Ўзбекистон пул сиёсати:"Йирик ўзгаришлар кутилмоқда"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Asia terra
Image caption "Йирик ўзгаришлар кутилмоқда"

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси томонидан муҳокама учун расмий веб саҳифага қўйилган қарор матнидан валюта сиёсатида кенг кўламли эркинлаштиришлар бўлиши айтилади.

Ундан маълум бўлишича, ҳукумат қарор билан валюта айирбошлашни бозор талабларидан келиб чиқиб белигиланишини ва Ўзбекистон ичида товар ва хизмалатларнинг миллий сўмда амалга оширишни йўлга қўймоқчи.

Марказий Банк томонидан таклиф қилинган ва 28 ноябр куни ҳукумат порталига очиқ муҳокамага қўйилган қарор лойиҳаси валюта бозорини либераллаштириш учун устувор йўналишларни белгилаб олган.

Ҳужжатда айтилишича, тадбиркорларга хусусий активларни ўз ихтиёрига кўра бошқариш ҳуқуқи берилиши мумкин. Ҳукумат барча давлат органларининг назорат-чеклаш орқали бошқариш усулларига ўзгартиришни киритмоқчи бўлаётганини билдирган. Бу билан қулай сармоя ва ишбилармонлик муҳити яратиш кўзда тутилган.

"Экспортёр ва импортёрлар улар томонидан имзоланган ташқи савдо шартномалари бўйича тўлов шаклини валюта назорати қонунчилиги доирасида ўз хоҳишига кўра эркин танлайди", - дейилади қарор лойиҳасида.

Тадбиркорлар яқинда Шавкат Мирзиёевга қилган мурожаатида ўзларига тегишли бўлган чет эл валютасининг 50 фоизини Марказий Банкка ўтказишга мажбур бўлаётганидан шикоят қилган эди.

Ўзгартириш бу каби мажбурий валюта тўловларига барҳам бериши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Валюта нархини бозор белгилайди

Қарор лойиҳасидан англашилишича, миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан қийматини фақатгина бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда ўрнатилади.

Миллий валюта барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи қонунчилик нормаларининг ўрнатилишига йўл қўйилмайди.

Ҳукумат ушбу қарор билан шу вақтгача расмий манбаларда тилга олинмаган валюта курсининг 3 хил нархини ягона ҳолатга келтириб валюта қора бозорини йўқотишга жиддий киришган кўринади.

Айни дамда Ўзбекистонда валютанинг 3 хил курси ўрнатилган. Ҳукумат давлат буюртмалари ва бошқа ҳисоб китобларни расмий курсда юритади.

Ушбу курс бўйича айни кунларда 1 доллар 3176 сўмни ташкил қилмоқда.

Бу нархда Марказий Банкдан доллар сотиб олиш учун тор доирадаги одамларгина фойдаланади.

Четга мол экспорт қилувчи тадбиркорлар эса банк ҳисоб рақамидаги долларни давлат баҳосида сўмга алмаштириши мумкин. Бироқ уларга давлат нархидаги доллар деярли сотилмайди.

Оддий тадбиркорлар эса қора бозор курсидан фойдаланади. Қора бозорда 1 доллар 7000 сўм атрофида бўлиб турибди.

Учинчи курс қора бозордан ҳам қимматроқ бўлиб давлатдан доллар олишни истаган йирик корхоналар учун белгиланган.

Қарор лойиҳасида ёзилишича, энди давлат баҳосида тор доирага доллар сотиш имтиёзлари бекор қилинади. Валюта операцияларини амалга ошириш учун тенг шароитлар яратилади.

Машина долларда эмас, сўмда сотиладими?

Ҳужжатда белгиланишича, Ўзбекистон ҳудудида сотилаётган (кўрсатилаётган) товарлар ва хизматлар нархлари, жамиятлар устав капиталига энг кам талаблар фақатгина миллий валютада белгиланиши лозим.

Кузатувчилар ушбу пункт орқали Ўзбекистонда айни дамда кенг амалиётга айланган GM Uzbekistan автомобиллари ва Россия йўналишида сотиладиган авиачипталарнинг долларда сотилишига барҳам берилиши мумкинлигини айтмоқда.

Аксинча, тадбиркорлар ва юридик шахслар ҳисобларида хорижий валюта мавжуд бўлган ҳолатда уни ходимларига истаган валюта беришга рухсат берилмоқда.

"Валюта даромадлари ва юридик шахслар ҳисобларида маблағлар мавжуд бўлган ҳолларда хорижий валютада фойда, дивидентлар ва бошқа даромадларни акционерлар (иштирокчилар) қарори асосида тўлашга ижозат берилади", - дейилади қарор лойиҳасида.

Ушбу қарор лойиҳаси ҳукумат порталида муҳокама учун қўйилган. Рус тилида ёзилган ҳужжатга исталган шахс ўз фикрини билдирган ҳолатда таҳрир қилиши мумкин.

Қарор лойиҳаси ижтимоий тармоқларда илиқ қарши олинган.

Фикр қолдирувчилар валюта сиёсати эркинлаштирилса бу қора озорнинг йўқ бўлишига олиб келишини айтишган.

Шу билан бирга валюта айирбошлашнинг эркинлаштирилиши 1 доллар нархининг 10 минг сўмгача кўтарилиб кетишидан хавотир ҳам билдирилган.

Бироқ ушбу нарх кўтарилиши ортидан вазият изга тушиши ва тадбиркорлик учун яхши муҳит юзага келиши мумкинлиги тахмин қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.