Би-би-сига мактуб: "Халқ шоири" ўрнига "Ҳукумат шоири" унвони жорий этилса...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Muhammad ismoilning Facebook sahifasidan olindi
Image caption Муҳаммад Исмоил мамлакат Бош вазирига мурожаат қилганди

Ҳозир Бош Вазирга хат, интернет, аудио ва видео мурожаат қилиш роса урф бўлди. Рости, кўпларида жиддий масалалар кўтарилган. Элдан ортда қолмай деб мен ҳам мурожаат қилсам.

Яқинда жамоатчилик, айниқса, ўзбек виртуал оламида ўта фаол бўлган шоир Муҳаммад Исмоил мамлакат Бош вазирига мурожаат қилиб, ижодкорларга ҳукумат кўпроқ эътибор қаратиши, уларни ўз қаноти остига олиши лозимлиги ҳақида айтди.

Шоир сўзини асослаш учун, жумладан, Ҳусайн Бойқаро ҳам Алишер Навоийнинг этагини сира қуйиб юбормаганини тарихий далил сифатида келтирди.

Гапнинг пўсткалласини айтганда, шоиримиз ўзбек ижодкорлари ҳукуматнинг айнан йўриғи ва маънавий (моддий) етовида бўлиши лозимлигини айтмоқда.

Эй, унда бутун дунё ижодкорлари бир умр талпинадиган эрк ва ҳурлик, ижодий мустақиллик қайда қолди, деб сўрайдиган мард йўқ. Албатта, Дўрмондаги ижод уйидан чиройли ва шинам чорбоғ олиб, мамлакат ютуқларини кўкларга кўтариб асар ёзиш, катта-катта қалам ҳақи олиб, ялтироқ кўкрак нишонини тақиб "халққа пешвоз" чиқишга нима етсин.

​Шу сабаб, халқнинг дардини эмас, ҳукуматнинг ютуқларини дўмбира қилиб чаладиган ижодкорларимиз учун "Ҳукумат ёзувчиси" ёки "шоири" деган унвон жорий қилиниб, у давлат томонидан ўзини кўрсата олган ижодкорларга берилса.

Ахир ҳозир айрим ижодкорлар қанчадан қанча пул сарфлаб, танқидчию тақризчи ёллаб, қатор-қатор китоблар чоп этиб, раҳбарлар нигоҳига тушиб қоларманми, дея бошини турли ҳукумат тадбирларига уриб ётибди.

Ана ўшаларга берилсин шу унвон, ҳеч бўлмаганда сарфлаган пули оқланади - ижодкорнинг ҳам, ҳукуматнинг ҳам. Халқ ичида сарой шоири деган гап ҳам юради, лекин ижодкорлар ҳурмати учун бу эски, архаик атамани ишлатиш ўринсиз бўларди.

Ахир ҳар бир ижодкорнинг ўз ҳамияти бор.

​Халқ шоири ёки ёзувчиси деган унвон ҳам йўқ бўлиб кетмайди. Уни вақти келганда халқнинг ўзи беради. Қишнинг қирчилламасида электр ва газ йўқлигидан қоронғу, зах ва совуқ уйда тарашадек увишган, тинимсиз йўталиб ётган боласини эмизаётган жувон дардларини кўтариб чиқа оладиганларга халқнинг ўзи унвон беради.

"Дунёни лол қолдирган" ютуқларни мадҳ этувчилар, марҳамат, ҳукумат унвонини олаверсин, ҳалолингиз бўлсин! Лекин сўз тўғри қўлланилсин деймиз, холос.

Ўзбекистонлик муштарий

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг