Ўзбекистонда илк 159чи озод қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи ИГНПУ
Image caption Озод этилган Зиёмиддин Суннатиллаев оиласи даврасида

Диний айбловлар билан маҳкамага тортилган ўзбекистонлик йигитнинг озодликка чиқарилишини ҳеч ким кутмаганди.

Бироқ Тошкентдаги маҳкама жорий ҳафта Зиёмиддин Суннатиллаевга 3 йил 7 ойлик шартли жазо тайинлади-да, кейин уни озодликка чиқаришга қарор қилди.

Маълум бўлишича, Зиёмиддин ҳукмгача ҳибсда бўлган. У билан бирга маҳкамага тортилган яна икки йигит эса тергов пайтида ҳам очиқда юрганлар.

"Бундай воқеага илк марта гувоҳ бўлдим" - дейди бу борада хабар тарқатган тошкентлик ҳуқуқбон Сурат Икромов - "Чунки 244- ва 159-моддалар камида 5 ё 7 йиллик қамоқ жазосини кўзда тутарди".

Фаолларга кўра, айни ҳукм ягона ҳолат эмас ва ҳозир бошқа моддалар бўйича енгилроқ жазо олганлар озодликка чиққан ҳоллар бор.

"Тақиқланган ташкилотлар тузишни кўзда тутувчи 216-модда билан 2-3 йиллик қамоққа ҳукм қилинганлардан баъзилари яқинда чиқарилди" - дейди суҳбатдошимиз.

Янги президент, янги қонун

Олдинроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида диний маҳкумларни таҳқирлаш ва калтаклаш ҳоллари камайган, уларга муносабат яхшиланмоқда.

Бу маълумотларни бевосита текшириш имкони йўқ, лекин унинг ҳақиқатга яқинлиги эҳтимоли айтилмоқда.

"Янги президент бўлди ва милиция ҳақида янги қонун чиқди " - дейди Сурат Икромов - "Қариндошлар ҳам қийноқлардан шикоят қилишмаётганига қарасак, маҳкумларга нисбатан ҳозир бироз илиқ муносабат бошланган кўринади".

"Олдин юқоридан қамоқхоналарга оғзаки буйруқ юбориб, муайян шахсларни ё диний маҳкумларни қийнаш ва таҳқирлаш буюрилган, янги қонун бўйича энди бундай қила олишмайди".

13 минг маҳкум

Маҳаллий фаолларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистондаги диний маҳкумлар сони 13 мингдан ошиб кетган. Бироқ уларнинг барчаси озод қилинишига ишонч катта эмас.

"Уларнинг ҳаммасини чиқаришмаса керак, аммо 214- ёки 244-моддалар билан айбланган айримлари кейинчалик авф этилиши ёки озод қилиниши мумкин" - дейди Сурат Икромов.

Кузатувчилар диний маҳкумлар сони бўйича Ўзбекистонни собиқ СССРда биринчи ўринга, дунё миқёсида эса Миср ё Хитойдан кейинги қаторга қўйишади.

Конституцион тузумга тажовуз қилиш ё унга уриниш ҳаракатларини кўзда тутувчи 159-модда 1999 йилдан эътиборан Ўзбекистонда кенг қўллана бошланган.

Халқаро ва маҳаллий кузатувчиларга кўра, судлар мустақил бўлмаган шароитда, қийноқ ва калтак остида олинган иқрорларга таянган ҳолда юзлаб, балки минглаб ҳукмлар чиқарилган.

Мустақил диндорлар, хусусан, Ҳизбут Таҳрир аъзолари шу каби айбловлар билан 10-15 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилганлар.

Таҳлилчиларнинг айтишича, Ўзбекистонда иқтисодий шароит яхшиланиб, ишсизлик муаммолари ҳал этилса, коррупция ҳамда қонунсизлик йўқотилиб, эркин диний эътиқодга шароит яратилса, ёшларнинг турли оқимларга кириб кетиши ҳам камаяди.

Ўзбек оилалари қанчалик катталиги назарда тутилса, 13 минг диний маҳкум ортида турган қариндошлари сони бир неча юз мингга етиши мумкин.

Улар эса, ўзлари айтмоқчи, зўравонликка қўл урмаган, балки фақат ғоя ёйишга уринган жигарбандларини узоқ йиллик қамоққа ташлаган давлатни севишлари осон бўлмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ