Ўзбекистон: ‘сайловга бормоқчимисиз, текин такси бор’

Тошкент

Бу каби таклифлар Ўзбекистон пойтахти Тошкентда 4 декабр - якшанба кунги президент сайловлари арафасида янграган.

Йўловчи ташиш билан шуғулланувчи Easy Taxi га ўхшаш айрим такси ширкатлари шаҳарлик сайловчиларни овоз бериш шохобчаларига текинга элтиб қўйишларини билдиришган.

Жумладан, якшанба кунги бепул хизматлари фақат пойтахт Тошкент билан чекланишини маълум қилган Easy Taxi бу ҳақда ўзининг Facebook даги аккаунтида эълон берган.

Аммо ширкатнинг бу эълони фақат шугина таклифлари билан чекланмаган.

Easy Taxi ўзининг кириш сўзида сайловда "ҳар бир кишининг овози жуда муҳим экани"ни алоҳида таъкидларкан, барчани "мамлакат учун бу муҳим воқеъликка беэътибор бўлмаслик"ка чақирган.

"Ўз томонларидан эса, Тошкентдаги барча фуқароларни сайлов шохобчаларигача бир тийин ҳақ олмай элтиб қўяжаклари"ни билдирган.

Эслатиб ўтиш жоиз, бунақаси мустақил Ўзбекистоннинг 25 йиллик сайловчилик тажрибасида кузатилмаган.

Якшанба кунги сайловларда жаъми 21,4 миллион сайловчи овоз бериши кутилмоқда.

Аммо...

Ўзбекистон президент сайлови куни пойтахт Тошкент аҳолисини кўзда тутувчи бу каби енгилликлар фақат айрим такчи ширкатларининггина ташаббуслари билан чекланмаган.

30 ноябр куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам ўзига хос баёнот билан чиққан, сайлов кунида пойтахтдаги барча йўналишлар бўйича қатновчи автобус ва метро хизмати маҳаллий вақт билан саҳар соат 05:00 дан иш бошлаши, уларнинг кун давомида йўловчиларга бепул хизмат кўрсатишини маълум қилганди.

Ҳокимлик бу ишни сайловларнинг Тошкент шаҳрида юқори ташкилий даражада ўтказилиши, сайловчилар ва тадбир иштирокчиларига янада қулайликлар яратиш мақсадида қилаётганини билдирганди.

Аммо, улар ҳам, якунида барчани "ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, юрт келажаги учун овоз бериш"га чақиришни унутишмаганди.

4 декабр кунги президент сайлови мустақил Ўзбекистоннинг чорак асрлик тарихида илк бор марҳум президент Ислом Каримовсиз кечади.

Унга Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинчалик бажарувчи мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев дохил яна уч номзод президентлик курсиси учун беллашишади.

Бу - 2003 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Бош вазири мақомида бўлган 59 ёшли Шавкат Мирзиёевнинг илк бор президент сайловида иштирок этиши бўлади.

Айнан Шавкат Мирзиёев жаноблари эса, турли доираларда марҳум Ислом Каримов ўрнига асосий даъвогар сифатида кўрилмоқда.

Агар...

Тошкентдан олинган айрим хабарларга таянилса, нақ сайловлар арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳам бу каби даъватлардан четда қолмаган.

Турли дин вакиллари иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбати чоғида у киши ҳам фуқароларни якшанба кунги президент сайловида фаоллик билан овоз беришга чақирган.

Муфтий ҳазратлари ҳам, "Сайловлар - мамлакат учун муҳим сиёсий воқеълик" эканини алоҳида таъкидлаган.

Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинчалик бажарувчи мамлакат Бош вазири ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев шу йил октябр ойида мусулмон оламининг хавфсизлиги ҳақида чиқиш қилган.

Жаноб Мирзиёев Ўзбекистон ташкилотга аъзо мамлакатлар ва, умуман, мусулмон оламининг хавфсиз ва фаровон давлатларга айланишига ишонишини айтган.

Унинг бу сўзлари ўзи муваққат президент сифатида илк бор мезбонлик қилган Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда бўлиб ўтган 43-сессияси очилиш маросими чоғида янграганди.

Марҳум президент Ислом Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрлик вақт давомида эса, Ўзбекистондаги диний эркинлик билан боғлиқ аҳвол етакчи Ғарб давлатлари, қатор халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан жиддий танқидга учраб келган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.