Ўзбек-Тожик расмийлари яна учрашишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption 29 октябрда Роғун қурилиши расман бошланди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳузурига Тожикистоннинг Энергетика ва сув заҳиралари бўйича вазири биринчи ўринбосари Султон Раҳимзодани қабул қилган.

Ташқи ишлар вазирлиги вебсаҳифасида берилган хабарда расмийлар учрашувидан "Марказий Осиёдаги сув ва энергетика заҳираларидан рационал фойдаланиш масалаларида Ўзбек-Тожик муносабатлари юзасидан фикр алмашинув" кўзда тутилгани айтилади.

Музокара юзасидан бошқа тафсилотлар берилмайди. Вебсаҳифанинг хабар қилишича, Абдулазиз Комилов Тожикистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Маҳмадшариф Ҳақдод билан ҳам алоҳида учрашиб, чегара масалаларини муҳокама қилган.

Ўтган ой Тожикистон дунёдаги энг йирик тош-шағал тўғони - Роғун ГЭС қурилишини бошлаган. Бу қурилиш бошланганидан бери икки давлат мулозимлари ўртасида кечаётган илк расмий учрашувдир.

Ислом Каримов даврида Ўзбекистон Роғун лойиҳасига қаттиқ қаршилик кўрсатиб келган. Мазкур иш юзасидан қўйилган ҳар қандай қадамга Ўзбекистон тарафи жуда тезлик билан кескин муносабат билдирган.

Аммо, бу гал Ўзбекистоннинг давлат назоратидаги матбуоти сукут сақлади.

Шўро даври лойиҳаси

Баландлиги 335 метр бўлган улкан Роғун тўғони лойиҳаси аслида 1970 йиллар дунёга келганди.

Аммо Тожикистоннинг ушбу баҳсли иншооти қурилиши расман 2016 йил 29 октябрда, Ўзбекистон раҳбари вафотидан икки ой ўтиб-ўтмай бошланди.

Ўнлаб йиллар давомида икки давлат ўртасидаги келишмовчиликлар марказида бўлган лойиҳани бугун Италия ширкати амал оширмоқда.

Тўғон қурилишига асосан Ўзбекистон ҳукуматининг доимий босими ва уни молиялаш масаласи тўсиқ бўлиб келганди.

Ўзбек тарафи узоқ йиллар Роғун ГЭСи қурилиши бутун минтақага хавф солиши, қишлоқ хўжалигига қаттиқ қарам бўлган Марказий Осиёда сув танқислиги муаммосини келтириб чиқаришидан хавотиридан билдирган.

Тожикистон эса, лойиҳа амалга ошадиган бўлса, энергетика мустақиллиги таъминланишига умид қилади. Шунингдек, Тожик ҳукумати Ўзбекистон кўрсатаётган сабаблар ортида сиёсий важлар ётганига ишонади.

Расмий муносабат билдирилмади

Яқин ўтмишда ҳам Ўзбекистон матбуоти Роғун қурилишини "мулоҳазасиз" дея таърифлаб келган.

Аммо, бу гал матбуот лойиҳани шахсан Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон очиб берганига оид тафсилотларни берди, холос.

Роғун Гидроэлектр станцияси қурилиши бошланиши ортидан ўзбек матбуоти бирон бир салбий нуқтаи назарни билдирмагани бугунга келиб сўзлар оҳанги ўзгаргани аломати сифатида баҳоланмоқда.

Бироқ, анъанавий матбуотнинг акси ўлароқ, Роғун мавзуси ўзбек ва тожик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан қизғин муҳокама қилинган. Ўзбекистонликлар Тожикистоннинг "хатарнок" қарорини қорлашган бўлса, қўшни давлат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари буни "олға қўйилган қадам" сифатида олқишлашган.

Айни пайтда ўзбек матбуоти узоқ йиллик совуқ алоқалар ортидан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги борди-келдилар жонланиб қолганига эътибор қаратмоқда.

Қайд этиш лозим, БМТ Бош ассамблеяси сўнгги йиғинида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири илк бор Марказий Осиёнинг юқори оқимда жойлашган мамлакатлари - Тожикистон ва Қирғизистоннинг энергетика лойиҳаларини бевосита танқид остига олмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ