Елкада 25 йиллик муаммолар юки

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Марҳум Каримов даврида тўпланиб, мерос қолган муаммоларни ҳал қилиш энди Шавкат Мирзиёев елкасида.

Ўзбекистон халқи, кутилмаганда, кўплаб масалада ўз ҳуқуқини тиклаш учун "юқорига" шикоят қилиш имконига эга бўлди.

Шавкат Мирзиёев очган виртуал қабулхона, нафақат Ўзбекистонда муаммолар қалашиб кетганини, балки ҳокимият ва давлат тизимлари чорак асрдан бери оддий одамлар дардини эшитмаганини ҳам фош этди.

Бугунгача 150 мингдан зиёд ўзбекистонлик виртуал қабулхонага шикоят йўллаган. Баъзида одамлар боласининг нафақа пулини олиш ёки ишга тиклашни ҳам сўрашмоқда.

Кузатувчиларга кўра, демак, 25 йил давомида Ўзбекистонда давлат идоралари ишламаган, амалдорлар ҳамда ҳокимлар эса халқнинг арзига қулоқ солишмаган.

"Илгари халқ ва давлат ўртасида мулоқот йўқ эди" - ёзади Расул Бек Ўзбек - "Энди бу имконият пайдо бўлди, лекин муаммолар қалашиб ётибди ҳали".

Шавкат Мирзиёев мамлакатда кенг қамровли ислоҳотларга пойдевор қўймоқдами ёки буларнинг бари қудратга келаётган янги раҳбарнинг сайловолди томошасими?

Умидвор қоракўзлар

Ўзбекистонда кўпчиликни ўйлантираётган бош муаммолар иқтисодий ҳаёт, ишсизлик ва энергия таъминотига боғлиқ.

"Шавкат Мирзиёевдан умид катта" - дейди иқтисодчи Сапарбой Жўбаев - "Лекин қадамлар ҳали суст".

"Пул-кредит сиёсатини барқарорлаштириш бўйича 3 ой ичида таклиф киритишни сўраган" - дейди суҳбатдошимиз - "Лекин бундай таклифларни халқаро ташкилотлар анчадан бери бериб келишади, фақат Ўзбекистон уларни амалга оширишни чўзмоқда".

Хорижда яшайдиган собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевга кўра, Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорларга эркинлик яратиш ваъдалари, иқтисод устидан давлат назоратини камайтириш йўлидаги қадамлари жиддий иқтисодий ислоҳотларнинг аломати бўлиши мумкин.

Image caption Шавкат Мирзиёев мева-сабзавот экспортчилари ва тадбиркорларга енгилликлар бермоқда.

"Полиз экспортчиларига берилган солиқ имтиёзидан ташқари, бошқа бирон ўзгаришни ҳали кўрмадик" - деб эътироз билдиради Сапарбой Жўбаев.

Аксар ўзбекистонликлар Шавкат Мирзиёев қишлоқларга ҳам эътибор қаратиши, электр ва газ таъминотини яхшилаш йўлида ишлаши керак, дейишмоқда.

"Туманларда бир Камаз кўмир 1 миллион сўм, одамларнинг ойлиги 600 минг сўм" - ёзғиради ижтимоий тармоқдаги ўқувчиларимиздан бири - "У емайдими, ичмайдими? Шу шароитларни тўғриласин"

"Туғруқхоналарда ток йўқ ва аёллар қийналиб, шамда туғмоқда".

Эски ҳаммом, эски тосми?

Айрим ўзбекистонликлар эса Шавкат Мирзиёевнинг қадамларини хўжакўрсин сайловолди амаллари, деб ҳам изоҳлашмоқда.

"Виртуал қабулхона майда-чуйда ижтимоий масалаларни ҳал қилаётганини эшитдим, лекин катта муаммолар ечилмаяпти" - дейди Тошкентдан журналист Малоҳат Эшонқулова.

"Мен 2 ой олдин прописка тизими Ўзбекистон халқи ҳуқуқларини бузаётгани юзасидан қилган қўнғироғимга ҳамон жавоб йўқ".

ЎзТВдан бўшатилган журналистга кўра, унинг ўз собиқ иш берувчиси борасида виртуал қабулхонага ёзган бошқа шикоятига, негадир, бугун яна айнан ўша ЎзТВ раҳбарияти жавоб ёзган.

"Менга ЎзТВ жавоби керак бўлса, Шавкат Мирзиёев қабулхонасига ёзармидим?" - савол қўяди журналист - "Қандай қилиб мен устидан шикоят қилган ташкилотнинг ўзи арзимни кўриб чиқади. Мантиқ қани?"

"Илгари шундай қилинарди ва ҳозир ҳам демак, эски ҳаммом, эски тос. Менинг ислоҳотларга бўлган умидим ўлди".

"Шошмайлик!"

Ҳам Ўзбекистон ичкариси ва ҳам ташқаридаги кузатувчиларга кўра, муайян ўзгаришлар қилинмоқда, лекин 2-3 ой ичида чорак аср давомида йиғилиб келган масалаларни ҳал қилиш осон эмас.

Хусусат, Малоҳат Эшонқулованинг ўзи ҳам тўпланиб қолган узоқ йиллик муаммоларни ҳал қилиш янги президентга осон бўлмаслигини айтади.

"Бугун ҳар соҳада ислоҳот керак" - дейди суҳбатдошимиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи шахсий
Image caption Тошпўлат Йўлдошевга кўра, Шавкат Мирзиёевдан 2-3 ойда катта ўзгаришларни талаб қилиш инсофдан эмас.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорликка йўл очиш, ишбилармонларга енгилликлар бериш ҳамда эркин иқтисодий ҳудудлар яратишга киришганини кўпчилик тан олади.

"Аммо Шавкат Миромонович ҳозир кескин иқтисодий ислоҳотлар қилса, йирик тижоратларни бошқариб келган элитанинг қаршилигига дуч келади" - дейди Тошпўлат Йўлдошев - "Сайлангунча, ундан жиддий қарор ё ўзгаришлар кутиш керак эмас".

Шавкат Мирзиёев бир тарафдан ҳуқуқи топталаётганлар учун шикоят қилиш имкониятини яратса-да, айни пайтда, бу мавсум ҳам мамлакатда мажбурий пахта меҳнати давом этди.

"Пахта масаласини 2-3 ойда ҳал қилиб бўлмайди" - дейди Тошпўлат Йўлдошев - "Келаси йилдан мажбурий пахта меҳнати ҳам йўқолиб кетса ажаб эмас".

"Мана, аллақачон қўшни Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатлар яхшиланмоқда-ку".

Нима кутиш керак?

Қатор сиёсатшунослар ва собиқ мулозимлар сиёсий жабҳада ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлади деган умидда.

"Сайловдан кейин авф кутилмоқда ва Самандар Қўқонов каби шахслар озодликка чиқарилиши мумкин" - давом этади Тошпўлат Йўлдошев.

Image caption Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда гуллаб-яшнаган порахўрликка ҳам чек қўймоқчи.

"Четдаги ўқимишли ва тажрибали ўзбекларнинг ватанга қайтишларига ҳам йўл очилиши мумкин".

Бироқ суҳбатдошимизга кўра, аввало қонун устиворлиги таъминланиши, ҳокимият идоралари, парламент ва суд рисоладагидек ишлаши, кадрлар очиқ кўрикда танланиши керак.

"Ерни деҳқонга қайтариш, доллар қора бозорини йўқотиш, порахўрликка чек қўйиш лозим" - дейди Малоҳат Эшонқулова.

"Матбуот ва инсон ҳуқуқлари фаолларига эркинлик берилса, жамиятда шаффофликни таъминлаш учун ҳам ёрдам бўлади".

"Битта шахс барча нуқсонларни бир ўзи кўролмайди-ку!" - дейди журналист.

Бироқ кўпчилик суҳбатдошларимиз гапларидан бир фикрни уқиш мумкин:

"Шавкат Мирзиёев ҳозирча халққа умид, фақат умид бахш этиб турибди".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ