Европа парламенти ўзбек текстил битимини маъқуллади

Фото муаллифлик ҳуқуқи European parliament
Image caption Европарламентга кўра, Ўзбекистон болалар меҳнатига "деярли тўла барҳам берган"

Европа парламенти депутатлари Ўзбекистон билан тўқимачилик маҳсулотлари савдосига доир битимни маъқуллаб овоз берганлар.

Чоршанба кунги овоз беришда Ўзбекистоннинг "болалар меҳнатига чек қўйиш йўлида қўйган қадамлари" эътиборга олинган.

Айни пайтда Европарламент депутатлари ўзбек ҳукуматини мажбурий меҳнатнинг барча кўринишлари, жумладан, талабалар ва бюджет ходимларининг пахта йиғим-теримига жалб этилишига чек қўйишга чақиришган.

Резолюция Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида 1999 йилда имзоланган Шериклик ва Ҳамкорлик Битимига тўқимачилик саноати маҳсулотларини ҳам киритишни назарда тутади.

Резолюция лойиҳасини маъқуллаб 564 депутат овоз берган, 100 киши қарши ва 41 депутат овоз беришдан тийилган.

Европа парламенти депутатлари Ўзбекистон ҳукумати охирги уч йилда Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан биргаликда болалар меҳнатига "деярли тўла барҳам берганлиги"ни олқишловчи қонун кучига эга бўлмаган алоҳида резолюцияни ҳам қабул қилганлар.

Европа парламенти Ўзбекистондаги вазиятни яқиндан кузатишда давом этиши ва агар ўзбек ҳукумати ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармай қўйса, ЕИ Коммиссияси ва Кенгашидан расмий Тошкент билан битимни тўхтатишни сўраши ҳақида огоҳлантирган.

Европа Парламенти айнан Ўзбекистон пахта саноатидаги болалар ва мажбурий меҳнатга оид даъволар сабаб, 2011 йилда бу келишувнинг тақдирини савол остида қолдирган.

Image caption Фаолларга кўра, бу йил ҳам Ўзбекистонда юз минглаб одам пахтага мажбуран сафарбар қилинган

Чоршанба кунги овоз бериш натижалари Европа Парламенти айни қарорининг бекор бўлганини англатади.

Болалар меҳнати ва замонавий қулликка қарши курашувчи халқаро ташкилотлар Европа Иттифоқини Ўзбекистон билан битимни маъқулламасликка чақириб келишган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича HRW ташкилоти ўтган ой Европа Парламентидан мазкур битимни рад этишни сўраган.

Инсон ҳақлари ташкилотига кўра, бунинг асосий сабаби Ўзбекистон мажбурий меҳнат сақланиб қолаётгани билан боғлиқдир.

"Тўқимачиликка доир икки томон ўртасида протокол қабул қилиниши - Европа Иттифоқининг ташқи сиёсати асосларига зиддир. Бу Ўзбекистон ҳукумати томонидан мамлакат бўйлаб халқни мажбурий меҳнатга дучор қилиб келаётганига кўз юмиш бўлади", дейилган ташкилотнинг мурожаатида.

Anti-Slavery International, Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Cotton Campaign, Human Rights Watch, Инсон ҳуқуқларига доир Ўзбек-Олмон форуми тўплаган маълумотларга кўра, 2016 йилда Ўзбекистон юз минглаб аҳолини пахта теримига мажбуран сафарбар қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг