Туркиядаги "Туркистонликлар жамияти" Мирзиёевдан ислоҳотлар ўтказишини истамоқда

Image caption Туркиядаги "Туркистонликлар жамияти" Мирзиёевдан ислоҳотлар ўтказишини истамоқда

Қароргоҳи Туркияда жойлашган ва 2013 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган "Туркистонликлар ( Марказий Осиё) жамияти" Истанбулда кечган қурултойида минтақада ижтимоий тинчлик, мусулмонлар бирлиги ва ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этишини урғулаган.

Жамият тарқатган хабарномада айтилишича, "Ислом Каримовнинг вафотидан кейин Ўзбекистондаги янги ҳукумат ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида ислоҳотлар ўтказишини зарурий. Дунёда халқларнинг ва давлатларнинг тараққий қилишининг асоси деб кўриладиган ижобий маънодаги инсон ҳуқуқларининг, эътиқод, сўз ва матбуот эркинлигининг, халқнинг ўз раҳбарларини сайлаш, фуқаровий жамиятлар, сиёсий ташкилотлар тузиш, тадбиркорлик ва тижорат эркинликларининг Ўзбекистонда тадбиқ қилинишини янги ҳукуматнинг асосий вазифаларидандир".

Қурултой тарқатган баёнотда шунингдек, диний, ибодат, либос танлови эркинликлари берилиши талаб қилинади.

"Туркистонликлар жамияти" матбуот эркинлиги қаторида ижтимоий ва сиёсий эркинликлар, сайловларнинг адолатли ўтказилишини, диний ёки сиёсий асосдаги айблар билан қамалганлар озод этилишини исташларини баён қилишган.

Марказий Осиё давлатлари орасида ҳамкорликни тиклаш масалани урғулашар экан, мамлакатлар орасидаги чегаралар очилишини сўрашган.

2013 йили таъсис қилинган бу жамият ўтган йиллар давомида қандай амалларга қўл урди, нималарга эришди? Ҳозирги вазиятнинг Каримов давридагидан фарқи нимада?

"Туркистонликлар жамияти" ва мухолифат фаолларидан бири Намоз Нормўмин: Биргина Ўзбекистон ташқарисида бўлган ўзбекистонлик муҳожирлар сони саккиз миллион атрофида...Марказий Осиёни тарк этган муҳожирлар сони ўн миллион. Биз Истанбулда 2 марта қурултой ўтказдик, халқаро қурултойлар эди бу...Бу ердаги минглаб муҳожирларга ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларда ёрдамлар бердик. Полицияга нотўғри тушиб қолган инсонларга адвокатлик ёрдамлари берилди. Ҳозир биз юрт ташқарисида ҳам, юртда ҳам мусулмонлар билан яхши алоқаларни йўлга қўйдик. Бизнинг мақсадимиз ватандошларга ҳам ичкарида ва ҳам ташқарида илмий-маърифий, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам бериш...шу йўл билан Ўрта Осиёнинг тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишдир.

Би-би-си: Ҳар қандай ёрдам молиявий асосларга эга бўлиши керак, шундай эмасми?, Айниқса, муҳожирларга ҳуқуқий ёрдам масаласи молия талаб қилади. Буни қандай ҳал қиласизлар?

Намоз Нормўмин: Бу ердаги молиявий ёрдам шундай...масалан, полицияга тушган ватандошларимиз адвокат ёрдамларига бир қисмига ўзлари тўлашади, иккинчи қисмини эса бу ердаги биз, Туркиядаги бошқа жамоатчилик ташкилотлари ўз зиммамизга оламиз. Маҳаллий ҳокимиятлар қурултойлар учун бепул жой ажратади. Аммо қурултойга келадиганларнинг чипталарини бир қисмини биз, маҳаллий ҳокимиятлар, бошқасини эса мингдан ортиқ аъзоларимиздан тушадиган ойлик бадаллар эвазига қопланади. Зотан, булар жуда катта молиявий сарф-харажат талаб қилмайди...

Би-би-си: Сиз қурултой ва жамият томонидан бир неча талабларни келтиргансиз, улар ибодат эркинлигидан тортиб, чегараларни очилишига қадар - ҳозирги реал сиёсий бир фазода, бу талаблар амалга ошишида ўзингизда ишонч борми?

Намоз Нормўмин: Аввала булар бизнинг истак ва талабларимиздир. Иккинчидан, биз буларни ҳукуматларимизга даъват маъносида қилмоқдамиз, яъни, мана шундай йўл тутсак яхшироқ бўлади, деб. Бизнинг бу истакларимизнинг бир қисми амалга оша бошлади. Мана, чегаралар очилмоқда, Ўзбекистонда бошқа ўзгаришларни ҳам кузатаяпмиз...Биз бу ерда мана шу ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан айтдик.

Би-би-си: Ўзбекистонда муваққат президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевга сиз ҳам мурожаат қилдингиз, умуман, хорижда юрган ватандошларнинг мурожаатларидан бирортаси ҳал бўлдими? Эътибор бўлдими? Бу ҳақда эшитдингизми?

Намоз Нормўмин: Хориждагилардан эшитмадим...бир эшитдим Даниядан Ўзбекистон фуқаролигига қайтишни истаган бир биродаримиз бор экан. Унга Ички ишлар органлари билан муаммолар бор экан, шуни ҳал қилинг, деган жавоб келганини эшитдим. Менинг ўзим ҳам ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар дастурини таклиф қилганман. Булар ҳозир кўриб чиқилаётганига ишоралар бор. Яқинда менга жавоб бўлади деган умиддаман.

Би-би-си: Сиёсий маънода - Ўзбекистонда бирор бир ўзгариш сездингизми Каримов даврига нисбатан?

Намоз Нормўмин: Сиёсий маънода катта ўзгаришларни кўрганим йўқ. Аммо чегаралар масаласида ижобий қадамлар отилди, тадбиркорларнинг йўли очилиши учун ҳаракатларни кўрдим. Авваллари Каримовдан бошқа ҳеч кимнинг исмини эшитмасдик. Аммо ҳозир бошқа мулозимларнинг ҳам номларини эшитмоқдамиз. Ташқи ишлар вазири ҳам виртуал қабулхонада очди. Мен Ўзбекистонда сайловдан кейин ўзгаришлар бўлади деган фикрдаман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар