Палов ва ниҳоят ЮНЕСКО рўйхатига киритилди

Палов Фото муаллифлик ҳуқуқи httpstalic.livejournal.

Ўзбекистон ва Тожикистон бу ҳақда ўтган йил бошида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мазкур жамғармасига мурожаат қилишган, палов ва у билан боғлиқ урф-одат ҳамда анъаналарни ўзининг "номоддий маданий мероси" рўйхатига киритишини сўрашганди.

Эфиопиядан олинган хабарларга кўра, орадан қарийб икки йилча ўтиб, ЮНЕСКО жамғармасининг ҳукуматлараро махсус қўмитаси бу икки давлатнинг алоҳида аризасига умумий ижобий жавоб берган, Аддис-Абебада бугун - 2 декабр куни поёнига етажак беш кунлик йиғини чоғида бу ҳақда қарор қабул қилган.

Ўзбек ва Тожик миллий дастурхонининг шоҳ таоми ва кўрки бўлган палов, у билан боғлиқ урф-одат ҳамда анъаналарни ЮНЕСКО Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритган.

Бу ҳақда халқаро жамғарма матбуот хизмати расман хабар берган.

ЮНЕСКО паловни Ўзбекистон ва Тожикистонда умумий маданий мероснинг ажралмас бир қисми сифатида эътироф этган.

Палов ҳам кундалик ва ҳам байрам дастурхонининг кунда-шундалик таоми экани, уни тайёрлаш ва танаввул қилиш жараёни одам танламаслиги, бойу камбағалнинг бошини бир жойда қовуштириши алоҳида таъкидланган.

Бундан ташқари, паловнинг худойи ва аза маросимларида ҳам бирдек дастурхонга тортилувчи таом эканига диққат қилинган.

Соҳа мутахассисларига кўра, палов пишириш анъанаси ота-онадан фарзанд, устоздан шогирдга ўтиб келади, дўсту биродарлар орасида ва турли маросимларда бир анъана кўринишини олган.

Палов инсонлар ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлайди, хуллас-калом, миллий маданиятнинг ўзига хос бир қисми ҳисобланади.

Шу кеча-кундузда Эфиопиядан олинган хабарлардан арманча лаваш, Бельгия пивоси ва уни тайёрлаш санъатининг ҳам ЮНЕСКО номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани маълум бўлганди.

Асраб қолиш учун ЮНЕСКОнинг бу рўйхатига бутун инсоният учун қадр-қимматга молик бўлган маданий ва табиий қадриятлар киритилади.

Муносабат

Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО қошидаги доимий вакиласи Лола Каримова-Тиллаева ҳам сўнгги янгиликдан ўзининг хурсандлигини изҳор қилган, "бундан жуда мамнун"лигини айтган.

Бундан ташқари, "ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхоналари фаолияти мобайнида, яъни 2008 йилдан то 2016 йилгача бўлган давр ичида, ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига, яна шунингдек, Наврўз байрами, Шашмақом, Катта ашула, Аския санъати ва Бойсун маданий муҳити киритилганини ҳам эслатиб ўтган.

Лола Каримова-Тиллаева бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларида маълум қилган.

Палов

Қайси минтақада тайёрланиши, пишириш услуби ва солинажак масаллиқларига қараб, биргина паловнинг 200 га яқин тури борлиги айтилади.

Айрим маълумотларга қаралса, палов ҳали Искандар Зулқарнайн даврида бақтрияликлар дастурхонининг шоҳона таоми бўлган.

Паловнинг отаси эса, тиббиёт илмининг султони Абу Али Ибн Сино, деган даъволар ҳам йўқ эмас.

Пишириш услубига қараб, паловнинг кўплаб турларга бўлинади.

Устига устак, Пилаф”, “Пилафи”, “Гамопилафо”, “Челов”, “Катеҳ”, “Дами”, “Пулов”, “Пилав”, “Палов”, “Бирёний”, “Пайелла каби турлича номлар билан ҳам аталади.

Таъкидлаш жоиз, палов, асрларки, ўзбекларнинг ҳам миллий ўзликларини намоён қилувчи шоҳ таомларидан бири бўлиб келган.

Айнан ўзи татиб кўришга муваффақ бўлган ўзбек паловининг таъмини ҳам инобатга олган ҳолда, америкалик таниқли сайёҳ Ли Аббамонтэ яқинда Ўзбекистонни жаҳоннинг "Таомларига гап йўқ" 30 та давлати сирасига киритганди.

Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси эса, сўнгги йилларда ўзбек паловини халқаро Гиннес рекордлар китобига киритиш саъй-ҳаракатида.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.