"Муҳаммад Бекжонов зудлик билан озод этилсин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Human Rights Watch
Image caption Журналистик фаолияти учун энг кўп муддатни қамоқда ўтказаётган Бекжоновнинг соғлиғи ёмонлашгани айтилади

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қатор ташкилотлар, хусусан Ҳюман Райтс Вотч ва Халқаро Амнести Ўзбекистон ҳукуматидан 17 йилдирки қамоқда қолаётган журналист Муҳаммад Бекжонни озод қилишни сўрашмоқда.

62 ёшли Муҳаммад Бекжонов келгуси январда озод этилиши кутилаётганди, аммо шу кунларда жазо изоляторига ташланган. Ҳуқуқ ташкилотларига кўра, одатда бунинг ортидан тутқуннинг жазо муддати узайтирилади.

Бекжонов оиласига кўра, у Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 48-турмада сақланмоқда. Унинг акаси Жуманазар Бекжонов 13 декабрь куни уни кўришга борганида, турма расмийлари у жазо изоляторида экани ва 10 январгача уни кўриш мумкин эмаслигини айтганлар.

Турмадаги биронта расмий у нега ва қачон жазо изоляторига ташланганини айтмаганлар.

Журналистик фаолияти учун энг кўп муддатни қамоқда ўтказаётган Бекжоновнинг соғлиғи ёмонлашгани айтилади.

"Унинг аҳволи жазо изоляторида янада ёмонлашиши мумкин. Ўзбекистон ҳукумати ва Президент Шавкат Мирзиёев унинг зудлик билан ва шартларсиз озод этилишини таъминлашлари керак", - дейилади Ҳюман Райтс Вотч баёнотида.

Муҳаммад Бекжонов таниқли мухолифатчи ва шоир Муҳаммад Солиҳнинг укасидир. 1990-йиллар бошларида Муҳаммад Бекжонов ёпиқ мавзулар, хусусан иқтисод аҳволи, пахта далаларидаги мажбурий меҳнат ва Орол фожеаси ҳақида мунозараларни бошлашга уринган.

Унинг акаси Муҳаммад Солиҳ 1991 йилги президентлик сайловларида Президент Ислом Каримовга қарши ўз номзодини қўйганди.

"Каримов 1999 йилда Тошкентда юз берган портлашлардан ўз танқидчиларини тинчитиш йўлида фойдаланди ва уларни ҳужумга алоқадор деб топди. Кўпгина демократпараст фаоллар қатори Бекжонов ҳам шу йўлда судга тортилиб, 15 йилга қамалди. Бекжонов билан бир вақтда ҳибсга олинган яна бир Эрк журналисти Юсуф Рўзимуродов ҳам ҳали ҳам қамоқда", - дейилади баёнотда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Ўзбекистон Сенати 12 октябрда қабул қилган амнистия 60 ёшдан ошган тутқунлар озод этилишини назарда тутади ва қонунан Бекжонов озод этилиши керак.

"Сўз эркинлигидан фойдалангани учун қамалган Муҳаммад Бекжонов ва бошқаларнинг зудлик билан озод қилиниши янги президент Шавкат Мирзиёев томонидан берилган ижобий ишора бўлган бўларди. Бу билан у Ўзбекистоннинг ўта ёмон инсон ҳуқуқлари вазиятини ислоҳ қилишга уринаётгани тушунилган бўларди", - деди ҲРВнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар