Коррупцион имиджга эга амалдорлар қайтаяптими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи dunyouzbeklari
Image caption Козим Тўлаганов судга тортилишидан аввал узоқ йиллар Тошкент ҳокими бўлган

Ислом Каримов президентлиги даврида Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган Козим Тўлаганов яна ҳукумат лавозимига қайтди. Бу ҳақида қатор сайтлар, хусусан, Ўзбекистонда нашр этилувчи кун.уз сайти хабар тарқатди.

Тўлаганов мамлакатнинг янги президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари сифатига риоя этилиши устидан Давлат назорати бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган.

У 2006 йилда Тошкент шаҳар суди томонидан иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилиб, 1 йиллик синов муддати билан 20 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм этилганди. Суд унга, шунингдек, 1,3 миллион доллар миқдоридаги пулни давлатга қайтариш мажбуриятини юклаган.

Козим Тўлаганов марҳум президент даврида ишдан "четлатилган", аммо Мирзиёев томонидан реабилитация қилинаётган ягона юқори давлат мулозими бўлмаслиги мумкин.

Президентлик сайловларидан олдин Мирзиёевнинг Тошкент шаҳар сайловчилари билан ўтган учрашувида Тўлаганов билан бирга Исмоил Жўрабеков ҳам кўринган.

Президент Каримовнинг давлат маслаҳатчиси ва бош вазирнинг 1-ўринбосари лавозимларида ишлаган Жўрабековга қарши 2003 йилда катта миқдордаги давлат мулкини талон-тарож қилиш айби билан тергов очилганди.

Қонун нима дейди?

Би-би-си билан суҳбатда тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловнинг айтишича, жиноий жавобгарликка тортилган ва жазони ўтаган амалдорларнинг яна давлат лавозимига қайтиши ёки қайтмаслиги борасида Ўзбекистон қонунчилигида ҳеч нима айтилмаган.

Би-би-си билан суҳбатда таниқли тошкентлик журналист Сергей Ежков ҳам буни тасдиқлади.

Унинг айтишича, амалдорнинг яна давлат мансабига қайтиш ё қайтмаслигини суд ҳал қилади. "Ҳакам ўз ҳукмида унинг, масалан, келгуси уч йил ичида давлат лавозимида ишлашга ҳуқуқи йўқлигини эълон қилиши мумкин", - дейди Ежков.

Тўлаганов масаласида эса, Ежковга кўра, Олий Суд томонидан уни оқлаш борасида ҳукм чиқарилган бўлиши мумкин, аммо бу очиқланмайди.

Унинг айтишича, Жўрабековдан ҳам жиноий жавобгарлик суд ҳукми билан ечилган, аммо унинг Мирзиёев билан учрашувларда пайдо бўлиши унинг давлат мансабига қайтаётганини англатмайди. "Исмоил Ҳакимович ҳар қалай 80 ёшга етиб қолди", - дейди Ежков.

Кланлар қўллаб-қувватлови

Лондонлик сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг айтишича, Президент Мирзиёев ҳукмдор элитанинг қисми бўлган арбобларни оқлаш билан оммавий қўллаб-қувватловга эришишга уриняпти.

"Ислом Каримов ҳам шунга ўхшаш ишни қилганди. Унинг қўли остида "Ўзбеклар иши"да айбдор деб топилган кўп арбобларнинг оқланиши аввалига сиёсий қарор, сўнгра судлар орқали амалга оширилган. Шароф Рашидов реабилитацияси ҳам Каримов томонидан амалга ошди. Бу билан у таъсири катта доиралар олдида ўз легитимлигини мустаҳкамлашни истаганди. Мирзиёев ҳам ҳукмдор элитанинг аҳамиятли шахсларини оқлаш билан президентликнинг илк кунларида ўз мавқеини мустаҳкамлаб олаяпти. У бунга муҳтож," - дейди Илҳомов.

Унинг айтишича, Ўзбекистондаги бошқарув шакли патронаж тизимига асосланади, у ҳам бўлса, бир хўжайин судга тортилса ёки ишдан олинса, унинг қўли остида бўлган амалдорлар ҳам босимга учрайди ва қувилади. Бу хўжайинни оқлаш билан Мирзиёев унинг қўли остидагиларнинг ҳам катта қўллаб-қувватловига эга бўлади.

Аммо, янги президент олдида мамлакатда иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш ва уни жаҳон андозаларига мослаштириш талаби турган вақтда нега ёш иқтидорлар эмас, коррупцион имиджга эга шахслар давлат мансабларига қайтариляпти?

"Бир томондан, бундай ислоҳотларни амалга ошириш учун яхши тайёрланган ва ислоҳотпарвар ёшлар керак. Ғарб университетларини битирган ва давлат тизимида ўрта лавозимларда анчагина ишлаб қўйган шахслар бор. Лекин, бошқа томондан, Мирзиёев ўз таъсир базасини мустаҳкамлашга интилади. У аслида юқори лавозимга келганига кўп бўлмаган ва у ўзидан аввал бошқа аҳамиятли одамлар бўлганини билади. У гўёки адолатни тиклаётган бўлиб кўриниш билан бирга ана шу аҳамиятли арбобларнинг қўллаб-қувватловини қўлга киритяпти. Бу Мирзиёевнинг бизнинг кўзимизга кўринмаётган рақиблари билан курашида жуда асқотади," - дейди Илҳомов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг