Ўзбекистонлик тадбиркорлар нимадан норози?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot YouTube
Image caption YouTubeда машҳурлашаётган видеодан расм

Ижтимоий тармоқларда тадбиркорлар томонидан Шавкат Мирзиёевга қилинган мурожаат оммалашмоқда. Унда ҳукуматнинг ваъдаларига қарамасдан тадбиркорлар олдида турган муаммолар барҳам топмаётгани чизмалар орқали кўрсатиб берилган.

YouTube га жойлаштирилган видеолардан бири Facebook да 500 марта улашилган ва 15 минг атрофида одам томоша қилган.

Видео мурожаатда айтилишича, шу йилнинг 27 октябр куни Тошкент шаҳрида 50 минг тадбиркор иштирокида ўтган турли бинолардаги йиғилиш қатнашувчиларнинг умидини оқламаган.

"Улар (тадбиркорлар-таҳ.) 3 та муҳим муаммо ҳал бўлади деб ўйлашган эди. Обнал (нақд пул. Би-би-си таҳр.), конвертация ва солиқ. Лекин йиғилишда ҳамма билган хайрли фармонни ўқиб беришди,холос," - дейилади мурожаатда.

Унда айтилишича, бўлиб ўтган йиғилишда тадбиркорлар ўзлари дуч келаётган муаммоларни қоғозга ёзиб узатишган. Аммо унинг ечими муҳокама қилинмаган.

Видео мурожаат нақд пул муаммоси келиб чиқишига бир неча сабабни келтирган. Улардан энг муҳими носоғлом банк тизими кўрсатилган.

"Тижорат банкларидан нақд пул тушумларининг 50 фоизини Марказий Банк олиб қўймоқда. Валюта конвертацияси йўқлиги боис нақд пулга бўлган талаб ошиб бормоқда. Нақд пул тушумларининг асосий манбалари маълум амалдорлар томонидан қўлган олинган".

Иқтисодчиларга кўра, нақд пул тушумларининг 50 фоизи Марказий Банк томонидан олиб қўйилиши, нақд пулга бўлган сунъий етишмовчилик яратаётгани айтилади.

Валюта конвертациясининг йўқлиги эса нақд пулга бўлган талабнинг кескин ошиб кетишига олиб келган. Чунки товар ва хом-ашё олиб кириш учун валютага эҳтиёж бор. Уни банкдан ололмаган тадбиркорлар сўмларини банкдан олиб қора бозорда доллар сотиб олишга мажбур.

Видеода айтилган гапларни ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам тасдиқлашган.

"Тўппа-тўғри, ахир ҳамма мажбурлигидан обнал қилади. Мажбурлигидан кўчадан олади валютани. Ҳеч ким атайлаб бузмайди конунни. Оддий мисол, ўзимизда ишлаб чикарилган печенье маҳсулотларини пальма ёғи ва Қозоғистон унисиз ишлаша олмайди. Чунки булар асосий ингредиентлардир (80% Ташкил килади). Энди савол унга доллар керак, пальма ёғига доллар керак. Қаердан олсин? Фақат нақд пулга кўчадан олади. Чунки бошқа иложи йўқ", - деб ёзади Бобур Талипов.

Мурожаатда нақд пул тушумларининг асосий манбалари маълум амалдорлар томонидан қўлга олингани айтилади.

"Бу коррупция натижасида яқин йилда обнал фарқи 6-10 фоиздан 20-35 фоизга етди. Бу дегани ҳар бир товар нархига устама 20-35 % қўшилмоқда ва охирида истеъмолчи - халқ тўламоқда. Мансабдор шахслар бу муаммонинг асл сабабини бартараф қилиш ўрнига тадбиркорларга босим қилишмоқда. 22 ноябрда чиққан 265 чи сонли ҳукумат телеграммаси бунга мисол," - дейилади видео мурожаатда.

Ҳукумат телеграммаси муаммога ечим эмас

Ахборот сайтларидаги хабарлардан маълум бўлишича, 22 ноябрда вилоят ва шаҳарлардаги барча раҳбарларга юборилган телеграммада пластик картадаги пулларнинг устига пул бериб нақдлаштириш ва молларни пластик картага сотиш жараёнида қўшимча нарх қўйишга барҳам бериш зарурлиги уқтирилади.

Бироқ видео мурожаатда бу ишга тақиқ қўйиш муаммога ечим эмаслиги айтилади.

"Ахир тадбиркор банкдаги пулини йўқотишсиз 100 % нақд қилиб олганида эди, бундай ҳолатларга ҳеч қачон йўл қўйилмасди," - дейилади унда.

Ижтимоий тармоқларда фикр қолдирган тадбиркорлар ушбу видео мурожаатда кўтарилган муаммолар мавжуд эканлигини эътироф этишган.

"Ҳамма муаммо конвертацияга бориб тақалади. Шуни ҳал қилишса қолгани ўз ишига тушади. Валютага четдан нарса олиб келганлар пулини банкда банкда конвертация қилолмайди"

Ҳукумат томонидан нақд пул муаммосини ечиш мақсадида нархларни назорат қилишга қаратилган телеграмма ҳам танқидга учраган.

"Бу билан муаммо ҳал бўлмаслиги 100% аниқ, 25% устига куйиб сотаяптими шунга мажбур тадбиркор, буни хеч ким ўйламайди. Нимага у унақа сотаяпти, деб ўзига ўзи савол бермайди. Фақат буйруқ килиб тушир дейди, кўтармаса қандай туширади? Майли туширар, лекин бошқа йўлини топади. Охир оқибат жабрдийда барибир оддий истеъмолчи. Чунки тадбиркор фойда олмаса ишламайди! Униям бола чақаси бор, ишчи ўрин яратаяпти, солиқ тўлаяпти, нимага энди ўзи учун даромад қилиши керакмас," - дейди Фаррух Алиев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.