Мухлислар Бош мураббий истеъфосини талаб қилмоқда

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи socialmedia

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жанубий Корея термасига ютқазиб қўйганидан буён ижтимоий тармоқларда Самвел Бабаяннинг истеъфоси тинмасдан сўралмоқда.

Айримлар эса, "коррупцияга ботган", деган иддаода "футболга барҳам бериш" керак демоқда.

15 ноябр куни Ўзбекистон жамоаси Жанубий Корея билан 2018 йилда Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашди.

Ўйин 2-1 ҳисобида кореяликлар фойдасига ҳал бўлди.

5 ўйиндан 9 очко жамғарган Ўзбекистон терма жамоаси учинчи ўринни эгаллаган ҳолда жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини ҳамон сақлаб қолмоқда.

Аммо гуруҳдаги энг кучли рақиб деб қаралаётган Эрон ва Жанубий Кореяга қарши ўйинларда очко ола олмаслик мухлисларни умидсизликка туширган ва ғазабига сабаб бўлган.

15 ноябр куни "Твиттер"да бошланган #babayanout ҳештеги билан ёзилувчи твитлар сираси бир неча кундан бери тинмаяпти.

Асосий талаб Ўзбекистонда ушбу гуруҳда бериладиган тўғридан-тўғри икки йўлланмани қўлга киритиш учун имконият бор вақти мураббий алмашиши бўлмоқда.

Уларга кўра, "Пахтакор" клубининг собиқ Бош мэнежери бўлган Самвел Бабаян терма жамоа ўйинларида ўзининг собиқ жамоадошларига кўпроқ хайрихоҳлик кўрсатмоқда.

"Ҳисоб-китоб"

Бир мухлис 2016 йилда Бабаян томонидан терма жамоа йиғинларига "Пахтакор"дан қанча ўйинчи чақирилганини ҳисоблаб чиққан.

"2016 йилда Пахтакордан МТЖга 14 (!)та футболчи чақирилибди. Сергеевниям қўшса 15та бўларкан. Э, қойил, "Барселона"данам бунча чақирилмайди. Бабаян кетиши шарт! У МТЖга номуносиб! Энг асосий сабаб - "Пахтакорпарастлиги"! Лобанов, Сергеевлари рекламасини миллат жамоасида қилмасин. У "Пахтакор" ҳақида ўйлаган доим," - дейди "Твиттер"даги мухлис.

Ўзбекистон футбол мухлислари клуби раиси Абураҳмон Фозилов ҳам мағлубиятдан сўнг эҳтиросларини яшира олмаган.

"Бу жамоа миллий терма жамоа! Шахсий маркетинг, ўйинчи реклама қилиб сотиш жойи эмас", - деган у.

Бироқ Бабаяннинг терма жамоани "Пахтакор" ўйинчиларини сотиш мақсадида фойдаланаяпти деган қарашларга кескин қарши фикр билдирганлар ҳам бор.

"Ўйинчиларни реклама қилаяпти сотиш учун дейиш ҳам ғирт аҳмоқлик. Ўзида ўйнаган қайсидир ўйинчига кўпроқ ишонч билдираётган бўлиши мумкин. Агар, мақсад реклама бўлганда, айнан мухлислар талаб қилаётган Машарипов ҳар доим ўйнаган бўларди. Искандаров ўйнаган бўларди", - дейди яна бир "Твиттер" фойдаланувчиси.

Фикр билдирувчилар Ўзбекистон Футбол Федерацияси нима сабабдан хориждан малакали мураббий олиб келмайди, деган талабни ҳам олдинга суришган.

Мухлис ва мутахассислар эътиборини ўйинчиларнинг Сеулга оддий қатнов билан эмас, балки чартер рейс орқали учгани ва дарвозабон Александр Лобановнинг ортиқча вазни тортган.

Ўйинни эпизодларга бўлиб таҳлил қилган журналист Қаҳрамон Асланов биринчи гол айнан дарвозабоннинг сакрай олмагани сабабли киртилганини айтади.

"Дарвозабонимизнинг бўйи + қўлининг тахминий узунлигини қўшсак, Лобанов бу вазиятда максимум 15-20 сентиметр баландликка сакраганини кўрамиз, холос. У қадар баланд бўйга эга бўлмаган дарвозабонлар учун тезлик, реакция, сакраш жуда муҳим аҳамият касб этади. Бу нимаси? 15 сантиметр? Криштиану Роналду 78 сантиметрга сакраркан, мисол учун," - дейди Асланов.

"Ўзбекистонда футболни тугатинг"

"Твиттер"даги яна бир фойдаланувчи эса, Бабаян кетгани билан муаммо ҳал бўлмаслигини, "Ўзбекистонда умуман футболга барҳам бериш керак", - деган таклифни ўртага ташлаган.

"Яна вазифани тўғри тушунмаяпсизлар, Бабаянни эмас, футболни тугатиш керак. Хўжалик, соҳа, тармоқ сифатида ўзбек футболи деган тушунча йўқ бўлиши керак. Ўзбек футболчилари бўлиши мумкин. Миллий чемпионат бутунлай тугатилиши керак. Ҳаваскорлар, болалар ўртасида бемалол", - дейди у.

Унга кўра, футболдаги барча харажатлар солиқ тўловчиларнинг зиммасига тушмоқда. Натижа эса кўрингани йўқ.

"Нега бунинг харажатини сиз, мен - ҳаммамиз кўтаришимиз керак? Булар чартер рейсда учганига бало борми? Муз (ЎФФ президенти Мираброр Усмонов назарда тутилмоқда. Би-би-си таҳрири) тўлади ҳаққини дейсизми, сиз ва мен тўлаганмиз бунинг ҳаққини. Орангизда қанча операцияга муҳтож беморлар бор. Биронтаси Ҳиндистонга зудтар операция учун валюта олишга ҳаракат қилсин-чи, ола билармикан", - деб куйинади у.

"Твиттер" фойдаланувчисининг ёзишича, футболга сарфланаётган ҳамма пул медицинага сарфланса, ҳаёт сифати анча ўзгаради.

Унинг иддоа қилишича, Ўзбекистонда йирик ташкилотлар футбол орқали ноқонуний даромадларни ўзлаштиришлари мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг