Маҳаллий газета Самарқанддаги иситиш муаммолари ҳақида ёзди

Тешилган иссиқлик қувури Фото муаллифлик ҳуқуқи zarnews.uz

Самарқанд вилояти ҳокимлиги муассиси бўлган "Зарафшон" газетаси шаҳардаги иситиш тизимининг қишга яроқсизлиги борасида таҳлилий мақола чиқарган.

Журналист Анвар Мустафоқулов олиб борган изланишидан маълум бўлишича, Самарқанд шаҳридаги 776 та кўп қаватли уй иссиқлик билан таъминланиши керак, расмий манба 176 уйга иссиқлик етиб бораётганини айтган. Бироқ қишга тайёргарлик кўрилмагани боис ушбу уйларнинг ҳам ярмидан кўпи музлаб ётибди.

Мақоладан маълум бўлишича, айрим мавзеларга иссиқлик 2007 йилдан бери етиб бормайди.

Журналист мақолани тайёрлаш жараёнида "Иссиқлик манбаи" давлат унитар корхонаси раҳбари Ёқуб Қурбоновдан ҳам изоҳ олган.

Ёқуб Қурбонов сўзларидан маълум бўлишича, давлат корхонаси 18 миллиард сўм 5 миллион 667 минг доллар) қарзга ботган.

Мақолада ушбу қарздорлик қандай пайдо бўлиб қолгани борасида изоҳ берилмаган.

Газета мухбирлари иссиқ сув юборилган айрим кўп қаватли уйлар қувурларнинг носозлиги сабаб ертўла ва кўчада кўлмак ҳосил бўлганини бориб кўрган.

Уй-жой мулкдорлари ширкатлари шу вақтгача қувурларни текширув ишларини ўтказмаган "Иссиқлик манбаи" давлат корхонасини айблаган.

Ўз навбатида давлат корхонаси қувурларни текшириш ишлари август ойидан бери олиб борилаётганини таъкидлаган.

"Икки томоннинг гаплари икки хил. Аҳвол шуки, ўртада аҳоли совуқдан қийналяпти," - дейилади мақолада.

Калаванинг бир учи шаҳар ҳокимига ҳам бориб тақалган. Маълум бўлишича, ҳар йили 15 ноябргача аҳолини иссиқлик билан таъминлаш бўйича шаҳар ҳокимининг фармойиши чиқади.

Қишнинг эрта келиши ва шаҳар оппоқ қорга бурканганига қарамасдан, ушбу фармойиш ҳануз чиқмаган.

Бу ҳақда "Зарафшон" газетасига "Иссиқлик манбаи" давлат унитар корхонаси мутассаддилари маълум қилган.

Журналистнинг таъкидлашича, бундан бир ойча олдин Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутасадди ходимлари билан суҳбатлашилганида шаҳарнинг тўртта ҳудуди, жумладан, Кимёгарлар шаҳарчасидаги бир қанча уйлар учун локал қозонхоналар қурилаётгани, 15 ноябргача улар ишга тушиши режалаштирилгани маълум қилинган.

"Афсуски, Кимёгарлар шаҳарчасида локал қозонхона фаолият юритаётгани у ёқда турсин, ҳали қурилиш ишлари ҳам бошланмаган экан," - деб ёзади Анфар Мустафоқулов.

Электр таъминотидаги узилишлар иссиқлик етказиб берилаётгани айтилган 176 та уйнинг ярмидан кўпини иссиқликсиз қолдирган.

"Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши ортидан иссиқлик етказа бошлаган кунимиздан электр энергиясида муттасил узилишлар бошланди. 24 ноябрга ўтар кечаси электр энергияси кечаси соат 24:00 да ўчиб, эрталаб 06:05 да ёнди. Лекин бу вақтда барча қувурларимиздаги сув музлаб, бутун тизим ишдан чиқиб бўлган эди. Бу аҳволда аҳолига ҳам, ижтимоий соҳа объектларига ҳам иссиқлик етказишнинг мутлақо иложи йўқ," - деган "Автоваз" қозонхонаси раҳбари Ражаб Ҳасанов газета мухбири билан суҳбатда.

Натижада Сартепа мавзесидаги 90 та кўп қаватли уй, туризм коллежи ва Самарқанд автомобил заводи иссиқликсиз қолган.

Мақолада айтилишича, қишга тайёргарлик баҳордан бошлаганлиги ва вилоят миқёсидаги йиғилишларда тайёргарликни 1 сентябргача тугатиш борасида қайта-қайта уқтирилганига қарамасдан иссиқлик тизими қишга тайёр бўлмаган.

Иссиқлик тизимининг ишламаслиги электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ошиб кетишига олиб келган.

Зўриқишга чидай олмаган электр узатиш кабеллари ишдан чиқа бошлаган. Натижада 10 га яқин кўп қаватли бинолар қишнинг совуқ кунларида электр токисиз ҳам қолган.

"Ҳеч кимдан кам эмасмиз"

Ўзбекистонда Ислом Каримов бошқарув даврида давлат нашрларидан тортиб, хусусий газеталаргача бу каби муаммолар кўтарилмас эди.

Марказий телевидениелардан тортиб, туман рўзномасигача республикадаги ютуқлар ҳақида бонг урарди.

Электр, газ ва иссиқлик тизими каби ижтимоий муаммолар журналистлар томонидан кўтарилмас эди.

Журналистлар ўз хотираларида ёзишича, Ислом Каримовнинг қулоғига етиб борса ранжиши мумкин деб, ҳатто "иллат" сўзини газетада бермаган муҳаррирлар бисёр бўлган.

Ислом Каримов вафотидан сўнг ҳокимият вақтинча Бош вазир Шавкат Мирзиёевга ўтди. 4 декабрдаги сайловда унинг қийинчиликларсиз ғалаба қозониб президент бўлиши тахмин қилинмоқда.

Мирзиёевнинг қисқа бошқаруви давомида ижтимоий тармоқларда муаммолар ҳақида очиқ фикр билдирувчи қатлам сони ортди.

"Биз хеч кимдан кам эмасмиз" деган эртакка асосан, масалан Шимолий муз океанидаги оқ айиқлардан ёки Антарктидадаги пингвинлардан точно кам эмасмиз . Совуқдан тишингизни тақиллатган пайтларда, Каримовни эслаб, яхшилаб мақтанг, анча исингандай бўласиз," - дейди хабар остига изоҳ қолдирганлардан бири.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.