UzWebiston: "Эшак гўшти ҳақида ёзманг"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screen shot
Image caption UzWebiston: "Эшак гўшти ҳақида ёзманг"

Ўзбекистондаги upl.uz сайти бошқа веб нашрларни Самарқандда топилган эшаклар қабристони ва ердан ташиб кетилган минглаб килограмм эшак гўшти тақдири ҳақидаги хабарларни чоп қилмасликка чақирган.

Нашрга кўра, бу каби хабарлар Ўзбекистонга келмоқчи бўлган сайёҳларни чўчитиб юбориши мумкин.

"Мамлакатимиздаги турли сайтларни варақлар экан, қаттиқ ҳижолатга тушамиз, баъзан бу ҳолга тушунмасдан ажабланамиз. Бизда битта савол пайдо бўлади: Нима учун? Катта аудиторияга эга сайтлар ўқувчиларнинг фойдасига хизмат қилмайдиган бўлмағур нарсаларни чоп қилади", - деб ёзилади хабарда.

Universal portal last news (upl.uz) сайтига кўра, Самарқанд шаҳри яқинида топилган эшаклар қабристони ҳақида ёзилган хабарларни ўзбекистонликлар билан бирга чет эллик сайёҳлар ҳам ўқиб қолиши мумкин.

"Улар (эшак гўшти ҳақида ёзган журналистлар) биз ҳақимизда ўйлаяпти, дейсизми? Юртимизда туристларнинг маркази бўлган, муқаддас диёр, буюк аждодларимизнинг ватани бўлмиш Самарқанд ҳақида ўйлайди дейсизми? Албатта йўқ!", - дейилади хабарда.

Нашрга кўра, бу каби хабарларни чоп қилган журналистлар Ўзбекистонни шарманда қилмоқда.

Бунгача Ўзбекистонда бир неча ахборот сайтлари, блоггерлар ва маҳаллий телевидения Самарқанд тумани Хишрав посёлкасидаги эшаклар қабристони ҳақида хабарлар чиқарган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эшак гўшти ҳақида машмаша биринчи марта ва фақат Ўзбекистонда тарқаётгани йўқ

Kun.uz сайти Самарқанддаги STV телеканали лавҳасидан хулоса қилиб, Самарқандда эшак гўштидан таом тайёрланиб сотилган бўлиши мумкинлигини ёзди.

Машмашага вилоят миқёсида раҳбарият ўз эътиборини билдириб, ушбу ишни ўрганиш вазифаси топширилган.

Самарқандлик журналист ва блоггер Тошпўлат Раҳматуллаев nuz.uz сайти учун олиб борган журналистик тадқиқоти натижасида эшак гўшти билан боғлиқ можаро ҳали ҳам давом этаётганини ўрганган.

У билан ҳамсуҳбат бўлган маҳаллий одамларнинг гапидан эшаклар қабристони фош бўлгач, бу иш билан шуғулланаётган одамлар эшакларни бошқа ерда сўйиб, гўштини олиб кетаётганини билдиришган.

Воқеа жойига бориб кўрган журналист Тошпўлат Раҳматуллаев юзлаб эшак суякларига кўзи тушганини ёзган.

Маҳаллий одамлар айтишича, ушбу эшакларни сўювчилар гўштини Самарқанддаги ҳайвонот боғига олиб кетаётганини билдирган.

Бироқ журналист Раҳматуллаев Самарқандда ҳайвонот боғи йўқлиги сабаб унинг гўшти бошқа мақсадларда ишлатилган бўлиши мумкинлигини ёзган.

Блоггер Санжар Саид Самарқанд яқинида сўйилган минглаб кило эшак гўштларидан лавашдан тортиб қийма кабобгача тайёрланган бўлиши мумкинлигини ёзади.

"Юзлаб эшаклар сўйилиб, гўшти аллақаёқларга олиб кетилган, аниққи, уларни нималардир ёки кимлардир истеъмол қилган. Эҳтимол биз севиб ейдиган лаваш, мазали қиймали кабобга ишлатилгандир, балки қайнатма шўрвага солингандир, колбаса ёки сосискаларга қўшиб юборилгандир?! Кимдир ўртага чиқиб шу гапларим мутлақо нотўғри, шубҳаларим ўринсиз эканига мени ишонтиришини, ҳар бир гумонимга қарши аниқ далиллар келтиришини қанчалар истаётганимни билсангиз эди", - дейилади Санжар Саид томонидан ёзилган блогда.

Самарқанд туманидаги эшаклар қабристони сув омбори акваториясида топилган. Масъуллар ушбу қолдиқлар сувга тушган ё тушмаганини текширишган. Ҳодиса юзасидан тергов суриштирув ишлари бошлангани маълум қилинган.

Эшак гўшти машмашаси ижтимоий тармоқларда ҳам муҳокама қилинган.

Фойдаланувчиларнинг ёзишича, эшак гўштидан таом тайёрлашда фойдаланиш Ўзбекистонда янгилик эмас.

Бошқа вилоятларда ҳам эшак гўштидан тамаддихоналарда таом пишириш ва колбасаларга қўшиш ҳақида хабарлар одамлар орасида олдин ҳам чиққан.

Бироқ бу каби хабарлар Ўзбекистонда нашр этилувчи сайтларда ёзилмаган.

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг бу каби хабарлар маҳаллий сайтлар ва ҳатто маҳаллий телеканалларда кўрсатила бошланди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар