Ўзбекистонда туризм: Нима қилмоқ керак?

Оқсарой, Шаҳрисабз

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Шаҳрисабз, Жаҳонгир мақбараси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан туризмни жадал ривожлантириш тўғрисидаги фармон бу соҳада жиддий ўзгаришлар бўлишига умид уйғотади.

Аммо айрим кузатувчиларга кўра, шу вақтгача сайёҳлик соҳасини ривожлантириш борасида қабул қилинган ўнлаб қарорлар кутилган натижани бермаган.

Шу йилнинг 2 декабр куни чиқарилган Президент фармонига кўра, 27 хориж давлати фуқароларига ҳозиргача амалда бўлган кириш виза тартиби бир томонлама бекор қилинади.

Айни давлатлардан сайёҳлар Ўзбекистонга келиши учун онлайн ҳужжат тўлдириши ва бир ойлик сафар учун белгиланган 50 АҚШ доллари миқдорида тўлов жорий этилади.

Хорижлик ва Ўзбекистон фуқароларига аэропортларда айри-айри назорат ўтиш нуқталари ташкил қилинади.

Туризм бизнеси билан шуғулланувчи операторлардан мажбурий валюта тўлови олиб ташланади.

Меҳмонхоналар эса хорижлик меҳмонлардан тушган валютанинг 25 фоизини давлатга сотади.

Янги фармонга кўра, "Ўзбектуризм" миллий компанияси тугатилади ва ўрнига ташкил топаётган Туризмни ривожлантириш қўмитасининг ваколатлари оширилади.

Энди туризм билан шуғулланувчиларга шаҳодатномалар ушбу ташкилот томонидан берилади.

Туристик фирмалар ва йўлбошловчилар сайёҳлар томонидан Ўзбекистонда содир этилган жиноятлар учун жавобгарликка тортилмайди.

Аввалгиларга ўхшамас…ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Сайёҳлар

Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича бунгача ҳам Вазирлар маҳкамаси, Олий мажлис қонунчилик палатасининг қарор ва Президентнинг ўнлаб фармонлари чиққан.

Ўнлаб мамлакатлар билан туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланган.

Бир неча вилоят учун туризм соҳасини ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган.

Эътиборли томони, Туризм соҳаси бўйича президент Ислом Каримов энг сўнгги бор 1999 йилда фармон чиқарган.

Ундан сўнг қабул қилинган барча қарорлар Вазирлар Маҳкамаси ёда Олий мажлисга тегишли.

Шавкат Мирзиёев президент лавозимига киришганидан кейин ушбу соҳа назоратини яна президент ўз тасарруфига олиши керак, деган тўхтамга келганга ўхшайди.

Мутахассислар кўплаб қарорларга қарамасдан Ўзбекистонда сайёҳлик бизнеси кўнгилдагидек ривожламаётганини айтишади.

Сайёҳлик мўмай даромад манбаи бўладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Сайёҳлар Шаҳрисабзда

Фаолияти тугатилган "Ўзбектуризм" миллий компанияси раиси Фаррух Ризаев 2013 йил Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сўзлаган нутқида туризмдан тушган даромад мамлакат ялпи ички маҳсулоти билан солиштирганда жуда камлигини айтган.

"2012 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда туризмдан тушган даромад ЯИМга нисбатан 1,5%дан ошмади, ваҳоланки бошқа мамлакатларда ушбу кўрсаткич ЯИМнинг 10 дан 45 фоизгачасини ташкил этади. Айни чоғда туристлар оқимининг асосий қисми мамлакатимизнинг бош туристик марказлари — Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига тўғри келмоқда. Аммо, мамлакатимизнинг бир қатор истиқболли минтақалари инфратузилмасини тизимли ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмаган", деган Фаррух Ризаев.

Мутахассисларга кўра, Ўзбекистоннинг туризм соҳасидан оладиган даромади йилига ўртача 180 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.

Расмийлар ушбу соҳанинг режадагидек ривожланмаётганига "Туризм тўғрисидаги" қонуннинг талабларга жавоб бермаслигини рўкач қилишган.

"1999 йилда қабул қилинган «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларни янада такомиллаштириши талаб қилинади. Ҳозирги вақтда туристик фаолият талай миқдордаги ҳавола қилувчи нормаларни ўз ичига олган мазкур Қонундан ташқари тизимлаштириш ва кодификация қилиш талаб этиладиган 30 дан зиёд қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинмоқда", деган фаолияти тугатилган "Ўзбектуризм" раиси Фаррух Ризаев.

Қонунга ўзгартиришлар киритиш кераклиги Олий Мажлис томонидан 2013 йилда чиқарилган қарорда айтиб ўтилган бўлса-да, бажарилмаган.

Кузатувчилар Ўзбекистонда туризм соҳасининг ривожланмаётгани сабабини мамлакатнинг ёпиқлиги ва ҳуқуқ-тартибот органларига керагидан ортиқ ваколат берилгани билан изоҳлашади.

Уларга кўра, сайёҳларга енгиллик яратиш тўғрисида бундан олдинги фармон ва қарорларда ҳам кўп айтилган, бироқ амалда бунинг тескариси бўлган.

Фармоннинг фармондан фарқи борми?

Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов томонидан 1995 йилнинг 3 июн кун чиқарилган "Буюк ипак йўлини қайта тиклашда ўзбекистон республикасининг иштирокини авж олдириш ва республикада халқаро туризмни ривожлантириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонда ҳам хорижлик сайёҳлар учун соддалаштирилган тартибда чегарадан ўтиш жорий қилиш ҳақида айтилган.

Транзит сайёҳлар учун махсус божхона хоналари такил қилиш қайд этилган.

Худди шу каби талабларни сўнгги бор 2016 йилнинг 2 декабрида Шавкат Мирзиёев томонидан чиқарилган фармонда ҳам кўриш мумкин.

Бироқ хорижлик сайёҳлар бошқалар билан биргаликда Ўзбекистон халқаро аэропорти ва темир йўл чегара ўтиш нуқталарида бир хил ноқулайликларга дуч келишади.

Мамлакат пойтахти Тошкентдаги ҳаво қўналғаси дунёдаги энг ёмон аэропортлари рўйхатида бир неча йилдан бери тушмай келади.

Ўзбек божхоначиларининг ҳаддан ташқари синчковлиги ва ҳар бир чет эллик фуқарога потенциал жиноятчи ёда террорист сифатида қараши кўп бора танқид қилинган.

Сайёҳларни экстремизмни тарғиб қилишда айблаш ҳолатлари бўлгани учун кўплаб сайёҳлар Ўзбекистонга бормасликни афзал билиши айтилади.

2012 йили ҳамроҳи билан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларини кўришга борган Қозоғистон фуқароси Ермек Космагамбетов Қозоғистонга қайтар чоғида ўзбек чегарачилари томонидан ноутбуки текширилади.

Сайёҳнинг компютеридан диний ўгитлар аксланган видеолар топган чегарачилар Ермекни қўлга олишади.

Ермек Космагамбетов "эктремизм, сепаратизм ва терроризм тарғиб қилувчи материаллар контрабандаси" айби билан 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Жанубий Кореядан транзит орқали Қозоғистонга учаётган қозоғистонлик Воҳиджон Ниёзов билан ҳам худди шу каби ҳолат рўй берган.

Диндор Воҳиджон Ниёзов ўзбек чагарачиларининг эътиборини унинг соқоли тортган бўлиши кераклигини айтган.

2016 йилнинг 23 июлидан яқинларининг хабарисиз Тошкент халқаро аэропортида ушланган Воҳиджонни ҳам "эктремизм, сепаратизм ва терроризм тарғиб қилувчи материаллар контрабандаси" билан гумон қилишган.

Воҳиджон Ниёзов Тошкент ҳибсхонасида 4 ой ўтиргач, 12 октябрда қабул қилинган амнистия туфайли озодликка чиқди.

Кузатувчиларга кўра, божхона, чегара ва ички ишлар ходимларининг аксар ҳолатларда асоссиз, баъзида эса таъмагирлик йўлида иш тутишлари тубдан йўқ қилинмагунига қадар, қарор ва фармонлар Ўзбекистонда туризмнинг ҳақиқатдан ҳам ривожланиб кетишига сабаб бўлолмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг