Шавкат Мирзиёев: 'Ўзбекистонда кадрлар етишмайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Мирзиёевга кўра, "раҳбар кадрларини қайта кўриб чиқиш лозим"

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда ижтимоий-иқтисодий соҳада раҳбар лавозимларга лойиқ малакали кадрларнинг етишмаслигини айтган.

Бу ҳақда у чоршанба куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қилган инаугурацион нутқида гапирган.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ўзи режалаётган ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиш учун бошқарув тизимини ўзгартириш керак бўлади.

"Ҳозирги вақтда давлат ва ҳокимият идораларида кўп ҳолларда кадрлар салоҳиятидан фойдаланиш, уларнинг вазифа ва ваколатлари тақсимоти оқилона ва самарали йўлга қўйилмагани сезилмоқда. Энг ёмони, бу ҳолат ишимизга халақит бермоқда. Бир идорани қарасангиз, юзлаб одам номига ишлаб ўтирибди. Бошқа идорани қарасангиз, иш кўп, вазифа кўп, лекин ишлайдиган одам, кадр етишмайди", деган Президент.

"Ҳар бир давлат хизматчиси, - деган у. - ... ўз аравасини ўзи тортиши лозим".

Мирзиёев "кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга доир дастурни ишлаб чиқиш вақти келган"лигини айтган.

Бу амалда Ўзбекистонда 1997 йил августида қабул қилинган "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури" муваффақиятсизликка учраганининг эътироф этилишини англатади.

Мирзиёев ўз нутқида ушбу дастурни тилга олмаган.

'Кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади'

Марҳум президент Ислом Каримов "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури"ни мамлакатдаги кадрлар сиёсатининг тамали, дея тақдим этиб келган.

Аммо таҳлилчилар ушбу дастурга у ёки бу соҳа бўйича мутахассисларнинг ҳам "кадрлар" сифатида киритилгани, амалда аналитик фикрлаш қобилиятига эга ва лидерлик салоҳияти мавжуд профессионал кадрларнинг бошқарувдан четда қолиб келганини айтишади.

Уларга кўра, кадрлар сиёсати шахсий садоқат ва қариндош-уруғчилик тамойилларига асосланиб келган.

Мирзиёев бошқарувдаги кадрларнинг асосий ўчоғи ҳисобланиб келган Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси "ўзига юклатилган вазифани мутлақо уддаламаётгани"ни айтган.

Унга кўра, "академияни ҳам, унинг иш услубини ҳам тубдан ўзгартириш ва раҳбар кадрларини қайта кўриб чиқиш лозим".

Мирзиёев Президент сифатида қасамёдга келтирилганидан икки кун ўтиб, тўртта вилоят ҳокимларини алмаштирган.

Бу ҳақда батафсилроқ ўқиш учун мана бу линкка босинг.

Уларнинг ишдан олинишига Бош вазирнинг Виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар билан ишлашдаги камчиликлари асос қилиб олинган.

Ўз нутқида Мирзиёев халқ билан ишламайдиган раҳбарлар билан "хайрлашиш"ларини айтган.

Унинг айтишича, янги йилдан эътиборан барча вилоят ва туман ҳокимларининг халқ олдида ҳисобот беришлари йўлга қўйилади.

Давлат раҳбари шунингдек, сенатор ва депутатларни ҳам бир ойлик иш кунларининг қарийб ярмини вилоят ва туманларда ўтказиш, одамларнинг муаммоларини яқиндан ўрганишга чақирган.

Эски ҳаммом, эски тос?

Таҳлилчиларга кўра, Мирзиёевнинг ҳокимларни алмаштириш жараёни Каримов давридагидан фарқ қилмаган ва ҳозирча кадрлар сиёсати тубдан ислоҳ қилинишининг белгилари йўқ.

Мирзиёевнинг ўтмишда коррупция можаросига аралашган Абдулла Ариповни Бош вазир лавозимига тайинлаши таҳлилчилар томонидан "ёмон ишора" дея талқин қилинган.

Уларга кўра, Мирзиёев ва ЎзЛиДЕП "ислоҳотчи" дея тақдим этган Арипов ҳукумати таркибига кирган мулозимлар орасида "ислоҳотчилар" бор, деб айтиш қийин.

Аммо Ўзбекистонда қарор топган ҳокимият вертикали инобатга олинса, ислоҳотларнинг тақдири ҳукумат аъзоларининг малакасидан кўра ҳам кўпроқ Мирзиёевнинг сиёсий иродасига боғлиқ бўлиб қолади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар