Туркия Президенти Ўзбекистонга сафарини бошламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эрдўғон Ўзбекистонга сафар қилади

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Покистонга сафари ортидан Ўзбекистонга боради.

Туркия жамоатчилиги Ўзбекистондаги ўзгаришлардан нима кутмоқда?

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида бир илиб, "абадий дўстлик" шартномаси билан рамзийлаштирилган эди.

Аммо бу Туркия раҳбарининг сўнгги 13 йил ичида Ўзбекистонга қилаётган илк сафаридир.

Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган мамлакатдир.

Бироқ мустақиллик эълон этилар экан, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов мамлакатда танқид ва мухолифатга тоқатсиз режимини мустаҳкамлаш йўлида демократик мухолифатни сиқиб чиқара бошлаганди.

Мухолифат лидерлари Туркиядан бошпана топиши ортидан эса Ислом Каримов Ўзбекистоннинг илк тараққиёт модели бўлган мамлакатда юз ўгиришни бошлади.

Туркияда таҳсил олаётган юзлаб ўзбекистонлик талаба мажбуран ватанга қайтарилди.

2011-12 йилларда Туркиянинг Ўзбекистондаги ширкатларига қарши Тошкент кенг кўламли кампания бошлаб юборди.

Туркиялик 54 тадбиркор ҳибсга олинди, камида 50 та турк ширкати ёпилди.

Маданият соҳасида Туркияда ишланган барча телесериаллар, филмларга Ўзбекистон ТВ каналларида тақиқ жорий қилинди.

Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги "Абадий дўстлик" ҳақидаги шартноманинг умри қисқа бўлди.

Бу гал нима ўзгаради?

Президент Эрдўғон Ўзбекистонда муваққат президентлик вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев билан учрашади.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин Туркияда қудратга келган ҳар бир ҳукумат Тошкент билан алоқаларни яхшилаш ҳаракатида бўлган.

Эрдўғон илк бор Бош вазир ўлароқ 2003 йилда Ўзбекистонга қадамранжида қилган эди.

Туркия ширкатлари собиқ Шўро давлатларида, айниқса Россия ва Марказий Осиёнинг Ўзбекистондан ташқари бошқа мамлакатлари иқтисодида салмоқли ўрин эгаллаб келади.

Бугунги кунда Туркия ўзбек меҳнат муҳожирлари учун ҳам энг жозибали мамлакатлардан бирига айланган.

Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг веб саҳифасида бугунги кунда Туркия сармояси билан Ўзбекистонда 700 та катта-кичик ширкат мавжудлиги қайд этилган.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ 1.2 миллиард АҚШ долларига тенг.

Ислом Каримовнинг ўлими билан Ўзбекистон бир маънода минтақа давлатлари учун очила бошлади.

Ҳалича "косметик" деб таърифланаётган эса-да, Шавкат Мирзиёев қудратни муваққат эгаллаб турган экан, мамлакатнинг ўзида ҳам баъзи ислоҳотпарвар қадамлар ташланмоқда.

Ислом Каримов давридаги минтақа мамлакатлари билан ёвқараш ва реакцион сиёсат юритиш бир маънода ариб бораётгани ҳақида айтиларкан, Туркия билан ҳам муносабатлар илиқлашига умидлар боғланмоқда.

Ғарбда "яккаҳокимлик анъаналарини шакллантирмоқда", "демократиядан чекинмоқда" каби таъналар остида қолган Туркия ҳукумати, айниқса, Ражаб Тойиб Эрдўғон учун Покистонга сафар қанчалар муҳим бўлса, Марказий Осиёнинг юраги бўлмиш Ўзбекистонга ташриф ҳам шунчалар аҳамиятлидир.

Туркия сўнгги йиллар ўзининг иқтисодий ва сиёсий манфаатларини Ғарбда эмас, Шарқда кўрмоқда.

"Эрдўғоннинг сафари икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим бир имконият яратади", дейилади Туркия Президенти веб саҳифасидаги баёнотда.

Президент веб саҳифасидаги айни баёнотга кўра, Эрдўғоннинг бу сафари "мамлакатлар орасида янги саҳифа очилишига" хизмат қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг