ИШАКка муносабат: ‘Ўзбекнинг дўпписи ва тўни олиб ташлансин’
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

ESHAK ка муносабат: ‘Ўзбекнинг дўпписи ва тўни олиб ташлансин’

Жорий ҳафтада ESHAK (ИШАК) номи остида Россияда учинчи ресторан иш бошларкан, унинг рекламаси Ўзбек диаспораси вакиллари ва ўзбекистонлик масъулларнинг худди шундай талабларига сабаб бўлмоқда.

Украина пойтахти Киевда 2013 йилда очилган дастлабкиси билан, ўтган уч йилнинг ичида собиқ Шўролар Иттифоқи ҳудудида ESHAK деб аталувчи ресторанларнинг сони тўрттага етган.

Шу кунларда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида очилган ресторанини россиялик шоумен Сергей Светлаковнинг шахсан ўзи реклама қилган.

Ресторан соҳиби бўлган актёр реклама фонида бошида ўзбекона дўппи, устида беқасам чопон, қўлида бир товоқ палов ва шундоққина биқинида эшак акс этган қиёфада намоён бўлган.

“Реклама, пиарнинг ҳам ўз этикети, қоидаси, ҳурмати бўлади. Биз шу кеча-кундузда бўлаётган бу ҳолатга салбий қараймиз”, - дейди Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси раиси Акбар Умаров Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан маълум бўлишича, бу хусусда, ҳатто Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ҳам мурожаат қилишган.

Эътироз

“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ва Украинадаги элчихоналаримизга нота юборган. Элчиларимиз ҳам бу тўғрисида ўз эътирозларини билдиришган”, - дейди Акбар Умаров.

Унга кўра, ресторан соҳиблари Ўзбекистон томонининг эътирозларига “Бу – бир сўз ўйини экани”ни айтишган.

“Бизларда эшак “э” билан ёзилса, улар номини русча қилиб, “ишак”, деб қўйишаяпти. Кейин бизлар “узбекская кухня”, деган сўзни олиб ташлаганмиз. Осиё ошхонаси, деб бераяпмиз. Бунинг сизларга ҳеч бир тааллуқли жойи йўқ”, - қабилида жавоб беришган.

Суҳбатимиз сўнггида Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси раиси Акбар Умаровнинг айтишича, барибир, бу рекламадан “ўзбекона дўппи ва беқасам чопон, яъни, ўзбекча колорит олиб ташланмоғи лозим”.

“Агар, бу ўзбекча колоритни олиб ташласа, унда ИШАК дейдими ёки бошқа нима дейдими (чунки бизда эшак сўзи “э” ҳафидан бошланади, рус тилига таржима қилинганда, бошқача жаранглайди), у томондан бизнинг эътирозимиз бўлмасди. Лекин ўзбекона дўппи ва беқасам чопонни кийиб тургандан кейин, албатта, бизнинг маданиятимизга яқин бўлади бу...”, - дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, жорий пайт назарда тутилганда, ресторан соҳиблари ўзларининг худди ана шу эътирозларини инобатга олишларига умид қилишмоқда.

"Ҳурматсизлик белгиси"

“Озодлик” хабаридан аён бўлишича эса, “Урал-Ўзбекистон дўстлик жамияти” раҳбари худди ана шундай талаб билан маҳаллий маъмурларга мурожаат қилган.

Обид Туратовнинг фикрича, ESHAK ресторани рекламаси “ўзбекларга нисбатан ҳурматсизлик белгисидир”.

Расмий вакиласи Ольга Глушкова “Озодлик”ка йўллаган баёноти тафсилотларидан маълум бўлишича, ресторан соҳиби Сергей Светлаков ўзбеклар жамияти лидери даъвосини ҳам “асоссиз”, дея рад этган.

ESHAK номи остида фаолият юритаётган тўртта ресторандан қолган иккитаси эса, Россия пойтахти Москва шаҳри ва Москва вилояти ҳиссасига тўғри келади.

39 ёшли Сергей Светлаков бундан 10 йилча бурун Россияга иш излаб келган икки меҳнат муҳожирининг тақдирига бағишланган анчайин шов-шувли “Наша Раша” фильми ортидан илк бор кўзга тушган.

Шахсан ўзи қилган рекламаси билан шунча норозиликка сабаб бўлиб улгурган навбатдаги ESHAK ресторанини эса, 12 декабр - ўзининг таваллуд кунида очган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз,
  • телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг