Ўзбекистон ташқи сиёсатда Россия таъсирига тушдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг Ўзбекистон ташқи сиёсатида кескин ўзгариш кузатилаётгани айтилади

Ўзбекистоннинг БМТда Қрим масаласи бўйича Россия билан бир хил позицияни эгаллаши ўзбекистонлик фаоллар хавотирига сабаб бўлган.

БМТнинг ижтимоий ва гуманитар масалалари бўйича қўмитаси томонидан қабул қилинган қарорга Ўзбекистон Россия билан биргаликда қарши овоз берган.

Украина томони ташаббуси билан қабул қилинган ҳужжатда Қримдаги қрим-татарлари ва бошқа миллий озчиликларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида гапирилади.

Қарор Россияни ярим оролга халқаро кузатувчиларни киритишга ҳам чақиради.

Унда Россия Олий маҳкамаси томонидан қабул қилинган "Қрим-татар халқи мажлиси" жамоатчилик ташкилотини экстремистик деб топиш ва унинг фаолиятини чеклашга доир ҳукмни бекор қилиш талаб қилинади.

Ҳужжатни қабул қилиш учун 73 давлат овоз берган. Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Беларус ва Хитой дохил 23 давлат қарши овоз берган. 73 мамлакат бетараф қолган, уларнинг ичида Тожикистон ва Қирғизистон ҳам бор.

Ўзбекистон Қримнинг Россия таркибига кирганини расман қабул қилмаган. Бу вақтгача Крим борасида қабул қилинган ҳужжатларда Россия манфаатларига қарши овоз бериб келган ёки бетараф нуқтаи назарни билдирган.

Бироқ Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ бошқарган Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг Ўзбекистон ташқи сиёсатида кескин ўзгариш кузатилаётгани айтилади.

Ўзбекистоннинг Қрим масаласи бўйича очиқдан-очиқ Россия томонини олиши Ислом Каримов ҳаётлиги вақтида кузатилмаганди.

Зиёли Сардор Салимга кўра, Ўзбекистон шу вақтгача халқаро можароларга аралашмаслик сиёсати юритган ва бу фойдали бўлган.

"Бугунги кунгача ташқи сиёсатимизда ҳар хил халқаро жанжалларга "қўшилмаслик" тамойилларига содиқ қолаётган эдик. Биздек пешкалар учун бу энг яхши стратегия эди. Афсус, бу тамойилдан воз кечаётганга ўхшаймиз", дейди Сардор Салим.

Унинг таъкидлашича, Қрим масаласида Россияни қораловчи қарорларда Ўзбекистон шу вақтгача ўзини бетараф тутган.

"Хусусан, Қрим масаласида Россия Федерацияси ҳатти-ҳаракатини қоралайдиган БМТ резолюцияларига Ўзбекистон 2014 йилда умуман овоз бермаган, бетараф қолган эди. 16 ноябрдаги БМТ резолюциясини қабул қилишга қарши овоз берибди. Биз камида яна бетараф бўлсак маъқул бўлармиди", - дейди Сардор Салим.

Яна бир Facebook фойдаланувчиси ҳам Ўзбекистоннинг тутган йўлини қоралаган.

"Яхши иш бўлмабди. Жимгина бетараф қолиш маъқул эди. Золимга қарши чиқа олмаганга яраша зулмга кўмакчи бўлмаслик керак", деб ёзган Мусанниф Адҳам.

Айрим фикр билдирувчилар Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда Россия манфаатлари учун овоз бериши иқтисодий эҳтиёжлар ортидан келиб чиққан бўлиши мумкинлигини билдиришган.

Таҳлилчи Маҳмуд Йўлдошев Ташқи сиёсатда Россияга ён босиш президентлик учун курашда асосий даъвогар бўлган Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси эканлигини айтади.

"Бизнинг энг нозик томонимиз ҳам мана шу ташқи сиёсатдан бошланади. Мана, ватан манфаатини бой бериш бошланди. Ташқи сиёсат ички сиёсатнинг ўзаги эканлигини ёддан чиқармаслик керак эди. Бу албатта биринчи номзоднинг тавсияси билан бўлган. Аммо мана шу саволга қолган уч номзод нима дер экан?" - дейди Маҳмуд Йўлдошев.

Бироқ президентликка номзодлар сайловолди дастурини кўпроқ ички сиёсатга қаратиб тузганлиги билан ажралиб турибди. Ундан ташқари уларнинг бирортаси ҳам ҳалигача мухолифининг фикрларини савол остига олгани йўқ.

Ўзбекистон янги ҳукуматининг Россия таъсири остига тушиб бораётгани ҳақида хорижда фаолият юритаётган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати танқид қилиб чиққан.

Россия матбуоти Ўзбекистоннинг вақтинча Президенти Шавкат Мирзиёевни "Россиянинг одами" деб ҳисоблаши Ўзбекистон ичида хавотирларни янада оширган.

Рус матбуоти асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ўз қариндошлик алоқалари орқали Мирзиёев ва Ўзбекистоннинг янги раҳбариятига таъсир ўтказаётгани ҳақида ёзган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг