Янги президент Оқсаройдан фойдаланмайдими?

Ислом Каримов Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Ўзбекистон президентининг бош қароргоҳи бўлиб келган Оқсарой музейга айлантирилиши мумкин.

"2 сентябр куни вафот этган Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов музейини Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳида барпо қилиш мўлжалланмоқда," - дейилади хабарда.

Бунгача Ислом Каримов музейи очилиши борасида унинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг Facebook даги саҳифасида ҳам айтилганди.

"Отамнинг хотиралари ва ҳаётда амал қилган тамойилларини абадийлаштириш мақсадида мен онам билан биргаликда Ислом Каримов номи билан аталувчи жамоатчилик хайрия Фондига асос солдик. Фонд ўз олдига Ўзбекистоннинг биринчи Президенти хотирасига бағишланган музейни ташкил қилиш ва Ватанимиз мустақиллигининг асосчиси тўғрисида мақола ва асарлар нашр этишни мақсад қилиб олган", - деган Лола Каримова-Тиллаева онаси билан президент кабинетида тушган сурати остига.

Бундан олдинроқ Оқсаройнинг музейга айлантирилиши тўғрисида uzmetronom.com нашри ҳам хабар берганди.

Веб нашрга кўра, Оқсаройда музейнинг очилиш маросими Ислом Каримовнинг 79 ёши нишонланадиган 2017 йилнинг 30 январида бўлиб ўтади.

Хабарда айтилишича, янги сайланган президент Мустақиллик майдонидаги Сенат биносининг иккинчи қаватига жойлашади.

Икки йил ичида янги президент учун янги қароргоҳ қурилиши мумкин. Бироқ ушбу қароргоҳнинг қаерда барпо этилиши борасида хабар берилмаган.

Қуш ҳам учолмайдиган қароргоҳ

2004 йилдан буён марҳум президент Ислом Каримовнинг асосий иш жойи сифатида кўрилган Оқсарой қароргоҳи халқ орасида қуш ҳам киролмайдиган объект сифатида танилган.

Қароргоҳ дарвозасига кирувчи кўчага оддий автомобиллар қўйилмаган. Сарой ҳар томонлама қаттиқ қўриқланган.

Президент Каримов ушбу саройда асосан чет эллик юксак мартабали меҳмонларни қабул қилишда ҳам фойдаланган.

Бироқ журналистларга бу ерга кириш амримаҳол бўлган. Сабаби - матбуот анжуманлари шаҳарнинг бошқа нуқталари ва Дўрмонда ўтказилган.

Бироқ 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг Ислом Каримов тайёргарликдан ўтмаган ва ноқулай савол берувчи журналистлар билан деярли учрашмай қўйган.

Журналистларнинг маълум қилишича, айни дамда Оқсаройни қўриқлаш даражаси туширилган. Постлар сони бора-бора камайтирилмоқда.

Россиянинг Sputnik-Ўзбекистон интернет нашри бироз аввал тарқатган хабарга таянилса, мазкур хабарларга ойдинлик киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати билан боғланган.

Аммо, нашрга кўра, матбуот хизмати бу мавзуда ҳеч қандай хабар тарқатмагани ҳамда бу хабарга изоҳ бермаганини маълум қилиб, юқоридаги хабарларни инкор қилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.