‘Хьюман Райтс Вотч’ Мирзиёевга мактуб йўллади

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи Internet

Ўзбекистоннинг янги сайланган президентидан мамлакатдаги "инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор аҳволни яхшилаш йўлида аниқ қадамлар қўйиши лозим"лигини айтди.

Бу халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти наздида Шавкат Мирзиёев ва унинг маъмурияти келаси 5 йил ичида:

-Сиёсий маҳбусларни озод этиши

-Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг масъул идоралари билан ҳамкорлик қилиши

-Қийноқларга чек қўйиши

-Матбуотга қўйилган чекловларни бекор қилиши

-Фуқаровий жамият ташкилотларини ўз ҳолига қўйиши

-Диний эътиқод эркинлигини таъминлаши

-Жинсий озчиликларга қарши дискриминация ҳолларига чек қўйиши

-Мажбурий меҳнатга якун ясаши

-Андижон қирғини юзасидан мустақил терговга изн бериши лозим.

"Хьюман Райт Вотч" худди шу талаблари сирасида "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳақлари бўйича 14 экспертининг узоқ йиллик сўровлари қондирилиши, уларнинг мамлакатга киришларига изн берилиши керак"лигини тилга олган.

Бошқа инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари қаторида Халқаро Қизил Хоч Ташкилотининг ҳам Ўзбекистонда нормал фаолият юритиши, ҳибсхоналардаги шарт-шароитни кузатиб боришларига имкон берилиши кераклигини айтган.

Маҳаллий ва Ўзбекистонда ўз фаолиятларига якун ясашга мажбур бўлганлари дохил халқаро оммавий-ахборот воситаларини расман қайддан ўтишларига рухсат бериш ва чет эллик журналистларга аккредитация бериш билан ҳам мамлакатда ростмана матбуот эркинлигини таъминлашга ундаган.

"Хьюман Райтс Вотч" ташкилотининг мактуби мамлакат Бош вазири ва муваққат президенти Шавкат Мирзиёев ғолиб чиққан Ўзбекистон президент сайловидан 5 кун ўтиб кузатилган.

Халқаро ташкилот наздида, "жиддий чекловлар ва фундаментал инсон ҳақларининг таъмин этилмагани бу сайловларнинг эркин ва адолатли бўлиб ўтишига тўсқинлик қилган".

"Хьюман Райтс Вотч" мактубининг сўнггида "айни масалаларни муҳокама этиб олиш учун Шавкат Мирзиёев ва унинг ҳукумати тадқиқотчиси дохил ўз ходимларининг Ўзбекистонга сафар қилишларига изн бериши лозим"лигини ҳам айтган.

Ҳозирча расмий Тошкентнинг бу мактубга муносабати имконли эмас.

Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ вақт давомида бошқарган 78 ёшли президент Ислом Каримовнинг шу йил 2 сентябр кунги кутилмаган вафоти ортидан, мамлакат конституциясига мувофиқ, муддатидан илгари президент сайлови чақирилган.

4 декабр кунги сайловда ғолиб чиққани расман эълон қилинган Шавкат Мирзиёев мустақил Ўзбекистон тарихидаги иккинчи президентга айланган, аммо у ҳалича расман қасамёдга келтирилмаган.

Марҳум президент Ислом Каримов бошқаруви даврида эса, Ўзбекистондаги диний эркинликлар билан боғлиқ аҳвол етакчи Ғарб давлатлари, турли халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан жиддий танқидга учраб келган.

8 декабр куни бошқа бир - 'Civil Rights Defenders' халқаро ташкилоти ҳам Шавкат Мирзиёевни президент Каримовнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги репрессив сиёсатини давом эттиришдан воз кечишга чақирган.

Шавкат Мирзиёев дастлабки қадам ўлароқ қамоқлардан журналистлар ва ҳуқуқ фаолларини озод этиши лозимлигини айтганди.

Аммо...

Муваққат президент экан, Бош вазир Шавкат Мирзиёев шу йил октябр ойида Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизими фаолиятига боғлиқ янги фармонни имзолаган.

Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари 21 октябр кунги фармон суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадини кўзлагани ҳақида хабар беришган.

Айни шу фармонни имзолаши арафасида Либерал-демократик партиянинг қурултойида Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги суд-ҳуқуқ тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идора ва ташкилотларининг фаолиятини танқид қилган.

У суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, адвокатуранинг роли ва ўрнини кучайтириш, шунингдек, жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётидан воз кечишни таклиф қилган.

Бундан аввал Ўзбекистон Сенати жаноб Мирзиёевнинг таклифи билан амнистия тўғрисидаги қонунни қабул қилган.

Мирзиёевнинг президент вазифасини бажарувчи сифатида имзолаган илк қонунларидан бири ички ишлар идоралари тўғрисидаги қонун бўлган.

У, шунингдек, парламентнинг қуйи палатасига коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунни қабул қилишни таклиф этган.

Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги илк қадамлари ва қонунчилик ташаббуслари мамлакатда ўзгаришларнинг муқаррар экани ҳақидаги умидларни уйғотган.

Аммо танқидчилар унинг фаолиятига ҳақиқий баҳони президент сайловларидан кейингина бериш мумкинлигини айтишади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг