Шавкат Мирзиёев президентликка киришмоқда

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи prezident.uz

Янги президент қўлини Қуръони Карим ва мамлакат Конституциясига қўйиб расман қасамёд қиларкан, "Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга" ваъда берди.

"Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга" тантанали қасамёд қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи prezident.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси бугун - 14 декабр куни очилган.

Шавкат Мирзиёев бугунги маросим ортидан, мустақил Ўзбекистон тарихидаги иккинчи президентга айланди.

Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови президент Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти сабаб, мамлакат конституциясига мувофиқ, шу йилнинг 4 декабр кунига чақирилган.

Ўзбекистоннинг чорак асрдан кўпроқ вақт давомида бошқариб келаётган президент Ислом Каримов 78 ёшда экан, шу йилнинг 2 сентябр куни миясига қон қуйилиши оқибатида ҳаётдан кўз юмганди.

4 декабр кунги президент сайловида эса, тўрт номзод орасидан марҳум Ислом Каримов ўрнига вақтинчалик президент вазифасини бажараётган мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев ғолиб чиққанди.

Расмий хабарларда Шавкат Мирзиёевнинг 88.61 фоиз овоз билан Ўзбекистон президенти этиб сайлангани айтилган.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси 9 декабр кунги мажлисида сайлов натижаларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига Шавкат Мирзиёев сайлангани тўғрисида расман қарор ҳам қабул қилганди.

Бу - 59 ёшли Ўзбекистон Бош вазирининг ўз сиёсий карьераси давомида биринчи марта сайловларда мамлакат президентлиги учун беллашиши эди.

Шавкат Мирзиёев 2003 йилдан буён Ўзбекистон Бош вазири вазифасини бажариб келган.

Сўнгги президент сайловидан ўн кунча ўтиб, Шавкат Мирзиёевнинг кеча - сешанба куни ўзининг Бош вазирлик мақомини топшираётганига оид хабарлар олинган.

Бу ҳақдаги қарор Сенатнинг сешанба куни очилган ялпи мажлисида қабул қилингани айтилган.

Айни муносабат билан ҳукуматнинг бутун таркиби истеъфо бергани ҳам маълум бўлганди.

Тошкентдаги маросим

Фото муаллифлик ҳуқуқи prezident.uz

Пойтахт Тошкентдан олинган хабарларга кўра, чоршанба кунги тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Марказий Сайлов комиссияси раҳбарияти, мамлакатдаги хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишган.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раиси залда ҳозир бўлганлар ва сайловчилар номидан Шавкат Мирзиёевни мамлакат президенти этиб сайлангани билан табриклаган.

Унга Ўзбекистон Республикаси Президенти гувоҳномаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг шаҳодатномасини топширган.

Ўзбекистон пойтахтидан бироз аввал олинган хабарларда мамлакат янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг тантанали нутқ сўзлаётгани айтилган.

Аммо Ўзбекистон янги президенти тантанали чиқиши тафсилотлари шу дақиқаларда имконли эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи prezident.uz

Президент сайлови

Шавкат Мирзиёев ғолиб чиққан сўнгги президент сайловини кузатган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти овоз бериш жараёнларини "нодемократик" дея танқид қилган.

Тошкентда ўтган матбуот анжуманида ОХҲТ нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси раҳбари Питер Тейлор сайловларда рақобат бўлмаганини таъкидлаган.

"Сайлов кунида жиддий қонун бузилишлари, жумладан, сайлов варақаларини овоз бериш қутисига ноқонуний ташлаш ҳоллари қайд этилди", дея Питер Тейлорнинг сўзларидан иқтибос келтирганди "РИА-Новости" агентлиги.

ОХҲТ бу йил ўз тарихида биринчи марта Ўзбекистондаги сайловларга тўлақонли кузатувчилар ҳайъатини юборганди.

Ташкилот бундан аввалги сайловларни ҳам нодемократик ва эркин эмас, деб баҳолаган.

Янги Бош вазир

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

14 декабрда Сенат янги Бош вазирни ҳам тасдиқлаши кутилмоқда.

Душанба куни парламентнинг қуйи палатасида энг кўп ўринга эга бўлган Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Бош вазирликка 55 ёшли Абдулла Арипов номзодини илгари сурган.

Абдулла Арипов Абдулла Арипов 2002 йилдан 2012 йилга қадар Бош вазир ўринбосари лавозимида ахборот ва телекоммуникация тизимига раҳбарлик қилган.

2012 йилда ўзбек телеком тизимидаги порахўрлик можароси сабаб ишдан четлатилгани айтилади.

Шу йилнинг сентябрида Шавкат Мирзиёев вақтинча Президент этиб сайланганидан кейинги илк фармонларидан бири Ариповни ҳукуматга қайтариш ҳақида бўлган.

Ўтмишда Ислом Каримовнинг эҳтимолий ворисларидан бири деб ишонилган Рустам Азимов Бош вазир лавозимига асосий номзод сифатида кўрилганди.

Шавкат Мирзиёевнинг номзоди ҳам 4 декабр кунги президент сайловига Тадбиркорлар ва Ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номидан кўрсатилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.