ОИ: Самандар Қўқоновнинг озод этилишини олқишлаймиз

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Самандар Қўқонов

Оврўпо Иттифоқининг Ташқи масалалар бўйича идораси Ўзбекистонда энг узоқ қамоқда қолган сиёсий маҳбус Самандар Қўқоновнинг озод этилиши борасида баёнот чиқарди.

Унда айтилишича, "Самандар Қўқоновнинг озод этилиши мамлакатдаги умумий сиёсий вазият ва келажакда икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкамаланиши эҳтимоли ҳақида умидбахш хабардир".

Баёнотда илова қилинишича, декабр ойи бошларида кучга киражак Амнистия ҳақидаги фармонга биноан янада кўпроқ маҳбусларнинг озод этилиши бу йўналишда қўйилган ижобий қадам бўлур эди.

"Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари соҳасида, жумладан йиллик асосда ўтказиладиган мулоқотлар доирасида ҳамкорликни давом эттиради", дейилган баёнотда.

2005 йил май ойида Андижондаги кўп минг сонлик аксари қуролсиз бўлган намойишчиларга ҳукумат кучлари ўт очганидан сўнг, Оврўпо Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб, Тошкентга нисбатан жазо чоралари жорий этилганди.

Жазо чоралари 2009 йилга келиб бекор қилинган ва кузатувчиларнинг айтишларича деярли натижасиз бўлган.

Ўтган ҳафта АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам Самандар Қўқоновнинг эркинликка чиқарилишини хуш қарши олиши ҳақида баёнот чиқарганди.

Элчихона баёнотида шунингдек, "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси Бобомурод Раззоқовнинг ҳам озод этилгани тилга олинган.

Ҳозирда 72 ёшда бўлган Самандар Қўқонов қамоқхонада 23 йилу 4 ой сақланди.

Тошкент вилоятидаги Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонаси собиқ раҳбари, Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Самандар Қўқонов 1993 йил ёзида ҳибсга олинганди.

Human Rights Watch ташкилотига кўра, ҳисбга олинганидан сўнг Самандар Қўқоновни 1 йил мобайнида ташқи дунёдан иҳоталанган ҳолда МХХ ҳибсхонасида ушлаб туришган ва қийноққа тутишган.

Бу муддат мобайнида унинг 2 ўғли ҳам қисқа муддат ҳибсга олинган.

1993 йили Самандар Қўқонов давлат мол-мулкини талон тарож қилишда айбдор деб топилган, 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

2014 йили Самандар Қўқоновнинг илк қамоқ муддати тугади, бироқ унга 3 йиллик муддати қўшиб берилди.

Шундан сўнг унинг 2016 йил октябрида озод этилиши кутилганди.

Лекин 7 октябрда Самандар Қўқонов устидан навбатдаги маҳкама бўлиб ўтгани ва қамоқ жазосига яна 3 йил қўшиб берилгани ҳақида яқинларига маълум қилишган.

Ноябр ойи охирларида эса уни озод этиш ҳақида қарор берилгани маълум бўлди.

Мухолифат Самандар Қўқонов марҳум президент Ислом Каримовни танқид қилгани ва "Эрк" демократик партиясини қўллаб-қувватлагани учун Каримовнинг шахсий душманига айланганини айтиб келган.

Human Rights Watch га кўра, Самандар Қўқонов 24 йиллик қамоқ жазосининг аксар қисмини Новоийдаги 64/46 рақамли қамоқхонда ўтказган ва узоқ йиллар мобайнида яқинлари билан мулоқот қилишга изн берилмаган.

Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари қамоқхонада энг узоқ муддат ушлаб турилган сиёсий маҳбус сифатида кўрилган Самандар Қўқоновни озод қилишни Ўзбекистон ҳукуматидан бир неча бор талаб қилгандилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.