Туркия жангари деб кўрган ўзбекни ҳибсга олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Hurriyet
Image caption Азизжон Бекраев ва Наврўз Қосимов

Туркиянинг Ҳуррият газетаси ёзишича, Исломий Давлат (ИШИД) жангари гуруҳининг аъзоси бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари Истанбулда ўзларини портлатишга тайёрланганликда айбланиб ҳибсга олинганлар. Айтилишича, икковлон суиқасд ҳужумини амалга ошириши учун рўйхатга исм-шарифларини ёздирганлар.

Хабарга кўра, Туркия анти-террор кучлари сешанба куни ўтказган махсус амалиётда 36 киши ҳибсга олинган.

Бунёд исми остида амал қилган 23 ёшли ўзбекистонлик Азизжон Бекраев, ҳамда Зубайр исми билан амал қилган 26 ёшли тожикистонлик Наврўз Қосимовлар Суриядаги жанг майдонларида бомба тайёрлашни ўрганганлари ва Истанбулда суиқасд ҳужумини амалга оширишга шайланганлари гумон қилинади.

Мақолага кўра, махсус амалиётда яна бир ўзбекистонлик ва бир озарбайжонлик суиқасд бомбалари билан биргаликда қўлга олинганлар.

Хабар қилинишича, туркия хавфсизлик кучлари мазкур шахсларни узоқ вақт кузатганлар, уларнинг исм-шарифлари ИШИДга боғлиқ шахслар рўйхатида қайд этилган.

Яна бир қатор гумондорлар ўз мамлакатларига депортация қилинишлари айтилди.

Сурия ва Ироқдаги "Исломий давлат" сафларида бир неча юз ўзбекистонлик жанг қилиши ишонилади. Уларнинг аксари Туркия орқали Сурия ва Ироққа ўтишга муваффақ бўлишган.

Туркияда, шунингдек, Ўзбекистондаги диний таъқиблардан қочган юзлаб одамлар расмий ва норасмий бошпана топганлар.

Ғарб ҳукуматлари Туркияни Исломий Давлат сафига қўшилишга отланаётган шахсларни тўхтатиш йўлида жиддий чоралар кўрмасликда айблаган.

Ўтган ҳафта Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Ўзбекистонга сафар қилиб амалдаги президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди.

Икки раҳбар ўзаро ҳамкорликлардаги янги саҳифа, хусусан визасиз борди-келди ҳақида гапирганлар, аммо террорга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик ҳам муҳокама қилингани ёки қилинмагани номаълум.

Турк хавфсизлик кучлари ўтган июнь ойида Истанбулдаги Отатурк аэропортида қилинган суиқасд ҳужумлар ортида бир ўзбекистонлик ҳам борлигини айтган, аммо кейинроқ бу маълумот исботланмаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг