Мусулмонлар тақдиридан жиддий хавотир

Рохинга мусулмони Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Инсон ҳақларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи бу халқаро ташкилот Мянмар ҳарбийларини "инсониятга қарши жиноятларни содир этаётганлик"да айблаб чиқди.

'Amnesty International' нинг бу баёноти Рохинга мусулмонларига қарши сўнгги зўравонликларга оид хабарлар ортидан янграган.

Халқаро ташкилот ўзининг янги ҳисоботида Мянмар ҳарбийларини оддий одамларни ўлдириш, жинсий зўрлаш, қийнаш ва талашда айблаган.

Ўз навбатида, ҳарбийларнинг бу амалларини "инсониятга қарши жиноятларга тенглаштириш мумкин"лигини айтган.

Аммо, Мянмар ҳарбийларининг рад этишларича, бу каби ваҳшийликларга қўл уришмаган.

Ракхайн штатидаги хатти-ҳаракатлари эса, аксилтеррор рейдлари бўлган, холос.

Халқаро Амнистиянинг янги ҳисоботи минтақа лидерларининг Ракхайндаги зўравонликларга оид Янгон йиғини арафасида эълон қилинган.

Мянмарнинг де-факто раҳбари бўлган Аун Сан Су Чжи хонимлари эса, аввалига бу йиғинга рўйхўшлик бермаган.

Халқаро ҳамжамиятни Рохинга мусулмонларининг тақдирини кун тартибига олиб чиқиш билан вазиятни издан чиқаришда айблаган.

Аммо минтақадаги икки йирик мусулмон давлати: Индонезия ва Малайзиянинг аралашуви ортидангина бунга рози бўлган.

Asean ташкилотининг аъзо давлат ички ишларини муҳокама қилиш ҳоллари эса, ўта камдан-кам кузатилади.

"Инсоний ҳалокат"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бу халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотининг билдиришича, бу каби хулосага келишдан аввал 35 нафар жабрдийда, Мянмарда инсонпарварлик ва журналистик фаолиятда банд 20 кишининг фикрларини ўрганган.

Ўзбошимча қотилликлар, ҳибслар, жинсий зўравонликлар, қийноқлар, ташмалашлар, мингдан ортиқ турар-жой, мактаблар ва масжидларнинг вайрон этилишини "инсоний ҳалокат"га тенглаштирган.

Халқаро Амнистияга кўра, Мянмар ҳарбийларининг бу амаллари "шимолий Ракхайн штатидаги Рохинга мусулмон озчилигига қарши кенг кўламли ва давомий ҳужумларининг бир қисми"дир.

Мянмар ҳукумати журналистлар ва ёрдам ходимларининг ҳудудга киришларини тақиқлаб қўйгани боис, штатдаги сўнгги зўравонликларда аниқ қанча тинч фуқаронинг ўлдирилгани маълум эмас.

Халқаро ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, зўравонликлар бошланган ўтган йил октябр ойидан буён 30 мингга яқин Рохинга мусулмонлари қўшни Бангладешга қочиб ўтишган.

'Amnesty International', ўз навбатида, Бангладеш ҳукуматини бу каби қочқинларни зўр бериб ортга қайтаришга уринишда ҳам айблаган.

Энг сўнггида эса, Мянмар ҳукумати ва Аун Сан Су Чжини Рохинга мусулмонларига қарши зўравонликларга чек қўйиш, бу каби ҳуқуқбузарлик ҳолларини очиқча қоралаб чиқиш, Ракхайнга бемалол киришга изн бериш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан холис тергов ўтказилишига рухсат беришларига чақирган.

Аммо

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Мянмар ҳукумати собиқ генерал ва мамлакат вице-президенти Мьинт Суе бошчилиги остида ўз тергов гуруҳини тузган.

Ракхайн штатидаги муаммоларга узоқ муддатли ечим топиш учун БМТ собиқ Бош котиби Кофи Аннан раислик қилувчи Маслаҳат Ҳайъатини ҳам таклиф этган.

Аун Сан Су Чжининг баён қилишича, ҳукумати бу йўлда етарлича иш олиб бормоқда, халқаро ҳамжамиятнинг нияти эса, фақат вазиятни издан чиқаришдан иборат.

Аҳолисининг аксариятини буддавийлар ташкил қилувчи Мянмарда Рохинга мусулмонлари ноқонуний муҳожирлар сифатида кўрилади.

Ракхайн штатида этник зўравонликлар кучайиб борар экан, улар узоқ йиллардан буён таъқиб ва тазйиқлар остида яшаб келишади.

Шу йил ноябр ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Мянмарни "этник тозалашлар"да айблаб чиққан.

"Хьюман Райтс Вотч" ташкилоти эса, қишлоқлар ер билан битта қилингани акс этган сунъий йўлдош орқали олинган суратларни эълон қилганди.

Янгондаги йиғинда Аун Сан Су Чжи ўзи истаса-истамаса ўтган икки ой ичида Ракхайн штатида юз берган ҳодисалар юзасидан ҳисоб беришга мажбур бўлади.

Аммо аллақачон унинг бу чиқиши қанчалик холис бўлиши савол остига олиб бўлинган.

Аун Сан Су Чжи шу пайтгача дипломатлар билан хос йиғинларида ўз ҳарбийлари қонунга мувофиқ иш тутиб келишаётганини таъкидлаб келган.

Улар томонидан содир этилаётган "ваҳшийликлар"га оид баёнотларни ҳамиша рад этган.

Бу воқеалар барчасига ўтган йил октябр ойида чегара полиция зобитларининг жангари гуруҳи томонидан ҳужумга тутилиши сабаб бўлган.

Халқаро Амнистия бу ҳужумчилар аксариятининг рохингалар бўлганини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар