Сенат Шавкат Мирзиёевнинг қасамёд маросимига тайёрланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Шавкат Мирзиёевнинг қасамёд маросими 14 декабр куни ўтиши кутилмоқда

14 декабр куни ўтадиган қасамёд маросимида янги сайланган Президент Ўзбекистон Конституцияси ва халқига садоқат билан хизмат қилиш ҳақида онт ичади ва Марказий Сайлов Комиссияси раиси қўлидан Президентлик шаҳодатномасини қабул қилиб олади.

Сешанба куни Сенат Шавкат Мирзиёевни Бош вазир лавозимидан озод қилган.

Бу ҳақдаги қарор Сенатнинг сешанба куни очилган ялпи мажлисида қабул қилинган.

Айни муносабат билан ҳукуматнинг бутун таркиби истеъфо берган.

Афтидан, қасамёд маросимига хорижий давлат ёки ҳукумат раҳбарлари таклиф этилмаган, уларни Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари тамсил этадилар.

Мирзиёев шу йилнинг 8 сентябрида Сенат томонидан вақтинча Президент этиб тайинланганидан буён ҳам Бош вазир ва ҳам муваққат Президент вазифасини бажариб келган.

Ўзбекистон Конституциясининг 96-моддасида назарда тутилганидек, Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг эмас, балки Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг вақтинча Президент этиб тайинланиши ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг норозиликларига сабаб бўлган.

Бунинг ортидан ҳукуматнинг бош ҳуқуқшуноси Акмал Саидов Мирзиёевнинг тайинланиши қонуний эканини изоҳлаш мажбуриятида қолган эди.

Шавкат Мирзиёев 4 декабрда ўтган сайловда 88,6 фоиз овоз олиб, мамлакатнинг иккинчи Президенти этиб сайланганди.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти сайловларни "нодемократик" дея танқид қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Сенат янги Бош вазирни тасдиқлайди

14 декабрда Сенат янги Бош вазирни ҳам тасдиқлаши кутилмоқда.

Душанба куни парламентнинг қуйи палатасида энг кўп ўринга эга бўлган Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Бош вазирликка 55 ёшли Абдулла Арипов номзодини илгари сурган.

Абдулла Арипов Абдулла Арипов 2002 йилдан 2012 йилга қадар Бош вазир ўринбосари лавозимида ахборот ва телекоммуникация тизимига раҳбарлик қилган.

2012 йилда ўзбек телеком тизимидаги порахўрлик можароси сабаб ишдан четлатилгани айтилади.

Шу йилнинг сентябрида Шавкат Мирзиёев вақтинча Президент этиб сайланганидан кейинги илк фармонларидан бири Ариповни ҳукуматга қайтариш ҳақида бўлган.

Абдулла Арипов ҳақида батафсилроқ мана бу ерда ўқинг.

Ўтмишда Ислом Каримовнинг эҳтимолий ворисларидан бири деб ишонилган Рустам Азимов Бош вазир лавозимига асосий номзод сифатида кўрилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Адҳам Икромов Бош вазирликка эҳтимолий номзодлардан бири сифатида кўрилганди

Сенат ялпи мажлисининг биринчи иш кунида Бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов Соғлиқни сақлаш вазири, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова эса унинг ўринбосари этиб тайинланган.

Адҳам Икромов айни пайтда Бош вазир ўринбосари вазифасини ҳам бажаришда давом этади.

У Бош вазирликка номзодлардан бири сифатида кўрилган.

Айни пайтда Бош вазирликка асосий номзод деб тахмин қилинган Рустам Азимовнинг тақдири ҳозирча номаълум.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Боситхонова ўзининг зиддиятли ташаббуслари билан танилган

13 декабр куни Сенат Сенат 2017 йилги давлат бюджетини ҳам тасдиқлаган.

Бюджет лойиҳасини сенаторларга Бош вазир ўринбосари ва Молия вазири Рустам Азимов тақдим этган.

Рустам Азимов ҳақида батафсилроқ ўқиш учун мана бу линкка босинг.

Сенат шунингдек, узоқ кутилган "Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги қонунни ҳам маъқуллаган.

Мақола тўлдирилмоқда