Лондонда ўлдирилган ўзбек аёл шахси аниқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Evening Standard
Image caption Эшбобоева Вобэрн Клоуз кўчасидаги уйда топилган

Лондон шарқидаги Темзмид туманида ўлик топилган аёлни терговчилар ўзбекистонлик 29 ёшли Умида Эшбобоева эканини билдиришди.

Бу ҳақида Лондонда нашр этилувчи Evening Standard газетаси хабар тарқатди.

Аёл душанба куни Темзмиднинг Вобэрн Клоуз кўчасидаги уйда оламдан ўтган.

Уй яшовчилари хавфсизлиги борасида хавотирлар пайдо бўлиши ортидан полиция душанба куни соат 19:45да унга рейд уюштирган.

Ичкарида жароҳат олган икки киши топилган.

Умида Эшбобоева айни жойда соат 21:30 атрофида ўлик дея қайд этилган.

Полициянинг билдиришича, уй ичида бўлган 35 ёшли эркак киши қотилликда гумон қилиниб ҳибсга олинган.

Гумондор жароҳатлари туфайли аввалига Лондондаги касалхонага олиб борилган, сўнгра полиция идорасига олиб кетилган. У ҳозир ҳибсда қолаётгани айтилади.

Скотланд Ярднинг билдиришича, Умида Эшбобоеванинг шахси расман аниқланмаган, аммо терговчилар унинг кимлигини билишларини ишонч билан айтганлар.

Терговчилар қотиллик маиший жанжал туфайли юз берган бўлишига ишонадилар.

Айни дамда мазкур ҳодиса борасида ҳар қандай маълумотга эга бўлган шахслар полицияга мурожаат қилиши сўралди.

Марҳум аёлнинг қариндошлари хабардор этилган ва жасад тиббий экспертизага топширилган.

Эшбобоевани Британияда таниганини айтган аёл Фейсбукдаги "Uzbeks in the UK" (Британиядаги ўзбеклар) саҳифасида марҳумни Ўзбекистонга юбориш бўйича пул йиғаётганини маълум қилди.

"Қашқадарёлик ватандошимиз Эшбобоева Умида бевақт ўлими сабабли ёруғ дунёдан кўз юмди. Марҳумнинг ортидан 3 фарзанди етим қолди, айни пайтда 1,5 яшар қизалоғи Британияда ёлғиз қолди. Қизалоқ ва марҳумни Ўзбекистонга жўнатиш учун имкониятингиз кўтарган ҳолда ёрдам қилишингизни сизлардан сўраб қолардик", - дейилади мурожаатда.

Мурожаатга банк ҳисоб рақамлари илова қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар