Ўзбекистондаги сайловда "жимлик куни"

Ўзбекистон президентлик сайлови

4 декабр якшанба кунига белгиланган президентлик сайловидан бир кун олдин "жимлик куни" эълон қилиниб ташвиқот тўхтатилган.

Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистонда 2015 йил 29 март куни ҳам президентлик сайлови бўлиб ўтган, ўшанда Марказий Сайлов комиссияси матбуот котиби Низомиддин Нурматов "сукунат куни" бўлмаслиги ҳақида айтганди.

"Ўзбекистон президентлиги учун сайлов бўйича янги қонунчиликда бундай тартиб кўзда тутилмайди", номзодлар ўз тарғибот кампанияларини давом эттираверадилар, деб айтганди МСК матбуот котиби.

Янги қонунчиликдаги ўзгаришлар 29 мартгача эълон қилинмаган эди.

3 декабр куни пойтахт Тошкент кўчаларида осилган президентликка номзодларнинг баннерлари, плакат ва варақалари олиб ташлангани кузатилган.

Давлат назоратидаги матбуот экспертларнинг нуқтаи-назарларини эълон қилмоқдалар.

Экспертлар билдираётган асосий фикрлар шуки, сайлов адолатли ва холис бўлади ва улар бу сайловнинг мамлакатнинг "янада тараққиётига" хизмат қилишига умид қилмоқдалар.

Маҳаллий матбуот ва сайлов масъуллари ўзбекистонликларни овоз беришда иштирок этишга, ҳар бир фуқаронинг сайлов участкасига бориши лозимлигини эслатиб, бир кишининг бутун оила номидан овоз беришига йўл қўймасликка чақирмоқдалар.

Айни пайтда Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов мамлакат сайловга 100 фоиз тайёрлигини айтган, марҳум президент Ислом Каримовнинг ўлимидан кейин ўтказилаётган сайлов "адолатли, шаффоф ва демократик" бўлишига умид билдирган.

4 декабр кунги сайлов президент Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти ортидан Ўзбекистон конституциясига мувофиқ чақирилмоқда.

Президент Каримов шу йилнинг 2 сентябр куни 78 ёшида миясига қон қуйилиши оқибатида вафот этгани хабар қилинди.

Бу - Ўзбекистон мустақиллиги тарихида Ислом Каримовнинг иштирокисиз ўтадиган биринчи президент сайлови бўлади.

Президентлик сайловига Ўзбекистондаги Либерал-Демократик партия муваққат президент, Бош вазир Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурган.

"Миллий тикланиш" партияси Сарвар Отамуродов номзодини, "Адолат" социал-демократик партияси Наримон Умаровни, Халқ Демократик партияси эса Ҳотамжон Кетмонов номзодини илгари сурганлар.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси сайловчи сифатида 21 миллион 400 фуқаро рўйхатга олингани ҳақида хабар тарқатган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ