Неймар 2 йилга қамалиши сўралди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Неймар аввалроқ судда кўрсатма берган

Испания прокурорлари Барселона футбол жамоаси ҳужумчиси Неймарга коррупцион ишдаги иштироки учун икки йиллик қамоқ жазо белгиланишини сўрашди.

Мазкур можаро Неймарнинг 2013 йилда Бразилиянинг Сантос клубидан трансфер қилинишига боғлиқдир.

Ҳакам Ҳосе Пералс, шунингдек, Барселона клубининг собиқ президенти Сандро Роселнинг беш йилга қамалиши ва клубга 8,4 миллион евро жарима белгиланишини сўради.

Росел, Неймар ва унинг отаси энди судга тортилиши кутилади.

Судга шикоятни Бразилиядаги DIS сармоя гуруҳи топширган. Арзга биноан, бу гуруҳ Неймар трансфер ҳуқуқларининг 40 фоизига эгалик қилган, аммо у трансфер қилинганида гуруҳга кам пул берилган.

Росел мазкур можародаги роли туфайли 2014 йилда истеъфо берган ва февралда Бартомеу, Неймар ва Неймарнинг отаси билан биргаликда судда кўрсатма берганди.

Барселона клуби июнь ойида бошқа бир масала бўйича прокурорлар билан келишишга муваффақ бўлган: клуб Неймар трансфери ортидан солиқдан бош тортгани учун 5,51 миллион евро жарима тўлаганди.

Барселона мазкур можародан қутулганига ишонганди, аммо Испания прокурори суд ҳукмини сентябрда бекор қилди.

Неймарнинг жамоадоши Лионел Месси йил бошида солиқ фирибгарлиги учун 21 ойлик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

У ҳукмга қарши арз қилди, аммо Испания қонунларига биноан, икки йилдан кам қамоқ жазоси одатда шартли жазо ҳисобланади.

Ноу Кампга ўтганидан бери 24 ёшли Неймар иккита Ла Лига, иккита Копа дел Рей, битта Чемпионлар Лигаси, Европа Супер Кубоги, Испания Супер Кубоги ва Клуб Жаҳон Кубогини ютишга муваффақ бўлган.

У октябрда Барселона билан яна беш йиллик шартномага имзо чекди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар