Сайлов 2016: Сохта номзодларнинг кучи нимада?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter Screenshot
Image caption Twitter даги сохта Кетмонов

Президентлик сайловларида қатнашаётган сиёсий партиялар бирин-кетин ижтимоий тармоқлардаги сохта саҳифалардан огоҳликка чақирмоқда.

Уларнинг хавотирига Ҳотамжон Кетмоновнинг сохта ҳисобидан Twitterда ўтказилган сўровда асосий номзод Шавкат Мирзиёевга жиддий рақобат кўрсатаётгани ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Халқ демократик ва "Адолат" партиялари бирин-кетин ўз номзодларининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларини эълон қилган. "Адолат" партияси ижтимоий тармоқлардаги сохта номзодлардан эҳтиёт бўлишга чақирган.

Халқ демократик партиясидан сохта номзод Twitterда ўтказилган сўровномада 35 фоиз овоз олиб, Мирзиёевга жиддий рақиб эканлигини кўрсатган.

"Адолат" партияси сайловчиларни сохта номзодларнинг "номақбул фикр ва ножўя маълумотлари"га ишониб қолмаслик учун номзод Наримон Умаровнинг ҳақиқий саҳифаларини кўрсатиб ўтган.

"Юртимиздаги мазкур жараённи ғаразли ниятларда кузатиб турган баъзи инсонлар ушбу номзодларнинг ижтимоий тармоқларда сохта аккаунтларини очиб, гўё номзодлар номидан турли номақбул фикрлар, ножўя маълумотларни тарқатишмоқда. Бу ўз навбатида, номзодларнинг ҳақиқий аккаунт ва саҳифалари қайси бири эканлиги борасида фойдаланувчиларда шубҳа ва адашмовчиликларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда", дейилади партия баёнотида.

Бироқ "Адолат" партиясидан номзод Умаровнинг твиттердаги саҳифасини 32 одам ўқийди. Айни вақтда унинг сохта саҳифасини эса 70 киши кузатиб боради.

Сохта номзодларнинг ичида энг машҳур ҳисоб - Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмоновга тегишли.

Кетмонов номидан Twitterда очилган сохта саҳифани мингдан ошиқ ўқувчи кузатиб боради. Айни дамда Ҳотамжон Кетмоновнинг ҳақиқий саҳифасини ўқиб борадиганлар сони 100 тага ҳам етмайди.

Рус ва ўзбек тилларида юритиладиган ушбу саҳифа ҳақиқий номзодлардан фарқли равишда ўз ташвиқотини халққа яқинроқ тилда ва табиийроқ олиб боради.

У парламент бошқарувини жорий қилишдан тортиб, диний эркинликлар бериш ва четдаги меҳнат муҳожирларини ортга қайтариш каби ваъдаларни берган.

Сохта Кетмонов ҳақиқий Кетмоновдан фарқли равишда жамиятдаги муаммоларни очиқ гапириши ва асосий номзод Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини сўроқ остига олувчи фикрларни ёзади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter
Image caption "Кетмонов"нинг ваъдалари ичида Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини Тошкент шаҳрига ҳоким сифатида олиб келиш ҳам бор.

"Ўзбекистоннинг Сингапурдан қаери кам? Сингапур бошқа кўплаб давлатлар қатори қонунга амал қилган ҳолда, табиий бойликларсиз оёққа турди. Ўзбекистон табиий захираларга бой, биз Сингапурдан ўтиб кетамиз", - деб ёзади у.

Бошқа томондан бир қарашда диндор, бир қарашда ўта либерал фикрлар қолдириш орқали Twitter фойдаланувчилари орасида шунчаки қизиқчи фойдаланувчи сифатида ҳам эътироф этилган.

Унинг дунёдаги машҳур сиёсатчилар билан ҳақиқий Кетмоновнинг расмини фотошоп дастурида таҳрир қилиб жойлаштириши ҳам ўқувчилар эътиборини тортган.

"Кетмонов"нинг ваъдалари ичида Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини Тошкент шаҳрига ҳоким сифатида олиб келиш ҳам бор.

У таклифини Саакашвилига Twitter орқали билдирган ҳам. Аммо грузиялик сиёсатчи ушбу мурожаатни жавобсиз қолдирган.

Сохта номзод шу даражада фаоллашиб кетдики, айрим ўзбек интернет нашрлари адашиб унинг саҳифасини иқтибос сифатида келтиришгача борди.

Telegrаf.uz сайти "Ҳотамжон Кетмонов самарқандлик сайловчилар билан учрашди", номли хабар ичига Кетмоновнинг сохта аккаунтини келтириб ўтган.

Албатта, ушбу хато дарҳол тузатилди. Аммо Сохта Кетмонов хабарнинг скриншотини олишга улгурганди.

"Бугунги кунда Ўзбекистонда на президентликка номзодлар, на уларни қўллаётган партияларнинг ҳукуматга ёки бир-бирига сиёсий мухолиф эмаслигини кузатиш мумкин," - деб ёзади Кетмоновнинг Twitterдаги сохта аккаунти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter screenshot
Image caption 59 фоиз одам Шавкат Мирзиёевга овоз берган бўлса, Кетмоновга овоз берувчилар 35 фоизни ташкил қилган.

Сохта Кетмонов Twitterдаги саҳифидасида кимга овоз берасиз, деб сўровнома ҳам ўтказган. Унда 59 фоиз одам Шавкат Мирзиёевга овоз берган бўлса, Кетмоновга овоз берувчилар 35 фоизни ташкил қилган.

Айрим Twitter иштирокчилари сохта Кетмонов сайловлар очиқ ўтса номзодлар асосий даъвогар Шавкат Мирзиёевга етарли қаршилик кўрсатишини амалда исботлаганини айтишган.

Кузатувчилар сайловларда Шавкат Мирзиёевдан бошқа номзодлар 10 фоизлик довондан ўтиши ҳам даргумонлигини айтишади.

Бундан ташқари номзод Шавкат Мирзиёевнинг ҳам ўзини расмий саҳифа дея таништирувчи аккаунти бўлиб, унинг ўқувчилари сони 2,5 мингдан ортиқни ташкил қилади.

Ушбу саҳифа бошқа сохта аккаунтлардан фарқли равишда Мирзиёевнинг дастурларини тарғиб қилиш билан шуғулланса ҳам, унинг 2013 йилда очилгани ва бу вақтгача бошқа ном сифатида етарли ўқувчи йиғиб олгани ҳам бу ҳисобнинг ҳам сохталигидан дарак беради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ