Урганч галереясидаги суратлар йўқ қилинадими?

Шуҳрат Бобожоновнинг "Бола бахши портрети" Фото муаллифлик ҳуқуқи Shuhrat Bobojonov
Image caption "Бола бахши портрети" дунё санъатшунослари назарига тушган асар.

Ўзбек рассомлари Вячеслав Охунов ва Шуҳрат Бобожоновларнинг 30 га яқин суратлари тақдиридан хавотир пайдо бўлган.

Вячеслав Охунов ва Шуҳрат Бобожоновнинг Урганч Суратлар галереяси фондидан ўрин олган асарларини йўқ қилишга қарор қилинган, дея хабар тарқатди галереянинг собиқ бош муҳофизи Ширин Тошева ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.

Бундан олдин Ўзбекистон Маданият ва Спорт вазирлигидаги исми айтилишини истамаган мулозим бу ҳақда рассомлардан бирига маълум қилган.

Ширин Тошеванинг Би-би-сига айтишича, ноябр ойида Урганч Суратлар галереясида Ўзбекистон МХХси, Прокуратура, Ўзбекистон Маданият ва Спорт вазирлиги, Хоразм вилоят Маданият ва Спорт бошқармаси ва бошқа ташкилотларнинг ходимлари иштирокидаги комиссия текшириш ўтказган.

Текширув ортидан галерея бош муҳофизи Ширин Тошева ишдан бўшатилган. Тошеванинг қўл телефонидаги кейинги икки йилдаги сўзлашув ва ëзишмалар МХХ махсус бўлими тарафидан текширилган.

Комиссия Урганч галереясида сақланаётган рассом Вячеслав Охуновнинг 10 га яқин, рассом ва журналист Шуҳрат Бобожоновнинг 20 га яқин рангтасвир асарларини йўқ қилиш керак, деган қарорга келди, дейди Ширин Тошева.

"Сиз ўша қарор матнини кўрдингизми", деган саволга Ширин Тошева, ўзини ишдан бўшатишгани учун қарор билан танишиш имкони бўлмаганини айтди.

Маълум бўлишича, Урганч галереясидаги сўнгги текшириш пайтида бундан 15 йилча олдин ҳақиқий ҳайкал сохтасига алмаштириб қўйилгани ҳам аниқлаган.

Би-би-си Урганч Суратлар галереяси директори Маримбой Отамуродов билан боғланди.

Маримбой Отамуродов галереяда текширув ўтказилганини тасдиқлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Vyacheslav Akhunov
Image caption Вячеслав Охунов 2011 йилдан буён чиқиш визасини ололмаяпти.

"Бироқ бу ҳар доимги инвентаризация текширувларидан бири эди", деди галерея директори.

Маримбой Отамуродов суратларни йўқ қилишга қарор қилингани ҳақидаги хабарни "бўлмаган гап" деди.

"Агар бирор суратни кўргазмадан олиб қўйишга қарор қилинса, у галереянинг сақлаш хонасида сақланаверади", деди Маримбой Отамуродов.

68 ёшли Вячеслав Охуновнинг "Мони" ва 53 яшар Шуҳрат Бобожоновнинг "Бола бахши портрети" каби асарлари Урганч галереясида сақланган ва дунё санъатшуносларининг эътиборига тушган.

Бу асарлар 1984 йилдан 1988 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон ССР Маданият вазирлиги ҳузридаги Давлат эксперт комиссияси хулосасига асосан Ўзбекистон ССР Маданият вазирлиги ажратган пулга сотиб олинган.

Шунингдек, бу икки рассом асарлари Ўзбекистон Бадиий кўргазмалар фондида, Ўзбекистон Давлат санъат музейи ва Ўзбекистон Миллий банки галереясида ҳам мавжуд.

Одатда музейдаги расм яроқсиз аҳволга тушса ва уни реставрация қилишни 100 фоиз имкони бўлмаса махсус комиссия хулосасига кўра хазина ҳисобидан чиқариб йўқ қилиниши мумкин.

Нега айнан бу икки рассом?

Бу рассомлар сиëсий фаоллиги билан ажралиб туради.

Шуҳрат Бобожонов 2001 йилда Ўзбекистон Бадиий академиясидан сиëсий сабаб билан ҳайдаб юборилганида Вячеслав Охунов бу ҳайдалиш ҳақида "инсталляция" ташкил қилиб жамоатчилик эътиборини рассомнимг сиëсий репрессия қилинганига қаратган.

Вячеслав Охуновнинг муҳожиратдаги мухолифат арбоби Муҳаммад Солиҳ билан чет эл сафарлари пайтида учрашгани Ўзбек расмийлари тарафидан ëмон кутиб олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Shuhrat bobojonov
Image caption Шуҳрат Бобожоновнинг суратлари остига муаллиф исми шарифи ёзилмаган.

Бунинг ортидан Вячеслав Охуновга 2011 йилдан буён Ўзбекистондан хорижга чиқишга рухсат берилмаяпти.

Урганч Суратлар галереясига қўйилган Шуҳрат Бобожоновнинг асарлари остида унинг исми-шарифи ёзилмаган, суратлар номаълум рассом суратларидек намойиш этиб келинган.

Би-би-си билан суҳбатда Вячеслав Охунов ўз суратларининг Урганч галереясидан олиб ташланишидан бехабарлигини айтди.

"1937 йили Германияда ҳокимият тепасига келган фашистлар ҳам комиссиялар тузишган. Бу комиссияларнинг вазифаси, улар ўзларининг таъбирича, "дегенератив" санъат" асарлари намуналарини излаб топиш бўлган. Модернизм оқимида ижод қилган ижодкорларнинг асарларини йўқ қилишга буйруқ берилган. Айтмоқчиманки, бу янгилик эмас. Агар бундай нарса Ўзбекистонда такрорланаётган бўлса, бу жиддий симптом. Агар менинг асарларимни хоҳламаётган бўлсалар, нега менинг суратларимни йўқ қилишади? Ҳозир менинг суратларим Оврўпода 100000 Еврога баҳоланяпти. Суратни исташмаса, муаллифига беришсин. Ёки Ғарбга сотишсин. Санъат асарини йўқ қилиш - ёввойилик, ваҳшийлик. Бу "Исломий Давлат"нинг Суриядаги асарлар, музей экспонатларини йўқ қилаётганига тенг амал", деди Вячеслав Охунов.

Замонавий Ўзбекистонда рассом Баҳодир Жалоловнинг Тарих музейи ва "Баҳор" ансамбли деворларидаги расмлари ҳукумат буйруғи билан нобуд қилинган эди.

Бундан ташқари, Урганчдаги Огаҳий театри деворидаги рассом Виктор Ган ишлаган уникал фреска ҳам маҳаллий мулозимлар тарафидан ўчириб ташланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.