Американо ичасизми ёки Россияно?

Фото муаллифлик ҳуқуқи SERGEI SUPINSKY/AFP/Getty Images
Image caption Дмитрий Медведев

Россия Бош вазири Дмитрий Медведевнинг Американо (Америкача) кофе номини ўзгартириш борасида айтган ҳазиломуз таклифи ижтимоий тармоқларда кулгу бўлди.

Москвада ҳукуматлараро йиғинда иштирок этаётган Медедев жаноблари: "Менга Американо беринг" дедим. Аслида бу сиёсий жиҳатдан хато. Келинг, шу Американони бошқача номлайлик", деб қолади.

Шунда Арманистон ҳайъати аъзоси: "Россияно", дея луқма ташлайди.

Бу борада тарқалган баъзи хабарларда сўзлашув ҳазиломуз моҳияти очиқланмади ҳам. РИА Новости ахборот агентлиги Медведев жанобларининг ўзи "Россияно" деган номни таклиф қилди, дейишгача борди.

The TJournal вебсаҳифаси эса йиғинда ким нима дегани акс этган видеони чоп қилиб, тафсилотларга ойдинлик киритган бўлди.

Аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бир кулиб хумордан чиқиш учун фурсатни бой беришмади.

"Россияно кофесини тайёрлаш жуда оддий - 250 грамм водка", твитлади биров.

Бошқа биров воқеани ўз йўлида тасвирлади: "Яшашнинг маънисизлиги ва жорий вазият мушкуллигидан келиб чиқиб, мен эспрессони депрессо деб номлашни таклиф қиламан", деди Медведев ва йиғлаб юборди".

Яна бошқаси эса АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп бунга қандай муносабат билдириши мумкинлигини тасаввур қилишга уринди ва жаноб Трампнинг кофе ушлаб турган сурати билан: "Американони буюклигига қайтаринг!" деб ёзди.

Орада кимдир "каппучино"ни Президент Путин шарафига "капуттино" қилиб ўзгартириш таклифини ҳам ташлаб қолди.

2014 йил Қримнинг Россия томонидан қўшиб олиниши Америка тарафидан танқид қилинар экан, у ердаги баъзи қаҳвахоналар Американони қайта номлашга ростмана қарор қилишганди.

2003 йил Франция Ироққа қарши урушга қаршилик кўрсатар экан, баъзилар французча қовурдоқларни (French fries) "озодлик", яъни "freedom fries" дея атай бошлашган.

Ҳатто, Қўшма Штатлар Вакиллар палатасидаги кафетерийларда уч йилгача французча қовурдоқлар таклиф қилинмаган. Французча қиздирилган нон бўлакларини ҳам "freedom toast", "озодлик тоусти" дея номлаб олишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ