Россия сари талпинаётган Ўзбекистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Путин ва Мирзиёев

Ислом Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистоннинг янги раҳбари ташқи сиёсатда кўпроқ Россия билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилаётгани кузатилмоқда.

Кузатувчиларга кўра, дори-дармон, қишлоқ хўжалик техникаларидан тортиб ҳарбий ҳамкорликкача барча соҳада яқинлашишининг янги бир тўлқинини кўриш мумкин.

Лекин шунга қарамасдан, Ўзбекистон Россия бошчилигидаги ОврўОсиё (ЕврАзиа)иқтисодий ҳамкорлик иттифоқига ҳозирча қўшилмай туришини маълум қилди.

Ислом Каримов оламдан ўтгач унинг ўрнига келган вақтинчалик президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда Каримов даврида деярли музлаб қолган алоқаларни жонлантиришга киришди.

Аввало таранг муносабат сақланиб келаётган Тожикистон, Қирғизистон билан алоқаларни илитиш учун ташаббуслар кўрсатилди.

Ушбу яқинлашишлар айниқса Россия билан янада бўртиброқ кўрина бошлади.

Кузатувчилар ушбу яқинлашувларнинг айримларини кўп йиллар давомида йиғилиб қолган иқтисодий муаммоларга ечим излашдан келиб чиқаётган бўлса, ҳарбий соҳадаги ёндашувни эса Россия салобати остидаги андиша сифатида баҳолашмоқда.

Дори-дармондан тортиб, қишлоқ хўжалик техникасигача

Россия нашрларининг хабар беришича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга зарурий дори- дармонларни етказиб беришни сўраб мурожаат қилган.

РБК нашри Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги томонидан Россия ҳукуматига ёрдам сўраб ёзган мактуби нусхасига эга эканлигини ёзди.

Мактубда Ўзбекистон томони 167 турдаги дори ва 22 турдаги тиббий ускуналар сўраб мурожаат қилган. Унда ушбу маҳсулотлар рўйхатини Россия фармацевт ишлаб чиқарувчиларга бериш сўралган.

РБК нашри Ўзбекистоннинг бундай йўл тутишига валюта конвертация муаммоси туфайли энг зарур дори-дармонларни сотиб олишда юзага келган қийинчилик билан изоҳлаган.

Россия томонинг ушбу мурожаатга қандай жавоб бергани маълум эмас. Бироқ россиялик дори-дармон ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистон бозорига шошилмаётган кўринади.

Уларнинг ҳам бош муаммоси - валюта конвертацияси.

"Ўзбекистонда ишлашни бошламоқчи бўлсанг, доимо танлов қаршисида қоласан - маҳаллий валютани жуда паст нархларда конвертация қилиш ёки тўловни кечиктириш. Ҳар иккисида ҳам бизнес зарар кўради," - деган Россия фармацевт маҳсулотлар ишлаб чиқариш уюшмаси бош директори Виктор Дмитриев РБК нашрига.

Бундан олдинроқ Россиянинг Ростсельмаш ширкати Чирчиқ қишлоқ хўжалик техникалари заводи билан келишувга эришгани ҳақида хабар чиқди.

Унда айтилишича, Россия ширкати қишлоқ хўжалик техникаларининг айримларини Чирчиқда йиғади.

Россия билан Тошкентдаги Тошсельмаш заводи вақтида мустаҳкам алоқаларга эга эди. Бироқ Каримов даврида ушбу завод биноси ер билан яксон қилиниб ўрнига гул ва дарахтлар экилди.

Бундан ташқари Россияда ишлаб юрган миллионлаб ўзбек муҳожирларининг ишлаш шароитини яхшилаш учун Ўзбекистон Меҳнат вазирлигидан ҳайъат Россияга йўл олган.

"Ўзбекистон Россиядан ажралмаган"

Кузатувчиларнинг эътиборини Россия билан ҳарбий соҳадаги яқинлашув тортган.

Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев Москвада россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан учрашув давомида Ўзбекистон Россиядан ажралмаган, дея лутф қилган.

"Бизни Россия билан кўп нарса боғлаб туради. Боғлаб туради дейиш ноўрин, ҳудди биз ажралмагандекмиз. Балки бизнинг муносабатларимиз унча фаол бўлмаган давр ҳам бўлгандир, бироқ биз доим Россия билан биргамиз ва Россия бизнинг асосий стратегик ҳамкоримиз", - дея Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиевнинг сўзларидан иқтибос келтирган РИА Новости агентлиги .

Бироқ Қобул Бердиевнинг Ўзбекистон Россиядан ажралмаган, деган жумласи Россия мудофаа вазирлиги сайтида чиққан хабарда берилмаган.

Ўзбекистонлик тарихчи ва таҳлилчи Анвар Назир Ўзбекистон мудофаа вазирининг ушбу сўзлари ўта жиддий хато ва бошқа давлатларда истеъфога сабаб бўлиши мумкинлигини айтади.

"Балки дипломатия учун, яхши кўриниш учун айтгандир. Аммо нима бўлганда ҳам бу одам Ўзбекистондаги бир вазирликни бошқараётган одам ва унинг бу гаплари Ўзбекистон суверенетига ҳурматсизлик бўлган. Ўзбекистон 25 йилдан бери мустақил ва ўз армиясини солиқлари эвазига ўзи боқади. Қобул Бердиев ҳам ўзбек халқининг солиқларидан маош олади. Агар бу гапни бошқа давлат мулозими айтганида истеъфосига сабаб бўларди," - дейди Анвар Назир Би-би-си Ўзбек билан суҳбатда.

Таҳлилчи мудофаа вазирининг бу гаплари Ўзбекистон ташқи сиёсатда буткул Россия таъсирига тушиб бораётганини англатмаслигига умид қилади.

"Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида Ўзбекистон ўз ҳудуди ҳарбий базаларга изн бермаслиги, бирорта ҳарбий блокка қўшилмаслиги ва ўзбек аскарлари бошқа юртда жанг қилмаслигини доим таъкидлаб келаяпти. Ўйлайманки, Россия билан ҳам ҳамкорлик бўлади, аммо унинг таъсирига тушилмайди," - дейди Анвар Назир.

Францияда истиқомат қилувчи сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам Россия Ўзбекистон муносабатлари иттифоқлар дорасида эмас, балки икки томонлама муносабатлар шаклида ривожланишини тахмин қилади.

"Россияга келадиган бўлсак, менимча, янги ҳукумат Ислом Каримовнинг асосий йўлини танлайди - "Ўзбекистоннинг суверенитетини туширувчи ҳеч қандай ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий иттифоқларга кирмаслик" ва "ҳеч қайси давлатга ҳарбий базалар учун мамлакат ҳудудини бермаслик". Янги ҳукумат бир неча маротаба Ислом Каримовнинг ташқи сиёсатини маҳкам ушлашини такрорлади," - дейди Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчига кўра, бу Ўзбекистоннинг Россия бошчилигидаги иқтисодий ва ҳарбий иттифоқларга аъзо бўлмаслигидан дарак беради.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар вазири ўринбосари Шавкат Тўлаганов Ўзбекистон Россия бошчилигидаги ОврўОсиё иттифоқига аъзо бўлиш нияти йўқлигини билдирди.

Унинг айтишича, ўзбекистонлик мутахассислар ушбу иттифоққа қўшилиш Ўзбекистонга ҳеч қандай устунлик бермаслиги, аксинча маълум ҳолатларда зарар келтириши мумкин деган хулосага келишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.