100 аёл: Бувижонларимизнинг енгил бўлмаган ҳаёти

Би-би-си Жаҳон Хизмати "100 аёл" мавсумини давом эттирмоқда.

Мавсум мобайнида йирик ўзгаришлар учун ўзини фидо қилаётган ва кўзга кўринарли муваффақиятларга эришган машҳур аёллардан тортиб, оиласи, рўзғори юкини ташиётган оддий хотин-қизлар ҳақида ҳам сўз юритилади.

Ўтган аср бошларида эндигина паранжидан чиққан ва чиқарилган Марказий Осиёдаги бувиларимиз қандай ютуқларни қўлга киритган эдилар?

Айрим бувижонларимиз ишлашган, айримлари фарзандлари саводи билан шуғулланган, аммо ҳар ҳолатда ҳам ҳаётнинг пасту-баландликларига чидашганига шубҳа йўқ.

Би-би-си Ўзбек Хизмати эски албомлардаги бувижонларимиз фотосуратлари ортидаги бир неча ҳикояни эътиборингизга ҳавола этади.

Зубайда Довуд қизи. 1907 йили Самарқандда туғилган. У бой, ўзига тўқ оилада ўсиб улғайган. Ёшлигидан билим олишга қизиққан. Зубайда буви таҳсилни Москва ва Ленинград шаҳарларида олиб келганидан кейин, Шўро тизимларида ишлаб, фаол қатнашган. Сталин даврида Туркистон Инқилобий адлия тизимида ишлаган турмуш ўртоғи қатағон қилинди. Зубайда буви халқ душмани оиласи тамғаси билан яшаган. У Тошкент "женсоветлари" бирида ишлаб, халқ орасида "Комиссар хола" деб танилганди. Умрининг охиригача маршал Рокоссовский ва Жуков хотиралари билан бирга Қуръони Kаримни ўқиб юрган.

Ҳидоят Ашурбоева. 1922 йилда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида таваллуд топган. Ота-онаси дунёдан эрта ўтишади ва у опасининг қўлида қолади, турмуш қуради. 1942 йилда эри урушга кетиб, бир фарзанди билан қолади. Орадан 3 йил ўтиб эридан "қорахат" келади. Ўшдаги вазият оғирлашгани учун опаси билан Душанбега, узоқ қариндошларининг уйига келишади. Ўша ерда опаси уни хўжандлик Мусо Ғози ўғли деган йигитга турмушга беради. Улар Хўжандга қайтишганидан кейин бир муддат ўтиб, Ҳидоятнинг "қорахат" келган эри урушдан қайтиб, Хўжандга ҳеч қачон кўрмаган фарзанди ва хотинини излаб келади. Ҳидоят Ашурбоеванинг фарзандларидан бирига сўзлаб берган ҳикояси:

"Ажаб замонлар эди, битта нонга ҳам қизларини бериб юбораверишарди, ҳозирги тўқчиликни қара...Опам билан етим қолдик...Ҳеч қаерга сиғмадик. Ишқилиб, ўн тўрт ёшимда қўшни йигитга узатишди. Бир ой ўтиб уруш бошланди. 6 ойдан кейин эрим урушга кетди, қаппайган қорним билан қолдим. Уч ой ўтар-ўтмас суқсурдай ўғил туғдим, Муҳсинжон дедим. "Даданг бир кўрса эди сангинани" дедим. Кечалари йиғладим, чок тикдим, кундузлари далада ризқ тердим, "Муҳсинжон даданг бир кўрса", деб ўнгимда ҳам тушимда ҳам Худодан сўрайвердим. Йил ўтди қўлимга бир парча қорахат келтириб бердилар... Бир кун опам гап топиб келди. "Сани эрга бераман, эр чиқди деди". Кўрмаганимни сан икки ёшга тўлганингда кўрдим болам, ҳеч ёдимдан чиқмайди. Қўшнининг қизи келиб, "ташқарида бир тоға сўрайди сизни деди". Рўмолимни бошимга ташлаб чиқдим...Кўрдиму қотдим, оёғим остидан ер қочди, ҳамма нарса чирпирак бўлиб кетди...Муҳсинимнинг отаси ҳарбийча кийими билан дунёмни ўзига жамлаб турарди. Аҳ болам, болама, нима қиларимни билмасдим...Айтгани шу бўлди "Ҳидоят, юр кетамиз, ҳаммасини кечираман, яна бошқатдан яшаймиз, қизингни ҳам ол, ўғлимни ҳам ол, эрта шу пайт тайёр бўлиб тур, кетасан…"

Йиғлаб-йиғлаб уйга кирдим, дардимни опамга ёрдим. "Ўлдиради сани" деди, "болани олиб қолади, ўзингни ўлдиради, нима қиласан" деди. Юрагимга неча бор кўмгандим уни. Нега келди дедим. Тонггача телба бўлдим. Художонимдан сўраганим бир кўрсин дегандим, Муҳсинимни бир кўрсин дегандим...Эртасига яна келди. "Кетмайман" дедим. Муҳсинга қанд қурс берди, кийим бош қилди. "Бир айлантириб келаман" деди. Бола эмасми Муҳсиним қўшилиб кетди. Бир соат ўтди, икки соат, кун кеч бўлди. На Мўмин қайтди, на Муҳсиним қайтди..." (Суратда Ҳидоят Ашурбоева иккинчи эри Мусохон Ғози билан)

Рисолат Рaсулова. (Расмда чапдан иккинчи) 1926 йили Тошкентда тужжор оиласида туғилган. Марказий Осиёда очилган илк oлийгоҳнинг филология факультетига кирган биринчи қизлардан эди. Дастлаб маҳаллий рўзномалардан бирида корректорлик вазифасида иш бошлаган ва кейинчалик Ўзбекистон Олий Кенгаши бўлимларидан бирида Шароф Рашидов раҳбарлиги остида ишлаган.

Ғайнижамал Султонғози қизи. 1910 йилда Қозоғистон шимолидаги Кустанай вилоятида туғилган. Тўрт фарзанднинг онаси, 20 та набираси учун ҳам у "она" эди. Ҳар якшанба бозорга тушганда ўзи билан "бегона" одамларни бошлаб келган. Кейин билишса уларнинг ҳаммаси узоқ-яқин қариндошлар экан. Қозоғистондаги "шўролаштириш" даврининг ҳамма машшақатларини чеккан Ғайнижамолнинг ўзига тўқ оиласи бор-будидан ажралди. "Кампеска" дейишарди қозоқлар. (Русча "конфискация" - мусодара сўзидан. Таҳр.) Нима кунларни бошдан кечирмади, лекин бўш келгани йўқ. Фарзандларини оёққа турғизиб, катта бир оилага бош бўлди.

Олима Хайриддин қизи. (чапда) 1890 йиллар Татаристон Самара губерниясининг Мусо овулида дунёга келган. Шу ерда араб ёзувида бошланғич мактаб таҳсилини олган. Қуръон қироати бўйича алоҳида таълим олган. Отаси деҳқонлардан эди, бой эмас, аммо ўзларига тўқ оила фарзанди бўлган. Унинг бобокалони Ҳусниддин бобо Самарада бир муддат шаҳар ҳокими бўлган. Биринчи Жаҳон уруши бошланганидан сўнг Россия империяси қурғоқчиликдан азият чеккан ва бутун оила Марказий Осиёга кўчиб келган. Бухорода умрининг охиригача яшаган. Олима бувининг ҳаёти оғир кечган. Бева қолган Олима 5 фарзандини ўзи ёлғиз катта қилган.

Унинг қизи хотираларидан:

Савдогарлик билан шуғулланиб, юртма-юрт юрган тоғам афғон тужжори бўлган бўлғуси отам билан танишади-да, уч бола билан бева қолган онамни отамга никоҳлаб беради. Уч бола билан гоҳ бу аканинг эшигида, гоҳ у уканинг - кўпроқ Иззат тоғамнинг уйида, янга ва келинлар афти-ангорига қараб кун кўришдан тўйган онам, тилини ҳам, дилини ҳам билмаса-да, бегона юрт одамига турмушга чиқишга рози бўлади. Отам туркийни билмас эди, онам форсийни. Мен онамдан "бир-бирларингнинг тилларингизни билмасанглар, қандай қилиб гаплашардинглар?", деб сўраганимда, онам, - "Отанг жуда оилапарвар инсон эди, ҳамма нарсани мўл қилиб қўярди. Уйда қоплаб ун, гуруч, шакар, хумларда ёғ заҳирасининг кети узилмасди. Мен пазанда эдим, ширин-ширин таомлар пиширишга ҳеч эринмасдим. Тез орада палов пиширишни ҳам ўрганиб олдим, татарча парамач, тўлдирилган товуқ, чакчак, "қуш тили" ва ўрамаларни тайёрлашда уста эдим. Отанг мендан рози, мен эса отангдан. Гапга ҳожат ҳам бўлмаган", дерди.

Бухоролик яҳудий жамоаси момолари. Ўзбекистондаги яҳудий жамоаси бир вақтлар кўп минг сонли бўлган. Ўзбек маданиятининг энг кўзга кўринган, таниқли санъаткорлари Марям Ёқубова, Берта Давидова, Илёс Маллаев ва Муҳаббат Шамаевалар ана шу жамоа вакиллари бўлишган. Бухорода яшаган яҳудийлар жамоаси мамлакатдаги энг йирикларидан эди. Бу суратда ХХ аср бошида Бухорода яшаган яҳудий аёллар акс этган. Шўролаштириш даврида асосан ўзига тўқ яшаган яҳудий оилалари ҳам "коллективлаштириш" жараёнларига юз тутиб, мол-мулклари мусодара этилган, қатағон этилган. Шўролар даврида ҳам уларга нисбатан кўплаб "норасмий" чекловлар мавжуд эди. Совет Иттифоқи қулаши ортидан кўплаб яҳудийлар муҳожиратга йўл олдилар. Ҳозирда Бухорода кам сонли яҳудийлар жамоаси қолган, холос.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг