"Коррупцияда айбланган" Арипов - бош вазирликка номзод

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption Абдулла Арипов

Душанба куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлисида ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Нигматович Арипов номзодини Бош вазир лавозимига тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Бу ҳақида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вебсайтида хабар чоп этилди.

"Таъкидланганидек Абдулла Нигматович Арипов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти учун масъулиятни тўла зиммасига олишга қодир, ташаббускор ва талабчан, янгиликка интилувчан, жонкуяр ва ватанпарвар, қуйидан юқоригача бўлган барча бўғинлардаги ижро органларини бошқаришда етарли тажриба ва салоҳиятга эга бўлган фидойи инсондир", - дейилади партия баёнотида.

Шавкат Мирзиёев Абдулла Ариповни ўтган сентябрь ойида ҳукуматга қайтарган ва Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялари масалалари комплекси раҳбари лавозимига тайинлаганди.

Жиноий иш

Арипов ўтмишда ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари комплексини, ҳамда 2009 йилгача Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигини бошқарган, аммо Гулнора Каримова ва МТСга боғлиқ коррупцион терговлар туфайли ишдан четлатилганди.

Ўзбекистонда чоп этилувчи Узметроном сайти ва қатор хабар агентликлари тўрт йил аввал Арипов ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари комплекси раҳбари лавозимидан четлатилгани ва унга нисбатан 2012 йил сенябрида жиноий иш қўзғатилганини ёзганди.

Ариповга "Уздунробита" ("МТС-Узбекистан" бренди) компаниясига қўшимча ретрансляторлар ўрнатиш учун ноқонуний рухсатномаларни бериш айби қўйилганди.

2012 йил июнида "Уздунробита" 250дан ошиқ база станцияларини ноқонуний равишда ишлатиш, молиявий захираларни нотўғри мақсадларда ишлатиш, мол-мулкни талон-тарож қилиш, пулни нақдлаштириш йўлида ноқонуний схемалардан фойдаланиш ва солиқдан бўйин товлаш, ҳамда ҳудудий филиалларини лицензиясиз юритишда айбланганди.

Айни йилнинг сентябрида Тошкентда "Уздунробита"нинг тўрт нафар юқори даражали менежерлари қамоқ жазоларига ҳукм этилгандилар, Россия МТС компаниясининг Ўзбекистондаги шўъбаси эса Ўзбекистон ҳисобига мусодара этилганди.

Лондонлик сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг айтишича, Ариповнинг сиёсатга қайтиши ҳам коррупцион имиждга эга бўлган амалдорларнинг қайта тикланиши доирасида юз бермоқда.

"Арипов, албатта, радио частоталарни ажратиш, телекоммуникация секторида бизнес юритиш учун керак бўлган лицензияларни бериш бўйича ҳужжатларга имзо чеккан. Бунинг ҳаммаси нима билан якун топганини биламиз. Президентнинг оиласидаги таниқли шахс бошқарган офшор ҳисоб рақамларига поралар тўланган, бу пуллар ҳозирда пул ювиш ва коррупция шубҳалари билан очилган ишлар туфайли музлатиб қўйилган. Балки Абдулла Арипов шахсан бу коррупцион схемаларга алоқаси бўлмагандир, лекин у уларда иштирок этган - у ўз имзосини чеккан. Бу ҳужжатларга имзо чекиш қонунга хилоф равишда юз берган. Қандай қилиб бизнес ўтмиши бўлмаган ва штатсиз компанияларга у лицензия берган? Бу компаниялар кейин у лицензияларни ҳақиқий мобил операторларига сотган - бу ҳам қонунга хилоф. Мана шу киши энди қайта тикланяпти", - дейди таҳлилчи.

Узметроном нашри, ўз манбаларига асосланиб, Абдулла Ариповни Скандинавиянинг TeliaSonera компанияси Ўзбекистонга кириши билан боғлиқ коррупция можаросига ҳам алоқадор, деб ёзганди.

Ариповга қарши 2012 йилда очилган жиноий тергов қандай якун топгани номаълум. Узметроном 2013 йилда жиноий иш ёпилганини хабар қилганди.

Абдулла Арипов ким?

Абдулла Арипов 1961 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1983 йили Тошкент электротехника алоқа институти (ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университети)ни тамомлаган. Иқтисодиёт магистри. Оилали, беш нафар қизи бор.

1983-1992 йилларда Тошкент телефон-телеграф станциясида 1-тоифали муҳандис-электрончи бўлиб ишлаган. 1992-1993 йилларда Алоқа вазирлигида бош мутахассис, 1993-1995 йилларда "Ўзимпэксалоқа" халқаро савдо ширкатида директор ўринбосари лавозимида ишлаган.

1995 йили маълум муддат Алоқа вазирлигининг қурилиш ва таъминот бўлимига, 1995-1996 йилларда эса "ТашАфиналАЛ" қўшма корхонаси, Алоқа вазирлигининг хусусийлаштириш ва рақобатни ривожлантириш бўлимига раҳбарлик қилган.

1997 йили Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлигининг бозорни шакллантириш ва қимматли қоғозлар бўлими бошлиғи, 1997-2000 йилларда Почта ва телекоммуникацияларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори лавозимида ишлаган.

2000 йили Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги бош директори биринчи ўринбосари, 2001 йили эса шу ташкилот раҳбари этиб тайинланган (бир йилдан сўнг ташкилот номи Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги деб қайта номланган).

Шавкат Мирзиёев ҳукумат раҳбарига айланишидан бир йил аввал - 2002 йили бош вазир Ўткир Султоновнинг ўринбосари этиб тайинланган ва Алоқа ва ахборот-технологиялари масалалари комплексига масъул бўлган. Айни вақтда, агентликка раҳбарлик қилишда давом этган.

2009 йили Абдулла Арипов масъул бўлган ҳукумат комплексига ижтимоий соҳа, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият масалалари ҳам қўшиб берилган, шунингдек, у МДҲ бўйича ҳамкорлар билан мулоқотга ҳам жавобгар бўлган.

2012 йил ёзида Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигидан истеъфога чиқарилган, кейинроқ бош вазир ўринбосари лавозимидан ҳам озод этилган.

У "МТС-Ўзбекистон" ширкати эҳтиёжлари учун қўшимча ретрансляторларни ўрнатишга ноқонуний рухсат берганликда айбланган. Шунингдек, нашр ўз манбаларига асосланиб, Абдулла Ариповни Скандинавиянинг TeliaSonera компанияси Ўзбекистонга кириши билан боғлиқ коррупция можаросига ҳам алоқадор, деб ёзган.

Виртуал қабулхона ташаббускори

Тошкентдаги Би-би-си манбасига кўра, Абдулла Арипов коррупцияга боғлиқ ишларга алоқадор деб кўрилса-да, юқори доираларда "ўз соҳасининг билимдони, ҳақиқий профессионал" сифатида баҳоланади.

Манбанинг билдиришича, 24 сентябрь куни иш бошлаган Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасини ташкил этиш ташаббуси ҳам айнан Абдулла Ариповдан чиққан.

Кузатувчилар Абдулла Арипов бошлиқ ҳукумат мамлакатнинг ахборот-коммуникация технологиялари билан қамраб олиниши, техникавий тараққий этишига умид бор, дейди.

Расмийлаштириш

13 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси чақирилиши кутилмоқда. Расман бу мажлисда келаси йилги давлат бюджети ва "Коррупция тўғрисида"ги қонун лойиҳалари, шунингдек, "Сенат ваколатларига тааллуқли бўлган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиши" эълон қилинган.

Сенат мажлисида муҳокама этилиши мумкин бўлган "бошқа масалалар"дан бири айнан бош вазир номзоди бўлиши тахмин қилинмоқда.

Тошкентдаги манбаларнинг маълум қилинишча, 14 декабрга режалаштирилган Шавкат Мирзиёев инаугурацияси ортидан жаноб Арипов ҳам бош вазир лавозимига тасдиқланади.

Абдулла Арипов 13 сентябрь куни муваққат президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига кўра, Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари ва Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялари масалалари комплекси раҳбари лавозимига тайинланган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг