Абдулла Арипов Бош вазир этиб тасдиқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи FACEBOOK
Image caption Коррупция можаросига аралашган Абдулла Арипов Каримов вафотидан кейин ҳукуматга қайтарилганди

Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида Бош вазир ўринбосари Абдулла Арипов ҳукумат раҳбари этиб тасдиқланган.

55 ёшли Арипов номзоди чоршанба куни қасамёдга келтирилган Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган.

Парламентнинг қуйи палатасида энг кўп ўринга эга Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси ҳам Арипов номзодини илгари сурганди.

Сешанба куни Сенат Мирзиёевни Бош вазир лавозимидан озод қилган, ҳукуматнинг бутун таркиби истеъфога чиқарилган.

Мирзиёев шу йилнинг 8 сентябрида Сенат томонидан вақтинча Президент этиб тайинланганидан буён ҳам Бош вазир ва ҳам муваққат Президент вазифасини бажариб келган.

Мирзиёев вақтинча Президент этиб сайланганидан кейинги илк фармонларидан бири Ариповни ҳукуматга қайтариш ҳақида бўлган эди.

Абдулла Арипов ҳақида батафсилроқ мана бу ерда ўқинг.

ЎзЛиДЕП Ариповни "ислоҳотчи" дея тақдим этган.

Душанба куни шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғида Абдулла Ариповнинг расмий саҳифаси иш бошлаган.

Унда Арипов "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов томонидан билдирилган ишончни оқлашга бор куч-ғайратини сафарбар этгани туфайли Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари лавозимида энг кўп муддат ишлаган инсонлардан бири" сифатида тақдим этилади.

Абдулла Арипов 2002 йилдан 2012 йилга қадар Бош вазир ўринбосари лавозимида ахборот ва телекоммуникация тизимига раҳбарлик қилган.

2012 йилда ўзбек телеком тизимидаги порахўрлик можароси сабаб ишдан четлатилгани айтилади.

Ўтмишда Ислом Каримовнинг эҳтимолий ворисларидан бири деб ишонилган Рустам Азимов Бош вазир лавозимига асосий номзод сифатида кўрилганди.

Рустам Азимов ҳақида батафсилроқ ўқиш учун мана бу линкка босинг.

Пайшанба куни Шавкат Мирзиёев Президент сифатида қасамёд қилган.

4 декабрдаги сайловларда Мирзиёев 88,6 фоиз овоз олган эди.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти сайловларни "нодемократик" дея танқид қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+ - BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг