Ўзбек ёзувчиси халқаро танлов совриндори

Ўзбекистонлик ёзувчи Муҳаммад Шариф. Фото муаллифлик ҳуқуқи Muhammad Sharif

Ўзбекистонлик ёзувчи Муҳаммад Шариф Лондонда бўлиб ўтган "Очиқ Овроосиё" Адабиёт фестивали ва китоб форумининг совриндори бўлди.

"Очиқ Овроосиё" фестивали 25-28 ноябр кунлари бўлиб ўтди.

Ташкилотчилар хабар қилишларича, 5-марта ташкил этилган ижодий танловга 40 мамлакат ижодкорларининг 1400 асари тақдим этилган.

Улар орасидан 55 қаламкаш ижоди танлаб олинган.

Лондондаги бешинчи танлов ғолиби деб туркманистонлик Марал Хидирова топилди.

Энди ғолибанинг китоби инглиз тилига таржима қилинади, унинг ўзи келгуси адабиёт фестивалига ташриф буюради.

Ўзбекистонлик ёзувчи Муҳаммад Шариф адабий танловда иккинчи ўринни эгаллаган.

Лондон танловида Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг шоир ва таржимон Аъзам Обидов инглиз тилига ўгирган китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи #openeurasianbookforumandliteraturefestival

"Лондонда ўтказилган Очиқ Марказий Осиё адабиёт ва китоб фестивалида ҳикояларимнинг мукофотга лойиқ топилгани мени албатта қувонтиради. Бу фестивал ўзбек адабиётини дунёга танитишга ҳисса қўшаётгани ажойиб ҳол. Ўзбек ижодкорлари, жумладан устоз Эркин Аъзамнинг асарлари француз ва инглиз тилларига таржима қилинганидан ҳам қувониб, ҳам ҳавас қилиб юрар эдик. Бизга ҳам устозлар йўлини берсин, деб умид қилишнинг ўзи бир бахт. Роса икки кун аввал тонг саҳарда телефон қўнғироғидан уйғониб кетдим. Эрталабдан кишига малол келар экан, лекин жавоб бердим. Гўшакдан дадил, ҳукмфармо овоз келди. Билсам, бугун шу мукофотни олган "Сомон йўли" туркум ҳикояларимнинг қаҳрамони - дўхтир экан. Уч йил бўлувди Россияга кетганига. Қаерларда юрибсиз, дедим қувониб. Мен "Сомон йўли"ни ичидан чиқиб келяпман, деди у. Демак, китобни ўқибди, шундан хурсанд бўлдим. Келибди, қизини чиқармоқчи экан, тўйга айтгани қўнғироқ қилган экан. Хуллас, шу қаҳрамонимнинг ростмана ўзбекона жўмардлиги, қийинчилик кўрган сари тобланиши ва ҳаётга муҳаббати халқаро миқёсда эътироф этилганидан мамнунман," дейди Муҳаммад Шариф.

Муҳаммад Шариф (Муҳаммадшариф Маматқулов) 1968 йил Наманган вилояти, Косонсой туманининг Гўрмирон қишлоғида туғилган.

Тошкент давлат университетининг журналистика факултетида таҳсил олган (1988-1993).

Ҳикоялари "Ёшлик" ва "Шарқ Юлдузи" журналлари ҳамда республиканинг бошқа адабий журнал ва газеталарида 1990 йиллардан буён чоп этиб келинади.

Турли йилларда "Ҳаёт ва иқтисод", "Ўзбекистон табиати", "Ватан" нашрларида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастурида фаолият юритган.

2014 йили "С.А. хотиралари" қиссаси Марказий Осиёнинг бешта мамлакати ижодкорлари учун ўтказилган новеллалар конкурсида бешта энг яхши асарлардан бири сифатида ғолиб топилиб, инглиз ва рус тилларига таржима қилинган ва http://novellasia.net вебсайтида онлайн буклет сифатида эълон қилинди. "Кулдиргич" ҳикояси 2015 йили Россиянинг "Звезда" журналида чоп этилган.

2016 йили ёзувчининг илк ҳикоялар тўплами - "Толкўприк" китоби таниқли ёзувчи Эркин Аъзам сўзбошиси билан нашрдан чиқди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.