Туркия президенти ҳам Каримов қабрини зиёрат қилди

Самарқанд Фото муаллифлик ҳуқуқи tccb.gov.tr

17 ноябр куни Покистондан Самарқандга етиб келгани айтилган Ражаб Тойиб Эрдўғон кун ўтиб, Ўзбекистон марҳум президенти қабрини зиёрат қилиб, унга гул қўйган.

Президент Эрдўғон Ислом Каримов қабри устида "Қуръон" тиловат қилган биринчи давлат раҳбари бўлган.

Ҳазрати Ҳизр қабристонига ташрифи жараёнида Туркия президентига Ўзбекистон муваққат президенти, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлик қилган.

Бу Туркия президентининг ўтган 16 йил бадалида Ўзбекистонга қилган илк сафари бўлади.

Ташриф доирасида кўзда тутилган асосий тадбирлар ва икки томонлама музокараларнинг бугун - 18 ноябр куни бўлиб ўтиши режаланган.

Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг ташрифи арафасида томонларнинг Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва уни ривожлантириш истиқболлари хусусида гаплашиб олишлари айтилган.

Бундан ташқари, бу икки давлат раҳбарининг ўзлари учун долзарб бўлган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашишлари ҳам билдирилган.

Ўзбекистон матбуоти Туркия президенти Самарқандга сафари кун тартибининг бундан бошқа тафсилотларига тўхталиб ўтмаганди.

Самарқанддаги музокаралар

Шавкат Мирзиёев Самарқандда қилган нутқида ўзининг кириш сўзини, "Ота юртингиз, қадимий Ўзбекистонга хуш келибсиз"дан бошлаган.

Бунинг ортидан, Туркия халқига ўзининг улкан ҳурматларини изҳор этган.

Бу ташриф, энг аввало, Ўзбекистон биринчи президенти ва кейин ўзбек халқига кўрсатилган бир эҳтиром эканини айтган.

"Ислом Каримов худди Отатурк,.. каби мустақил Ўзбекистоннинг асосчиси бўлгани"ни таъкидлаган.

Туркия Ўзбекистоннинг мустақиллигини тан олган ва ўша пайтда ўзларига кўмак берган биринчи давлат бўлгани, буни ҳеч қачон унутмасликларини баён қилган.

Президент Эрдўғоннинг, "Ўзбекистон Туркиянинг минтақадаги стратегик ҳамкори", деган сўзларига тўлиқ қўшилишини билдирган.

Бугун Самарқандда учрашиб туришар экан, булар барчасини ҳаётга тадбиқ этишнинг энг пайти эканини урғулаган.

Мақсадлари - алоқаларида ўзаро тенглик, ҳурмат ва манфаатли ҳамкорликка асосланган янги бир даврни бошлаш эканини айтган.

Эрдўғон нималар деди?

Туркия президенти эса, ўз чиқишини Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан яна бир бор ўз таъзияларини изҳор этишдан бошлаган.

Ўзбекистон Туркия учун муҳим бир ўлка эканини таъкидлаган.

Минтақавий жиҳатдан ҳам Ўзбекистоннинг аҳамияти катта эканини эътироф этган.

Ўзбекистоннинг сиёсий барқарорлиги ва иқтисодий тараққиётига ишончи комиллигини билдирган.

"Янги даврда Ўзбекистон ва Туркия халқлари ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш - энг муҳим мақсадларидан бири" эканини баён қилган.

Тарихча ўрнида

Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг шу йил 3 сентябр куни Самарқандда бўлиб ўтган расмий дафн маросимида Туркияни Бош вазири ўринбосари Туғрул Туркеш тамсил этган.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон ва Бош вазир Йиналим Билдиримлар эса, марҳум президент яқинлари ва ўзбек халқига ўз таъзияларини Туркиядан туриб изҳор этиш билан чекланишганди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистондаги расмий манбалар ҳали президент Ислом Каримовнинг ўлимини тасдиқламаган пайтда, Туркия Бош вазири бу хабарни кенг жамоатчиликка маълум қилган илк хорижий давлат раҳбарларидан бири ҳам бўлганди.

Жаноб Йилдирим Туркия Вазирлар Маҳкамасининг 2 сентябр кунги йиғилишида бу ҳақда маълум қилган, "Ўзбек Президенти Ислом Каримов оламдан ўтди. Аллоҳ уни раҳматига олсин. Туркия Республикаси ўзбек халқининг қайғусига шерик", - дея ўз ҳамдардликларини изҳор этганди.

Унгача Буюк Британиянинг "Рейтер" ахборот агентлиги уч дипломатик манбасига иқтибосан бу ҳақда хабар тарқатган. Аммо бу хабар ҳам расман тасдиғини топмай қолаётганди.

17 ноябр куни кечқурун эса, Самарқанд аэропортида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғонни ҳам Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов қарши олган.

Президент Эрдўғоннинг Шавкат Мирзиёев билан Самарқанддаги учрашувлари акс этган суратларда Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг беваси ёки қизлари кўзга ташланмаган.

Хабарларга кўра, жаноб Эрдўғон Ўзбекистон муваққат президенти ва Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан "уч соатча" музокара олиб борган.

Имом Бухорий ҳазратларининг мақбараларини зиёрат қилиб, ўша ерда жума намозини ҳам ўқиган.

Бунинг ортидан, Имом Мотурудий ҳазратларининг мақбарасига ҳам ташриф буюрган.

Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиб, Ўзбекистонга сафарини якунлаган. Туркияга қайтган.

Ўзаро муносабатлар

Бу икки туркийзабон давлат ўртасидаги муносабатлар 90-йиллар бошларигача гуллаб-яшнаган.

Аммо президент Ислом Каримов сиёсий мухолифлари Туркиядан бошпана топиб, расмий Анқара уларни ортга қайтаришдан воз кечаркан, бу алоқалар ҳам совий бошлайди.

Ундан буёғига бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳам сиёсий ва ҳам иқтисодий маънода силлиқ кечмайди.

Кузатувчиларга кўра, айнан марҳум Ислом Каримов тузумининг асосий мухолифларидан бири бўлган "Эрк" демократик партияси раҳбари ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг Туркиядан бошпана топиб келаётгани воқеълиги бу масалада ўз сўзини айтмай қолмайди.

Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг Туркияга сўнгги сафари 1999 йилга тўғри келади.

Ражаб Тойиб Эрдўғон эса, ҳали Туркия Бош вазири бўлган 2003 йилда охирги маротаба Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Унгача Турғут Ўзал, Сулаймон Демирел ва Аҳмед Неждет Сезер Ўзбекистонга сафар қилган уч Туркия президенти бўлишган.

Президент Ислом Каримов 25 йиллик бошқаруви ортидан, шу йилнинг 2 сентябр куни 78 ёшида вафот этганди.

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев эса, орадан бир ҳафтача ўтиб, расмий Тошкент ташқи сиёсатда марҳум президент Ислом Каримов даврида қабул қилинган концепцияга содиқ қолишини баён қилган.

Жаноб Мирзиёевнинг бу сўзлари Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг 8 сентябр кунги қўшма мажлиси чоғида янграган.

Муваққат президент ва Бош вазир Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг устивор йўналишларидан бири - ўзаро миллий манфаатлари боғлиқ бўлган Марказий Осиё минтақаси бўлиб қолаверишини таъкидлаган.

Ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли алоқаларни тараққий топтиришни давом этдириш масаласида сўз кетганда, Шавкат Мирзиёев Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларини умумиятла тилга олиб ўтганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ