Россия: ‘Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатилсин’

Владимир Путин Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Бу каби қарорга Москва шаҳар думасининг Ёдгорлик санъати бўйича махсус комиссияси келган.

Россиядан олинган хабарларга кўра, бу қарор комиссиянинг пайшанба кунги мажлисида ортиқча муҳокамаларга сабаб бўлмаган, бир овоздан қабул қилинган.

Бу - Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг Россия пойтахти Москвада қад ростлаяжак биринчи ҳайкали бўлади.

Шу йилнинг 2 сентябр куни 78 ёшида миясига қон қуйилиши оқибатида кутилмаганда ҳаётдан кўз юмган марҳум Каримов бошқаруви даврида эса, расмий Тошкентнинг Кремль билан муносабатлари аксарият минтақа давлатларидан фарқли равишда, ҳеч қачон барқарор бўлмаган.

Ислом Каримов Россияга нисбатан ташқи сиёсатда турли гуруҳларга аъзоликдан кўра, Ўзбекистон манфаатини аниқроқ ва тўлиқроқ ифода этадиган икки тарафлама муносабатларни афзал билиб келган.

Шу боис Ўзбекистон Россия етакчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномасидан чиқиб кетган, Тошкентни Божхона Иттифоқига тортиш ҳаракатлари ҳам шу пайтгача ўз самарасини бермай келган.

Пойтахт Москвада ўрнатилиши кутилаётган ҳайкал эса, "ўзаро дўстлик ва ҳурмат рамзи" сифатида баҳоланмоқда.

Россиянинг етакчи "Интерфакс" ахборот нашри хабарига таянилса, Москвада марҳум президент Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш ташаббуси билан Ўзбекистон томони чиққан.

Нашр бу ҳақда ёзаркан, Ёдгорлик санъати бўйича комиссия раиси Игорь Воскресенскийнинг пайшанба кунги мажлисда янграган сўзларига орқа қилган.

Янги ҳайкал

Мажлис тафсилотларидан аён бўлишича, марҳум президент Ислом Каримов ҳайкали Ўзбекистоннинг Москва марказидаги элчихонаси фонида қад ростлайди.

Яъни, ҳайкални элчихонага яқин ва шу йилнинг октябр ойида президент Каримов номи берилган Якиманка туманидаги хиёбонга ўрнатиш режаланмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Баҳром Ашрафхонов ҳам бу хусусда бир овоздан қабул қилган қарори учун Москва шаҳар думасининг масъул комиссиясига миннатдорчилик билдирган.

"Ҳайкал тархи халқаро танлов натижасига қараб танланиши"ни маълум қилган.

"Интерфакс"нинг ёзишича, ҳайкални яратиш учун кетажак сарф-харажатларнинг Ўзбекистон томони, қурилиши ва ободонлаштириш ишларининг Москва ҳисобидан бўлиши кутилмоқда.

Бундан сал аввал марҳум президент Ислом Каримов ҳайкалини яратиш бўйича халқаро ижодий танлов ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистоннинг янги сайланган президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори эълон қилинган.

Шавкат Мирзиёев бу каби ташаббусни илк бор ўзининг сайловолди кампанияси чоғида илгари сурганди.

Аммо

Президент Ислом Каримовнинг номини абадийлаштириш ғояси унинг вафотидан қисқа вақт ўтмай янграган, бу вазифа ўша пайтнинг ўзидаёқ дафн маросимини ташкил қилишга масъул давлат комиссияси зиммасига юклатилганди.

Биринчи президент ўлими ортидан муваққат президентга айланган Бош вазир Шавкат Мирзиёев комиссия олдига "кенг жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олиб, бир ой муддатда Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича таклифлар киритиш" вазифасини қўйганди.

Мазкур масалага оддий ўзбекистонликлар ҳам катта қизиқиш кўрсатишган, ижтимоий тармоқлар уларнинг марҳум президент номини абадийлаштиришга қаратилган таклифлари билан тўлиб-тошиб кетганди.

Аммо Ислом Каримов хотирасига ўзларида ҳайкал ўрнатиш ташаббуси билан илк бор қўшни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов чиққан, унинг бу сўзлари марҳум президентнинг қадим Самарқанддаги расмий дафн маросими чоғида янграганди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг вафоти ортидан кечган уч ойдан ортиқроқ вақт давомида унинг номи Тошкентдаги буткул қайта таъмирдан чиққан тарихий Жўрабек масжидига берилган.

Кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева яқинда отаси номига махсус жамоатчилик фонди ва музей ташкил этилиши ҳақида ҳам маълум қилганди.

Бошқаруви билан кечган чорак асрдан кўпроқ вақт давомида марҳум президент Ислом Каримовнинг фақат тасвирлари ва сўзлари битилган шиорларгина мамлакат кўчалари ҳамда мулозимлар кабинетларини безаб турган.

Марҳум президент Ислом Каримовнинг россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан сўнгги мулоқоти шу йилнинг апрел ойига тўғри келганди.

Аммо президент Путин Ўзбекистон марҳум раҳбарининг Самарқанддаги расмий дафн маросимига шахсан ташриф буюрмаган, уни Бош вазири Дмитрий Медведев намоён этганди.

Россия президентининг ўзи эса, орадан уч кун ўтиб, Хитойдан қайтишда Ўзбекистонга қўниб ўтган ва марҳум ҳамкасбининг Самарқанддаги қабрини зиёрат қилиб, унга гул қўйганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг