Сайлов 2016: "Ким президент бўлса ҳам тинчлик бўлсин"

Келаётган якшанба, 4 декабр куни Ўзбекистонда президентлик сайловлари кутилмоқда.

Сайловларда қатнашиш учун расман 4 номзод қайд этилган.

"Миллий тикланиш" партиясидан Сарвар Отамуродов, "Адолат"дан Наримон Умаров, Халқ Демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов ва Либерал-Демократлар партиясидан Бош вазир ва президентлик вазифасини бажариб келаётган Шавкат Мирзиёев.

Аксар кузатувчилар Ўзбекистондаги расмий партияларни "чўнтак" партиялари дея таърифлаб, уларнинг номзодлари ҳақиқий рақобат ва муқобилликни таъминламаслигини айтиб келадилар.

Ўзбекистон матбуоти Марказий Сайлов комиссияси маълумотларига таяниб кутилаётган сайловларга 21,4 млн дан кўпроқ сайловчи қайд этилгани ҳақида хабар берган.

Лекин охирги йилларда хориж мамлакатларида миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари яшаб келаётганликлари маълум. Марказий Сайлов Комиссиясига кўра, улар учун хориж мамлакатларида 44 та сайлов участкаси ташкил этилган. Аммо уларнинг ўзлари Ўзбекистонда кутилаётган сайловларда иштирок этиш истаклари борми?

Асли ўзбекистонлик, ҳозирда Москвада истиқомат қилувчи тадбиркор Олим Кабиловга кўра, сайловлар ва унда иштирок этаётган номзодлар билан у қадар кўп қизиқаётгани йўқ.

Олим Кабиловнинг ҳозирда Самарқандда яшаётган яқинларининг ҳаммалари ҳаётларида қийинчиликлар мавжудлигини айтишади, лекин мамлакатда тинчлик ҳукмрон эканлигидан миннатдорлар.

"Ким бўлса ҳам тинчлик бўлсин. Тинчлик бўлса инсонлар ривожланади, ўқишади, имкониятларга эга бўлишади", дейди тадбиркор.

Олим Кабилов билан суҳбатни Youtube да томоша қилинг