Лола Каримова-Тиллаева яна тақдирланди

Лола Каримлва Фото муаллифлик ҳуқуқи Instagram

Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи бу гал Халқаро Олимпия Қўмитасининг мукофотига сазовор кўрилган.

Лола Каримова-Тиллаевага қўмитанинг "Аёллар ва спорт" дипломи топширилди.

У бу ҳақда ўзининг турли ижтимоий мулоқот тармоқларидаги саҳифалари орқали маълум қилган.

"Бундан ниҳоятда хурсанд ва фахрда" эканини билдирган.

Лола Каримова-Тиллаеванинг ўз изоҳи тафсилотларидан маълум бўлишича, "спортда гендер тенгликни илгари суришга қўшган ҳиссаси учун" Халқаро Олимпия Қўмитаси томонидан ушбу мукофотга лойиқ, деб топилган.

Ўзбекистон марҳум президентининг кенжа қизи, ўз навбатида, бунинг учун қўмита президенти Томас Бахга миннатдорчилик билдиришни ҳам унутмаган.

Лола Каримова-Тиллаеванинг яна бир "мукофот билан тақдирлангани"га оид хабар шу соатларда Ўзбекистондаги ва минтақага ихтисослашган деярли ҳеч бир интернет нашрининг эътиборидан четда қолмаган.

Яна бир мукофот

Бу - Лола Каримова-Тиллаева ўтган етти ой ичида қўлга киритган иккинчи халқаро мукофот бўлади.

Шу йил май ойида Ўзбекистон матбуотида Лола Каримова-Тиллаеванинг 'Global Gift' хайрия фонди томонидан таъсис этилган гуманитар мукофот билан тақдирлангани ҳам эълон қилинган.

Хабарларда тақдирлаш маросими Франциянинг Канн шаҳри бўлиб ўтгани айтилган.

Мукофотнинг ўзини эса, фонд номидан актриса ва филантроп Ева Лонгория топширгани маълум бўлганди.

Лола Каримова-Тиллаева айни хабар юзасидан Би-би-си Ўзбек Хизматига йўллаган ёзма эътирофида "...ўзлари олиб бораётган ишга бошқа хайрия ташкилотлари томонидан шундай катта эътибор кўрсатилганидан бениҳоят мамнун" эканликларини изҳор этганди.

Бошқа томондан, Лола Каримова-Тиллаеванинг Халқаро Олимпия Қўмитаси махсус дипломи билан тақдирланганига оид хабар отаси - президент Ислом Каримов вафотидан қарийб тўрт ойча ўтиб кузатилмоқда.

Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ вақт давомида бошқариб келган президент Ислом Каримов шу йилнинг 2 сентябр куни 78 ёшда экан, миясига қон қуйилиши оқибатида кутилмаганда ҳаётдан кўз юмган.

4 декабр куни муддатидан илгари чақирилган президент сайловида Бош вазир ва муваққат президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги президенти этиб сайланганди.

Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов эса, ҳали ҳаёт экан, ўтган йил июнь ойида "Спорт ва Оимпия ҳаракатини ривожлантиришдаги буюк хизматлари учун Халқаро Олимпия Қўмитасининг медали, шунингдек, Ўзбекистон ва Осиёда футболни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Осиё Олимпия Кенгашининг мукофоти билан тақдирланган.

Ислом Каримовга бу мукофотларни Оқсаройда Халқаро Олимпия Қўмитаси Президенти Томас Бах, Осиё Миллий Олимпия қўмиталари Ассоциацияси ва Осиё Олимпия Кенгаши Президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳад ал-Сабоҳлар топширишгани хабар берилганди.

Лола Каримова-Тиллаева

Лола Каримова-Тиллаева президент отаси ҳаётлигидан тортиб, шу кунгача Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО жамғармаси қошидаги доимий вакиласи бўлишдан ташқари, Ўзбекистондаги икки йирик жамоатчилик хайрия болалар ташкилоти Васийлик кенгаши раисаси саналади.

Худди шунинг баробарида Ўзбекистон Гимнастика Федерацияси президенти, Осиё Гимнастика Иттифоқининг фахрий президенти ва агар, интернетда имконли бўлган айрим маълумотларга таянилса, Москва Давлат университетининг Тошкентдаги филиали раҳбари муовини ҳам бўлади.

Лола Каримова-Тиллаева шу йил ноябр ойида онаси Татьяна Акбаровна Каримова билан марҳум Ислом Каримов номидаги жамоатчилик хайрия жамғармасини таъсис этганликларини ҳам маълум қилганди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, 2016 йилги Рио Ёзги Олимпия ва Паралимпия Ўйинлари ўзбекистонлик спортчилар учун рекордлиси бўлган, улар бу гал мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган сонда медалларни қўлга киритишган.

Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси эса, айнан Риода ўз тарихида илк бор Ёзги Олимпиада Ўйинларида беллашиб кўрганди.

Таъкидлаш жоиз, бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги Осиё Ўйинларининг ғолиби, амалдаги Осиё чемпиони ҳам саналади.

Риодагиси билан ўз карьераси давомида кетма-кет еттинчи Ёзги Олимпиада Ўйинларида беллашган ўзбекистонлик афсонавий спорт гимнастикачиси Оксана Чусовитина яқинда номи Гиннеснинг рекордлари китобида расман қайд этилганини маълум қилганди.

Марҳум Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова эса, ўтган икки йил давомида мутлақо жамоатчиликка кўрингани йўқ.

Ғарбдаги маҳкама ишларида номи бир неча бор тилга олинган Гулнора Каримова ўз отасининг жанозасига ҳам яқин йўлатилмади.

Айрим манбаларда Гулнора ҳамон уй қамоғида, Тошкентда сақланаётгани айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати эса Ислом Каримовнинг тўнғич қизи тақдири борасида ҳозирга ҳеч қандай маълумот бергани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг