100 Аёл: Сиёсатшунослик фанини тиклаш керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ziyoda Gazieva
Image caption Зиёда Газиева

Ҳурматли Би-би-си Ўзбек хизматининг ижодкорлари!

Видеоҳикоя учун BBCUZBEK YouTube каналига боринг

Мен 100 Аёл мавсумида берилаётган қатор дастурларингизни кузатиб бормоқдаман. Ана шу мавсумда мен ҳам ўзимнинг ҳикоям билан қатнашиш ниятидаман. Мен ўзбек хонадонида таваллуд топдим, миллий қадриятларимиз билан вояга етдим.

18 ёшимда имтиёзли равишда Америка Қўшма Штатларида таҳсил олиш бахтига муяссар бўлдим.

Мен оиладаги тўрт қизнинг тўнғичи эдим, ҳозир ҳам ота-онамнинг ҳеч бир иккиланмасдан АҚШга тўрт йиллик таҳсил олиш сафар қилишимга рози бўлишгани, мени қўллаб-қувватлашганидан миннатдорман.

2011 йилдан 2015 йилга қадар сиёсатшунослик ва руҳшунослик фанларини ўқидим.

Афсуски, 2015 йилда Ўзбекистонда сиёсатшунослик фани бекор қилинди.

Албатта, бу каби ҳолат тўрт йил умрини шу фанга бағишлаган шахс учун катта йўқотиш бўлиши мумкин эди.

Аммо мен чекинмадим. Бакалавр дипломини олгач, ватанимга қайтдим.

Турмушга чиқдим. Биласизми, Ғарбда таҳсил олганман, ўзбекона, ўз анъаналаримиз шаклланган бир оилага келин бўлдим, аммо шукрки, барча келинлик анъаналарини севиб, ҳурматлаб бажардим. Шунга ҳаракат қилдим.

Бўш пайтларимда эса IPSA (International Political Science Association - Халқаро Сиёсатшунослик Ташкилотига) мақола ёздим, 5,500 номзод орасидан танлаб олиниб, Полшада бўлиб ўтган Халқаро конгессда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдим.

Мен бу ташкилотнинг 67 йиллик тарихида илк ўзбекистонлик иштирокчи бўлдим.

Ўшанда 32 ҳафталик ҳомиладор эдим, барибир Полшага сафар қилдим.

Мен буларни мақтаниш учун ёзаётганим йўқ, фақат ўз тенгдошларимга орзу қилишдан ва орзуларингиз йўлида ҳаракатдан чарчаманг дейиш учун ёзмоқдаман.

Полшадаги йиғинда муваффақиятли қатнашганим учун мени АҚШга, (International Conference for Young Scholars) Ёш Олимлар Халқаро конференциясига таклиф қилишди.

Ишонсангиз, ноябр ойида АҚШда бўлиб ўтган бу конференцияга икки ойлик чақалоғим билан қатнашдим.

Биласиз, ўзбек аёлларининг жамиятда тутган ўрни жуда муҳим. Биз бир вақтнинг ўзида бир неча вазифани уддалашимиз керак.

Ўз соҳасини давом эттириш, бунинг баробарида оналик ва келинлик масъулиятини адо этиш осон эмас.

Бунга ҳам сабр, ҳам матонат ва ҳам жасорат керак бўлади.

Мен ватанимни севаман. Ватанимга ва халқимга хизмат қилишни истайман.

Сиёсатшунослик фанисиз бугунги замонавий дунёни тасаввур қилиш мушкул.

Ўзбекистон эса дунёнинг ажралмас бир қисмидир.

Шу сабаб мен сиёсатшунослик фанини яна қайта тиклашни таклиф қиламан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.