‘Ўзбекистон президент сайловларига тайёр’

Ўзбекистон Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Бу ҳақда якшанба кунги сайловлар арафасида Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси котиби маълум қилган.

4 декабр кунги сайловлар президент Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти ортидан Ўзбекистон конституциясига мувофиқ чақирилмоқда.

Президент Каримов шу йилнинг 2 сентябр куни 78 ёшида миясига қон қуйилиши оқибатида вафот этганди.

Бу - Ўзбекистон мустақиллиги тарихида Ислом Каримовнинг иштирокисиз кечажак биринчи президент сайлови бўлади.

Орада кечган чорак асрдан кўпроқ вақт давомида Ўзбекистонни фақат марҳум президент Каримовнинг якка ўзи бошқариб келган.

Якшанба кунги сайловларда эса, Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинчалик бажарувчи Бош вазир Шавкат Мирзиёев дохил мамлакатда расман қайддан ўтган яна уч сиёсий партия номзоди президентлик учун беллашишади.

Ҳозирлик

Аён бўлишича, президент сайловига кун қоларкан, 14 та округ сайлов комиссияси ва 9381 та сайлов шохобчаси иш бошлашга тайёр.

Бу сайлов участкаларидан 44 таси Ўзбекистоннинг 36 хорижий давлатдаги ваколатхоналари қошида ташкил этилган.

Бу ҳақда Россиянинг РИА ахборот агентлиги Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси котиби Суяржон Қурбонқуловга таяниб хабар берган.

У , "Ўзбекистон президент сайловларини ўтказишга тайёр", - деб айтган.

Комиссия котибинининг сўзларидан маълум бўлишича, президент сайловига ҳозирликлар аъло даражада кечган.

Якшанба кунги сайловларда жаъми 21,4 миллион сайловчи овоз беради ва уларнинг тўлиқ рўйхати ҳам тузиб бўлинган.

Барча сайловчилар овоз бериш вақти ва манзилларидан огоҳ этилган.

Ўзбекистон президент сайлови расмий санаси - 4 декабр куни овоз беришга қодир бўлмаган сайловчилар учун муддатидан илгари сайловларда иштирок имконияти яратилган.

24 ноябр куни бошланган бу жараённинг бугун - 2 декабр куни маҳаллий вақт билан кечки соат 18:00 да якун топиши маълум қилинган.

Аксарият сиёсатшунослар Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси номзоди Шавкат Мирзиёевни президентлик курсисига асосий даъвогар сифатида тилга олишмоқда.

Кузатувчилар

Суяржон Қурбонқулов, ўз ўрнида, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, МДҲ давлатлари, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Исломий Ҳамкорлик ташкилоти ва Сайлов органлари умумжаҳон ассоцияцияси кузатувчилари ҳайъатларининг Ўзбекистонда аллақачон иш бошлаб юборишганини ҳам маълум қилган.

Аён бўлишича, Ўзбекистон президент сайловини 600 га яқин хорижий кузатувчи кузатиб боради.

Ўтган ой бошида Ўзбекистон Сайлов Комиссияси қошида ишонч телефони ишга туширилгани ҳам маълум бўлган. Янгича ишонч телефонининг кечаю кундуз ишлаши айтилган.

Бу каби чорага Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш чоғида қонун бузилишларининг олдини олиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, улар юзасидан қонунда белгиланган чораларни кўриш ҳамда округ, участка сайлов комиссиялари билан доимий алоқа ўрнатишни таъминлаш мақсадида қўл урилгани билдирилган.

Бунга қўшимча комиссия матбуот хизмати ўзларининг фуқароларга хизмат кўрсатишни мақсад қилган факс рақами ва электрон почта манзилини ҳам эълон қилган.

Маҳаллий кузатувчилар эса, бунақаси Ўзбекистон сайловчилик тажрибасида кузатилмаганини алоҳида урғулаш даражасига боришганди.

Аммо...

2015 йил март ойида бўлиб ўтган ва ҳозирда марҳум президент Ислом Каримов ғолиб чиққан сўнгги президент сайлови ҳақида Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти "сайловлар яхши ташкил қилинди, аммо ҳақиқий рақобат ва баҳсларсиз ўтди", деган, "сайловда ҳақиқий мухолифат мавжуд бўлмаган ҳолатда сиёсий саҳнада жорий раҳбар сиймоси устуворлик қилган"ини айтганди.

Ўзбекистондаги илк муқобил президент сайловлари 1991 йилда бўлиб ўтган, унда 1990 йил Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан президент этиб тайинланган марҳум Ислом Каримов ғалаба қозонганди.

Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, бир шахс фақат икки муддатга президент этиб сайланиши мумкин.

Аммо орада кечган сайловлар, турли референдумлар ва президентлик муддатини узайтиришга оид амаллар ортидан, ўтган 25 йил давомида Ўзбекистонни фақат ягона президент - Ислом Каримов бошқариб келган.

Шу пайтгача бўлиб ўтган сайлов ва референдумларнинг бирортаси халқаро ҳамжамият томонидан адолатли ва эркин, деб эътироф этилмаган.

Якшанба кунги президент сайловига ўз номзодларини илгари сурган Ўзбекистондаги бу тўрт сиёсий партиянинг барчаси ҳам орада кечган вақт давомида марҳум президент Ислом Каримов сиёсатини дастаклаб келганликда танқид қилиб келинишган.

Мухолифатдаги "Эрк" Демократик партияси ва "Бирлик" Халқ ҳаракати фаоллари эса, узоқ йиллардан буён асосан хориждан туриб фаолият юритиб келишади.

Ўзбекистондаги мавжуд қонунчиликка мувофиқ, сайлов эълон қилинган кундан олти ой аввал рўйхатдан ўтган сиёсий партияларгина Ўзбекистон президент сайловида иштирок эта олади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.