неча соатга электрни узиб қўйиш бошланди. Яъни, аввал вилоятларда мунтазамлик касб этган аҳвол ҳозирга келиб пойтахтда ҳам кўзга ташлана бошлади...

Сергей Ежков: Мен ўйлайманки, бу қишда ҳам маъмурий йўллар билан, маъмурий босим ўтказиш йўли билан электр таъминотини нисбатан кўнгилдагидек "ушлаб туриш"нинг уддасидан чиқадилар. Бироқ аҳволни фақат янги энергетика иншоотларини ишга тушириш билангина тубдан ўнглаш мумкин. Мамлакат ривожланиши учун энг зарур нарса - бу энергетика. Мана яқинда бизнинг шонли рўзномаларимиз ёзишди: "саноат корхоналаримиз электр энергиясини тежай бошладилар, саноат корхоналаримиз электр қувватини кам истеъмол қилаяптилар" дея. Ўзбекистон саноат корхоналарининг кам электр энергияси сарфлаганларининг асосий сабаби шуки, саноат корхоналарининг сонининг ўзи камайиб кетди. Ёки уларни электр таъминотидан узиб қўйганлари учун кам электр истеъмол қилишга мажбур бўлганлар. Яна шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, "Ўзбекэнерго" энг кўп талон-тарожлик кузатиладиган соҳа ҳисобланади. мана бир мисол, бир туманда ишлайдиган туман электр таъминоти корхонасининг оддий назоратчиси 1 йилда янги автомобил сотиб ололган. Кўраяпсизми? Оддий маошга ишлайдиган бир РЭС инспектори 1 йилда машина харид қилишга қодир. Бу Тошкентда эмас, вилоятларда. Ана шундан келиб чиқиб, бу тизимдаги электр энергиясини ўғирлаш, давлат маблағини ўғирлаш миқёси нақадар катталигини тасаввур қилаверинг.

Би-би-си: Расман Ўзбекистон йилига ишлаб чиқарадиган 55 млрд кВт/соат электр энергиянинг 6 миллиардини ГЭСлар, қолган 50млрд кВт/соатга яқинини эса иссиқлик электр станциялари ишлаб чиқарар экан. Мана ҳозир Ўзбекистон хорижга ҳам газ сотаяпти. Янги иссиқлик электр станцияси қуриш учун яна газ зарур. Сиз соҳа мутахассислари билан гаплашганмисиз? Улар Ўзбекистонни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун нима қилиш керак, деб ҳисоблашади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Белгиядаги Доэл АЭСи

Сергей Ежков: Чиндан ҳам ГЭС электр ишлаб чиқаришда энг қувватсизи ҳисобланади. Бизда ГЭСлар кам. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда электр энергиясининг асосий базаси аввал мазут, кейин табиий газ бўлиб келган. ГЭСларимиз асосан 50 МВт, энг йириклари 300 МВт электр ишлаб чиқаришга қодир. Шунинг учун ҳам айрим мутахассислар Ўзбекистоннинг истиқболини дунёнинг бошқа мамлакатлари сингари атом энергетикасида кўрадилар. Бизда атомдан жуда-жуда қўрқишади. Хавотирланишга асос ҳам бор. Атом электр станциясини юрғизиш учун жуда юқори малакали ходимлар ва саноат маданиятининг умумий юқори даражаси талаб қилинади. Бизда афсуски, иккиси ҳам йўқ. АЭС - арзон электр ва жуда қудратли электр станцияси деганидир. Биз ҳозир гапираётган қуёш электр станцияларининг бир киловат соат электр қувватини ишлаб чиқариш таннархи жуда қимматга тушади. Агар хато қилмасам, мазутда ишлайдиган электр станцияси ишлаб чиқарган электрдан 17 баравар қиммат бўлади. Қуёш электр станциясининг қуввати ҳам катта бўлмайди. Шунинг учун кўплаб мутахассислар айтишади: атом энергетикаси Ўзбекистон учун ягона йўл. Шунинг учун Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш ҳақида ҳозирданоқ ўйлашни бошлаш керак. Аммо биз эса Ислом Абдуғаниевичнинг замонидан бошлаб атомдан жуда қўрқамиз.

Сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ