Россияда яна 'ўзбекистонликлар қурбон бўлишган'

Москва Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK

Дастлабки маълумотларга таяниб берилган расмий хабарларга кўра, бешовлоннинг ҳаётдан кўз юмишларига Кубаннинг Динской туманида юз берган ёнғин сабаб бўлган.

Бу ҳақда Россиянинг РИА ахборот агентлиги Краснодар ўлкаси Тергов қўмитаси матбуот хизматига таяниб хабар берган.

Кубандан олинган хабарни Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Россияда муҳожирлар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи асли ўзбекистонлик фаол Баҳром Ҳамроев ҳам тасдиқлади.

Аён бўлишича, ёнғин туманнинг Красносельское қишлоғи яқинидаги маиший чиқиндилар ташланадиган чиқиндихона олдидаги вагон уйчада келиб чиққан.

Дастлаб пайшанба кунги бу ҳодисада тўрт кишининг нобуд бўлгани хабар берилган, орадан кун ўтиб, маҳаллий терговчилар сатҳдан яна бир инсоннинг жасади топилганини айтишган.

"Бу билан қурбонларнинг сони бештага етди", - дея хабар берган матбуот хизмати.

Аммо...

Расмий хабарларда ёнғин оқибатида нобуд бўлганларнинг исм-шарифлари, шахслари, ёшлари, Ўзбекистоннинг айнан қай бир еридан бўлганликлари тафсилотлари келтирилмаган.

Худди шунинг баробарида жасадларнинг ҳозир қаерда сақланаётгани ва улар яқинларининг юз берган ҳодисадан бохабар этилганми-йўқликлари ҳақида ҳам бирор сўз айтилмаган.

Қурбон бўлганларнинг бу ерда нима иш билан шуғулланишгани, Россияга қачон, қандай мақсадда келишганига оид расмий маълумотлар ҳам, ҳозирча, имконли эмас.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг бу хусусда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси билан боғланиш уринишлари ҳам ҳалича самара бергани йўқ.

Аммо, расмий хабарларга кўра, юз берган ёнғин юзасидан Динской тумани тергов қўмитаси аллақачон терговолди текширув ишларини олиб борган.

Дастлабки маълумотларга таяниб, бу бешовлоннинг Ўзбекистон фуқаролари эканликлари айтилган.

Расмий хабарларга кўра, жасадларнинг шахсларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайин этилган.

Жорий пайтда вагон уйчанинг ёниб кетишига нима сабаб бўлгани ўрганилмоқда.

Ҳозирча ёнғин эҳтиётсизлик оқибатида келиб чиққанми ёки қасддан қилинган иш бўлганми, терговчилар томонидан бирор бир фараз ёки тахмин илгари сурилмаган.

Бахтсиз ҳодисалар

Кузатувчилар сўнгги йилларда меҳнат муҳожирларининг турли бахтсиз ҳодисалар, айниқса, ёнғин оқибатида қурбон бўлиш ҳолларининг ортиб бораётганига ишора қилишади.

Агар, куни-кеча эълон қилинган янги маълумотларга таянилса, жорий йилнинг иккинчи ярмида Россияга яна меҳнат муҳожирлари оқими ортган.

Ўтган икки йил давомида Россиядаги иқтисодий инқироз боис, муҳожирлар сонининг жиддий равишда озайиб бораётгани кузатилганди.

Сўнгги рақамлар Россия Халқ хўжалиги академияси ва давлат хизматининг "Иқтисодий вазиятни мониторинг қилиш" номли ҳисоботида келтирилган.

Агар, айни шу ҳисоботга таянилса, сентябр ойи охирига келиб Россиядаги меҳнат муҳожирларининг сони 10.4 миллион кишини ташкил этган.

Улар аксариятининг муваққат ва мавсумий ишларда банд эканликлари айтилган.

Энг сўнгги расмий рақамларда Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони 1 миллион 200 минг нафар, деб келтирилган.

Аммо, агар, норасмий рақамларга ишонилса, уларнинг сони икки миллион атрофидадир.

Фаол суҳбатдошимиз Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, полиция кўз ўнгидан анча четда экани боис, бутун Россия бўйлаб аксарият ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари қишлоқ хўжалик соҳалари, Кубандагисига ўхшаш чиқиндихоналарда ишлашади.

Айнан ана шу машғул бўлган юмушлари сабаб, вагон уйчаларда яшовчи меҳнат муҳожирларининг кўпчилигини ҳам Ўзбекистон фуқаролари ташкил қилишади, дейди у.

Суҳбатдошимизга кўра, бу каби меҳнат муҳожирлари билан юз берган бахтсиз ҳодисалар эса, аксарият ҳолларда охиригача ўрганилмайди, унинг таъбирича, "ёпди-ёпди" қилиб юборилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.