Оксана Чусовитина ‘Гиннес рекордлари китобида’

Оксана Чусовитина Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу ҳақда ўзбекистонлик спорт гимнастикаси афсонаси ўзининг Instagram даги шахсий аккаунтида маълум қилган.

11 декабр санаси билан қолдирилган хабарда, "Мен энди расман Гиннес рекордлари китобидаман", - деб ёзган Оксана Чусовитина.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Номдор гимнастикачи ўзининг бу изоҳига собиқ жамоадоши Светлана Богинская билан бирга қўлида Гиннес қўмитасининг расмий сертификатини ушлаб турган ҳолда акс этган фотосуратини илова қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Instagram

Ўз навбатида, спорт гимнастикаси бўйича собиқ Шўролар Иттифоқи терма жамоаси аъзоси, донгдор гимнастикачи Светлана Богинская ҳам айни шу мазмундаги хабарни ўзининг Instagram даги саҳифасида бошқалар билан бўлишган.

Шахсий аккаунтида ўзларига қўшимча собиқ мурабббийлари Александр Александров ҳам акс этган бошқа бир фотосуратни чоп этган.

Светлана Богинская ўзининг бу аксига, "Етти Олимпиада Ўйинларидаги иштироки учун Гиннес рекордлари китобига танлангани тўғрисидаги сертификатнинг жаҳон ва Олимпия чемпиони Оксана Чусовитинага топширилганига оид хабарни бўлишиш ёқимли бўлган одамлар даврасида", - дея изоҳ қолдирган.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг сўнгги янгилик юзасидан Оксана Чусовитинанинг шахсан ўзи билан боғланиш уринишлари ҳозирча самара бергани йўқ.

Ўзбекистон Гимнастика Федерацияси Бош котиби ва Миллий Олимпия қўмитаси матбуот воизи эса, биз билан суҳбатда айни хабардан огоҳ эканликлари, аммо Оксана Чусовитинанинг Тошкентга ташрифи ортидан, унинг ўзи билан шахсан суҳбатлашгач, бу ҳақда расман хабар бериш режасида эканликларини билдиришди.

Ҳар икки ташкилот вакилининг ҳам сўзларидан маълум бўлишича, спорт гимнастикаси афсонаси бугун маҳаллий вақт билан кечга яқин Ўзбекистонга етиб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Агар, ўзининг хабарига таянилса, Оксана Чусовитина Гиннес рекордлари китобига киролган биринчи ўзбекистонлик спорт гимнастикачиси бўлади.

Жорий йилда Бразилиянинг Риосида бўлиб ўтгани ўзбекистонлик бу номдор гимнастикачи ўз карьераси давомида кетма-кет еттинчи бор иштирок этган Ёзги Олимпиада Ўйинлари бўлганди.

2012 йилги Лондон Олимпиадаси ортидан, Оксана Чусовитина Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида катта спортни тарк этишини маълум қилган, аммо орада кечган вақт давомида унинг бу ниятидан қайтгани маълум бўлганди.

Ҳали дунёда бирор бир спорт гимнастикачиси халқаро беллашувларда бу қадар узоқ иштирок этмаган ва бу ёшда жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ғолиблик учун кураш олиб бормаган.

Ҳозир 41 ёшда бўлган Оксана Чусовитина жаҳон спорт гимнастикаси тарихида бу каби натижа қайд этолган ягона аёл спортчи бўлади.

Порлоқ карьера

Оксана Чусовитина илк бор Олимпиада Ўйинларида 1992 йилда, бугунги рақиблари, ҳатто, ҳали дунёга келмаган пайтларида қатнашган.

Оксана Чусовитина, шу жумладан, она бўлиши ортидан, катта спортга қайтган жаҳондаги саноқли гимнастикачилардан ҳам бири бўлади.

У спорт гимнастикасидаги порлоқ фаолиятини ҳали 90-йиллар бошларида, собиқ СССР терма жамоаси сафларида бошлаган.

Кейин Ўзбекистон, 2006 йилдан бошлаб эса, оилавий шароитлари туфайли, Олмония терма жамоасини намоён этиб келган.

2013 йил бошида эса, Халқаро Гимнастика Федерацияси Ижроий Қўмитаси Оксана Чусовитинанинг қайтиб Ўзбекистонни намоён этишига изн берганди.

Ўзбекистонлик бетакрор бу гимнастикачи спорт гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионати, Кубоги, Оврўпо биринчилиги, Ёзги Олимпиада, Осиё Ўйинлари чемпиони, қатор нуфузли мусобақалар совриндори бўлади.

Гимнастика тарихида эса, ҳали бунақа спортчи бўлмагани айтилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.