"Домланинг айтганини қил, қилганини қилма!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Лондон

Бундан бир ойча аввал бир маъракада анчадан бери кўрмаган танишимни учратиб қолдим.

Салом-алик қилиб, ҳол-аҳвол сўраб бўлгач, фарзанди Англияда эканини фахр билан айтиб қолди.

"Ия, ўртоқ, бу туманимизда чиқишларингда ватанпарварлик ҳақида баландпарвоз сўзлар айтиб, пахта йиғим-теримига барчани ундаб, пахта элга келган тўй, барчамиз бу улкан хирмонга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз лозимлигини таъкидлар эдинг...Сени фарзандинг ҳам Англияга бормай, маҳаллий олийгоҳга кириб, бундоқ пахта даласига чиқса бўларди", деб ҳазиллашдим.

Танишим ҳам сўзга чечан, "а" десанг, "б" деб турадиган хилидан.

Диний илми ҳам бор, албатта гап ва манфаатлар мос келган пайти ишлатиладиган илм...

Лекин жавобни дангаллигини айтди!

"Охирзамоннинг аломатларидан бири - бу 'байбаза' замони экан. Уламоларнинг шарҳига кўра, 'байбаза' даврида, катталар ўз айтган сўзларига, ўзлари ишонмас ҳам, риоя ҳам қилмас экан", деб айтди.

Мени диний билимим сустроқ бўлгани учун, ундан қайтиб сўрадим: "яъни, кўчани тилида айтганда, 'мен эркакман, айтавераман ҳам, қайтавераман ҳам…" деганими дедим.

У эса, "ҳа, шунақа деса ҳам бўлаверади," деб кулиб қўйди.

Кейин у-бу бошқа мавзуларда ҳангома қилиб тарқадик.

Унинг гаплари эсдан чиққан эди, кечаги хабарлардан кейин эса... танишим қанчалиқ ҳақ эканинини ўйлаб қолдим.

"Ўз уйим- ўлан тўшагим"

Ўзбекистон Халқ Қаҳрамони Абдулла Орипов Америкада қизининг уйида жон таслим қилди.

Ўзбек киноматографиясининг оталаридан бири Мелис Абзалов Швецияда фарзандининг уйида қайтиш қилгани хақидаги хабарлар кўпларни ларзага солди.

Барчаларини Оллоҳ рахмат қилсин, яхши амалларини ўзига ҳамроҳ қилсин! Албатта, ҳар кимни қачон ва қаерда жони узилишини фақатгина Яратган билади.

Мени ўйлаганим эса…Дунёнинг ўзи ҳамманинг ватани эмасмикан?

Ватаннинг чегаралари Сталиннинг чизгани билан белгиланар эканми?

"Ер юзида жаннат бўлса, у ҳам Ўзбекистонда…," деб ватанпарварликка чақирадиганларнинг аксариятининг чет элларда уй-жой қилиб қўйишгани ақли расо одамни барибир бир оз таажубга солади, албатта.

Албатта, ўзбегим бой бўлаверсин, ҳашаматли уйлар қураверсин, чет эллардан кўчадиган ҳам, кўчмайдиган ҳам мулк сотиб олаверсин. Бунга ҳеч эътирозим йўқ.

Фақат даромадларга "шу азиз ватанимиз" учун солиқ солинмоқдами?

Мени безовта қилгани - гап бошқа, амал бошқа бўлиши мутлақо табиий бир шакл касб этаётганидир...

Балки шунинг учун ҳам катталарнинг чиқишлари оддий одамларга унча таъсир қилмас?..

Бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетаверади.

Гап таъсирли бўлиш учун амал ҳам...

Яна бир масала, "гап келганда, отангни ҳам аяма" деган мақол билан боғлиқ.

"Додамиз" доим "тилга эътибор, элга эътибор" дер эдилар.

Лекин ҳайратга соладиган жойи, ўз фарзандлари ўзбекчани қойиллатиб ўрганишолмади...

Майли, уларни тушуниш мумкин, тили қотгандир, ўрганиш қийин кечгандир.

Лекин мана бу кейинги авлод - набира ҳам негадир РенТВ билан интервьюда, ўзини русча ва инглизча фикр юритишини ва сўзлашини айтди.

Ўзбек тилида ҳақида лом-лим демади. Бу тилга ва элга беписандлик эмасми?

Ҳар ҳолда "доданинг" атрофида доим ўзбек тили ва маданияти усталари гирди капалак эди, шуларга бир оғиз "набирани тарбияланг", деб имо-ишора қилганларида, олам-гулистон эди…

Майли, ўзбекнинг бошқа бир мақоли ҳам бор, "домлани айтганини қил, қилганини қилма..."

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ