Тошкентга отланаётган Британия дипломати ким?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Conservative Party
Image caption Алан Данкан - Британия ташқи ишлар вазири муовини

Буюк Британия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Сэр Алан Данкан 16 декабрда Ўзбекистонга ташриф буюради.

Ўзбекистондаги нашрлар хабарига кўра, Алан Данкан Ўзбекистон ҳукумати билан музокаралар олиб боради.

"Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги вакили Олий Мажлис Сенати, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар, сармоя ва савдо вазирлигида учрашувлар ва музокаралар олиб боради", - дейилади uzdaily.uz нашри тарқатган хабарда.

Алан Данкан 19 июлда Британиянинг мубоҳасали Ташқи ишлар вазири Борис Жонсонга муовин этиб тайинланганди.

Сарф-харажат можароси

Аммо, Алан Данканнинг ўтмиши ҳам сиёсий можароларга бой.

Консерваторлар партиясининг илк очиқчасига гей аъзоси бўлмиш Сэр Алан 2009 йилда ўз уйидаги боғдорчилик ишлари учун мамлакат бюджетидан 4000 фунт олгани аниқлангач, бу пулни қайтаришга мажбур бўлганди.

Айни йилда уни яширин камерага ёзиб олиб ошкор қилишгач, у "ўтиниб" кечирим сўраган, аммо собиқ Бош вазир Дейвид Камерон томонидан лавозимидан четлатилганди.

Камерага ёзиб олинган суҳбатда у сарф-харажат можароси туфайли депутатларга ёмон муносабат қилинаётгани ва энди депутатлар "талонга" яшашга мажбур бўлишаётганини айтганди.

Алан Данканнинг парламентдаги ёрдамчиси Би-би-сига унинг Ўзбекистонга ташриф буюраётганини на рад этди ё на инкор қилди. Аммо, Британия ҳукуматидаги манбалар ташриф режаланаётганини тасдиқлашди.

"Ўзбек палови жуда ёғли"

Бу Сэр Аланнинг Ўзбекистонга илк ташрифи бўлади, аммо Британия Ташқи ишлар вазири Борис Жонсон Ўзбекистонда сафарда бўлган.

2004 йили оддий депутат ва "Спектатор" журналининг муҳаррири бўлганида Жонсон Ўзбекистонга оиласи билан туристик сафар қилгани ҳақида мақола ёзганди.

У ўз мақоласида ўзбек паловини "ўта ёғли" дея тасвирлаб, у ерда ичган пивосини "от сийдиги"га қиёслаган.

Борис Жонсон, шунингдек, 2007 йилда ўзбек миллиардери Алишер Усмонов билан юзага келган келишмовчилиги туфайли матбуот назарига тушганди.

Алишер Усмонов Жонсонни у ҳақида ёзган мақоласи учун судга бериб, суд ҳукми билан Жонсоннинг вебсайтини ёптиришга муваффақ бўлганди.

Жонсон буни "сўз эркинлигининг жиддий бузилиши" дея қоралаган ва "Бу Лондон, Ўзбекистон эмас", дея қўшимча қилганди.

Борис Жонсон жорий йилнинг 13 июлида Британия ташқи ишлар вазири этиб тайинланди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+ - BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг